Адашлари кўпаяётган Азизбек

Рейтинг:  0 / 5

Звезда не активнаЗвезда не активнаЗвезда не активнаЗвезда не активнаЗвезда не активна
 

Бу йил 40 йиллик юбилейини нишонлайдиган Наманганнинг “Навбаҳор” клуби жорий мавсумда ўз олдига юксак мақсадлар қўйган. Жамоа XXVII миллий чемпионатимизда бронза медаллари сонини 9тага етказиш ниятида. Шу мақсадда клуб раҳбариятида ҳам сезиларли ўзгаришлар юз берди.

Бундан ташқари, “Навбаҳор”нинг либоси ранги, логотипи, вимпели ҳам ўзгарди. Қисқаси, жамоа янги мавсум олдидан улкан ўзгаришларга қўл урди. Албатта, наманганликларнинг ўз олдиларига қўйган мақсадларини амалга оширишда футболчилар ҳам катта роль ўйнашади. “Лочинлар” таркибида эса бундай ўйинчилар кўпчиликни ташкил этади. Шундай футболчилардан бири – ўтган йилги мавсум кашфиёти Азизбек Турғунбоев. XXVI миллий чемпионатимизда мазкур ярим ҳимоячи “Навбаҳор” таркибида 29та ўйинда майдонга тушиб, 2088 дақиқа тўп сурди ва рақиблар дарвозасига 8та тўп киритиб, 6та голга ассистентлик қилди. Янги мавсумда ҳам мухлисларнинг Азизбек Турғунбоевдан умидлари катта. Шуни инобатга олган ҳолда ҳамда ушбу хавбекни ишқибозларга яхшироқ таништириш мақсадида биз Азизбек Турғунбоевнинг хонадонига ташриф буюриб, ота-онаси ва келинойисидан интервью олдик.

Футболчининг ўзи эса “Навбаҳор” билан пойтахтимизда ўқув-машғулот йиғинини олиб бораётганлиги сабабли, у билан телефон орқали қўнғироқлашиб, мулоқот уюштирдик.   

Муроджон Ҳайдаров (отаси): - Уч нафар – 2 ўғил, 1 қиз фарзандимиз бор. Азизбек кенжа фарзанд. Акаси Улуғбек ўсимликлар учун кимёвий модда ишлаб чиқарадиган заводда ишлайди, опаси Мафтуна мактабда ўқитувчи.  Бизнинг етти пуштимиз темирчи ўтган. Азизбек барча қариндошларимиз орасида ягона спортчи, аниқроғи, футболчи.

У дастлаб 3 йил мобайнида таэквондо билан шуғулланди. Аммо кейинчалик футболга бўлган қизиқиши устунлик қилди. Ундаги миллионлар ўйинига бўлган қизиқиш жиддийлигини кўриб, қишлоғимиздаги мактабнинг бошланғич синфини тамомлаганидан сўнг, Наманган шаҳридаги 15-сонли футбол мактаб-интернатига ўқишга олиб бордим. Иқтидорли бўлганлиги учун имтиҳондан қийналмай ўтиб, мазкур ўқув даргоҳида таҳсил олишни бошлади. Футбол мактаб-интернатининг 9-синфини тамомлаганидан сўнг, Намангандаги олимпия захиралари коллежида таҳсилни давом эттирмоқчи бўлди. Аммо айрим сабабларга кўра, бу ниятига етолмади. Натижада касб-ҳунар коллежида ўқиди. Ўқиш давомида “Навбаҳор” клубига қарашли “Навбаҳор-Умид” футбол мактабида раҳматли Тоҳир Мадраҳимовнинг қўл остида машғулотлар олиб борди.

Бахтиёр Ашурматов “Навбаҳор”ни бошқарган пайтда, уни асосий таркибга жалб қилиб, бир-иккита ўйинларда майдонга туширди. Александр Волков даврида “Навбаҳор”да кўпроқ тўп ўйин амалиётига эга бўлди.

Илҳом Мўминжонов ўтган мавсумда фарзандимни асосий таркибга жалб этди. Азизбек унинг ишончини оқлашга ҳаракат қилиб, жамоанинг ғалабаларига муносиб ҳисса қўшди.  Футболчилик осон касб эмас. Албатта, Азизбекнинг ҳам қийналган, йиғлаган пайтлари бўлган. Ўша пайтда унга руҳий далда бериб, руҳини кўтариб, ҳали ҳаммаси олдинда эканлигини уқтирганман. Мана энди мевасини кўриб турибман.

Азизбек мактабда аниқ фанлардан доимо аъло баҳо оларди. Лекин миллионлар ўйинига бўлган қизиқиши устунлик қилди. Уни футболчи бўлганлигидан хурсандман. Боиси, Поп туманидан спортчилар кам чиққан. Энди эса Азизбекка ҳавас қилиб, туманимиз ва хусусан, қишлоғимизда футболчи бўлишни ният қилган болалар сони кўпайди.

Азизбекка доимо ўз маслаҳатларимни бераман. Жумладан, рақибга жароҳат етказмасликка ҳаракат қилишини уқтираман. Ахир, гарчи у майдонда рақиб саналсада, аслида ҳамкасб ҳисобланади.

Ўтган мавсумда “Навбаҳор” ғалаба қозонганида табриклаб, мағлубиятга учраганида кўнглини кўтариб турдим. Баъзан рақиб жамоа аъзоси билан тўқнашиб кетганида, хавотирландим ва жароҳат олишидан чўчидим. Худога шукр, Азизбек учун ўтган мавсум ҳар томонлама ижобий якунланди.

Ўтган йилги ёрқин ўйинлари эвазига Азизбекка мавсумлар оралиғида “Пахтакор” ва “Насаф” каби кучли клублардан таклифлар тушди. Аммо унга “Навбаҳор”ни ташлаб кетмасликни маслаҳат бердим. Боиси, наманганликлар сингари ашаддий мухлисларни бошқа ҳеч қаерда учратмайсиз.

Улар “Навбаҳор”нинг барча футболчиларини ҳурмат қилишади ва жамоа ижобий натижага эришса, кўкларга кўтаришади. Бундан ташқари, у кўз ўнгимизда тўп суради.

Янги мавсумда “Навбаҳор”нинг олдига жиддий вазифа қўйилди. Буни адо этиш йўлида барча жамоадошлари сингари Азизбек ҳам қўлидан келганича ҳаракат қилиши тарафдориман.

Муҳтарам Шарипова (онаси): - Отам ва қайнотам ашаддий футбол мухлиси ҳисобланишади. Шу сабабли бўлса керак, мен ҳам болалигимда дадам билан бирга телевизор орқали футбол учрашувларини томоша қилардим. Ўтган мавсумда “Навбаҳор”нинг ўйинларини ҳам ойнаи жаҳон орқали кузатдим. Шундай бўлса-да, олдинига Азизбекнинг футболчи бўлишига қаршилик қилганман. Чунки жароҳат олишидан чўчиганман. Аммо турмуш ўртоғим уни мендан яширинча Наманган шаҳридаги футбол мактаб-интернатига олиб кетганлар. Ўғлим футбол мактабида таҳсил олишни бошлаганидан кейин тақдирга тан берганман. Вақтлар ўтиб, фарзандимнинг футболчи бўлганлигидан хурсандман. Боиси, айнан Азизбек сабабли, қишлоқда обрўйимиз анча ошди. Бундан ташқари, барча қишлоқдошлар фарзандимизнинг ўйинини бевосита стадионда кўриш учун Наманган шаҳрига боришади. Бундай имкониятга эга бўлолмаганлар эса учрашувни телевизор орқали кузатишади.

Қисқаси, Азизбек “Навбаҳор”нинг асосий таркибида ўйнай бошлаганидан кейин, унга ҳавас қилиб, кўпчилик янги туғилган чақалоғининг исмини Азизбек қўймоқда. Менга чақалоқларини олиб келиб, дуо қилинг, шу фарзандим ўғлингиз сингари футболчи бўлсин, дейишади. Албатта бундай юксак эътибордан хурсандман.

Азизбек“Навбаҳор”нинг ўйинлари ва йиғини туфайли уйга узоқ муддат давомида келолмайди. Шундай пайтда уни соғинаман. У уйимизга келса, байрамга айланиб кетади. Уни севган таоми палов билан сийлайман. Янги мавсумда “Навбаҳор” ва ўғлимга омад ёр бўлишини тилайман.

Севара Маҳмудова (келинойиси): - Ушбу хонадонга 2015 йили келин бўлиб тушганман. Ўшанда умуман футболга қизиқмасдим. Қайним Азизбек сабабли, миллионлар ўйинига бўлган қизиқиш уйғонди. Телевизор орқали нафақат, “Навбаҳор”, балки Испаниянинг “Реал”, “Барселона” ва “Атлетико”, Англиянинг “Челси” клублари иштирокидаги ўйинларни ҳам кузатаман. Олдинлари умуман футбол қоидаларини тушунмасдим. Ҳозир эса бу соҳада мендан яхши мутахассис йўқ (кулади).

Азизбек камтар, хушмуомала. Ҳар сафар жияни, яъни қизим Шаҳлога совға олиб келади. Жорий мавсумда Азизбек “Навбаҳор” билан бирга ўз олдига қўйган мақсадга етишишига тилакдошман.

Шундан сўнг, “Навбаҳор” билан Тошкентда йиғин ўтказаётган Азиз Турғунбоев билан боғланиб (суҳбат 28 февраль куни ўтказилган), унинг фикрларини ҳам ёзиб олдик.

                            Янги мавсумга тайёргарлик, таркибдаги ўзгаришлар

  • Жорий мавсумга тайёргарлик жараёни жуда қизғин кечмоқда. Машғулотлар билан бирга назорат-синов ўйинлари ўтказиш орқали жисмоний ҳолатимизни яхшилаган ҳолда, жамоавий ўйинни ҳам шакллантирмоқдамиз. Боиси, ўтган йилги таркиб футболчиларидан айримлари жамоамизни тарк этди ва уларнинг ўринларига янги ўйинчилар жалб этилди. Бир-биримизни яхшироқ тушунишимиз учун ўртоқлик учрашувлари жуда зарур. Бу бизга янги мавсумда ҳам ўз самарасини беради.

Жамоамизнинг машғулотларида айни пайтда хорижликлардан сербиялик Дарко Станоевич ва Томислав Пажович иштирок этишмоқда. Улар машғулотларда зўр бериб ишлашмоқда ва ўртоқлик учрашувларида ҳам ўзларининг ижобий жиҳатларини намойиш этишмоқда. Янги мавсумда мазкур футболчилар “Навбаҳор”нинг ғалабаларига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшадилар, деган умиддаман.

Бош мураббийи, жамоанинг бу йилги вазифаси

  • Устозимиз Илҳом ака Мўминжонов анча талабчан ва қизиққон мутахассис. Оддий ўртоқлик учрашувларида ҳам ютқазишни ёмон кўрадиган мураббий. Клубимизнинг олдига жорий мавсумда 3-ўринни эгаллаш вазифаси қўйилди. Жамоамиз бу вазифани бажаришга қодир. Илҳом ака Мўминжонов ўтган мавсумда аҳил-иноқ, бир мақсад сари бирлашадиган, қисқаси, ажойиб жамоа шакллантирди. У ҳамиша биз - шогирдларини қўллаб-қувватлаб турди ва бу якунда ўз мевасини берди. Жорий мавсумда унинг қўл остида олдимизга қўйилган вазифани бажарамиз, деган умиддаман. Ўтган йилги ижобий натижани бу йил ҳам ўша руҳда давом эттирамиз, Худо хоҳласа.

Футболга қизиқиши, “Навбаҳор”га келиши, дебют мавсумдаги ўйини 

  • Миллионлар ўйинига болалигимдан қизиққанман. Бу қизиқиш мени Наманган шаҳридаги вилоят  футбол мактаб-интернатига бошлади. Мазкур таълим даргоҳидаги дастлабки устозларим – Илҳом Абдуқодиров ва Хуршид Йўлдошев. Футболнинг илк сир-асрорларини ушбу мураббийлардан ўргандим.

       Ўқишимни касб-ҳунар коллежида давом эттирдим. Шунда “Навбаҳор”нинг ёшлар жамоасига раҳматли Тоҳир ака Мадраҳимов ва Аҳмад ака Холмирзаев таклиф этишди. “Навбаҳор”нинг асосий таркибига 2015 йили Бахтиёр Ашурматов таклиф этганди. Ўша мавсумда “лочинлар” шарафини 2-3та учрашувда ҳимоя қилдим. Александр Волков “Навбаҳор”ни бошқарган 2016 йили асосий таркибда кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлдим. Ўтган мавсумда Илҳом Мўминжонов менга катта ишонч билдирди ва жами 29та баҳсда майдонга тушдим. Ҳисобимдаги сариқ карточкалар тўрттага етганлиги боис, бор-йўғи битта ўйинда майдонга тушолмадим, холос.

Ўтган йилги намойиш этган ўйинларидан қониқиш ҳосил қилдим. Боиси, асосий таркибдаги дебют мавсумимдаёқ 8та тўп киритиб, 6та голга ҳаммуаллифлик қилдим. Янги мавсумда ўз устимда янада кўпроқ ишлаб, 2017 йилдагидан кўра, яхшироқ натижага эришиш учун интиламан.

Ўтган мавсумдаги клубимиздаги барча тажрибали ўйинчилар – жамоамиз сардори Дилшод Жабборов, Мирзоҳид Ғофуров, Жаҳонгир Меҳмонов, Ғиёс Комилов ва Илҳом Бойдедаев мени қўллаб-қуввватлаб, ўз маслаҳатларини бериб туришди. Фурсатдан фойдаланиб, уларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Кумири, футболдаги ислоҳотлар

        - Мадриднинг “Реал” клуби ва Португалия терма  жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналдунинг ўйинларига ҳавас қиламан. Шу сабабли, 7 рақамини яхши кўраман. Лекин ўтган мавсумда ушбу рақамда Ойбек Қиличев тўп сурди. Шу боис, 2017 йили ноодатий бўлган 77-рақамини танладим.                                 

Ўзбек футболидаги янги ислоҳотлар бўйича фикрим ижобий. Қачондир футболимизда ўзгаришлар бўлиши шарт эди. Бу эса бу йилга тўғри келди ва бундан хурсандман. Мазкур ислоҳотлар юртимиз футболининг янада ривожланиши, барча терма жамоаларимиз учун ҳам фойдали бўлади.

Ёшлар термасидаги ҳамкасблари, касби, мухлислар, орзуси   

         -  U-23 ёшлар терма жамоаси таркибида Осиё чемпионлигини қўлга киритган ҳамюртларим – Одил Ҳамробеков ва Ботирали Эргашев билан яхши муносабатдамиз. Уларининг муваффақиятидан худди ўзим чемпионлик унвонини қўлга киритган каби хурсанд бўлдим. Ушбу оғайниларимга келажакдаги ишларида ҳам омад ёр бўлишини тилайман.

Футболчи бўлганлигимдан ҳеч қачон афсусланмайман. Ўзимни бошқа касбда умуман тасаввур ҳам қилолмайман. Айни пайтда мен учун футболсиз ҳаёт йўқ. Қишлоғимизда Азизбек исмли чақалоқлар, яъни адашларим кўпайганлигидан хурсандман. Илоҳим, менга ҳавас қилган ота-оналарнинг ўғиллари келажакда машҳур футболчи бўлиб етишсинлар.

Албатта,  “Навбаҳор”нинг ўтган йилги ижобий натижасида мухлисларнинг ўрни ҳам беқиёс. Бежизга ишқибозларни 12-ўйинчи дейишмайди. Фурсатдан фойдаланиб, “Навбаҳор”нинг барча  мухлисларига ўтган мавсумда жамоамизни ажойиб тарзда қўллаб-қувватлашгани учун клубимиз номидан ўз миннатдорчилигимни билдираман.  Бу йил ҳам мухлислардан янада фаолроқ бўлиш ва бизга руҳий далда беришларини илтимос қиламан. Ахир, биз - футболчилар мухлислар учун майдонга тушамиз. Биз ҳам уларнинг ишончларини оқлаш ниятидамиз.

Орзум – “Навбаҳор” билан медалларни қўлга киритиш, миллий терма жамоамиз таркибида жаҳон чемпионатида иштирок этиб, юртимиз номини дунёга танитиш.

Маълумот учун

Азизбек Турғунбоев -  1994 йил 1 октябрда Наманган вилояти, Поп тумани, Тўда қишлоғида туғилган. Футбол билан 7 ёшидан шуғуллана бошлаган.

Биринчи мураббийлари – Илҳом Абдуқодиров, Хуршид Йўлдошев.

Амплуаси – ярим ҳимоячи.

2014 йилдан “Навбаҳор”да, 2017 йилдан асосий таркибда

Кумири: Криштиану Роналду

Ёқтирган автомобили: BMW

Ёқтирган ранги: Қора

Ёқтирган рақами: 7.