Попнинг чемпион ўғлони

Рейтинг:  0 / 5

Звезда не активнаЗвезда не активнаЗвезда не активнаЗвезда не активнаЗвезда не активна
 

Хабарингиз бор, Ўзбекистон U-23 ёшлар терма жамоаси жорий йилнинг январь ойида Хитойда ўтказилган Осиё чемпионатида чемпионликка эришди. Мусобақа якунланганидан сўнг, чемпионлар муносиб тақдирланиб, Юртбошимиз Шавкат Мирзиёв томонидан уларга Malibu 2 автомобиллари совға қилинди. Шундай муваффақиятга эришган футболчилар орасида Наманган вилоятининг Поп туманида таваллуд топган Ботирали Эргашев ҳам бор. У Чин юртида  ўтказилган мусобақада ёшлар термамиз дарвозасини 5та учрашувда (Хитой – 1:0, Уммон – 1:0, Япония – 4:0, Жанубий Корея – 4:1, Вьетнам – 2:1), 510 дақиқа давомида қўриқлади. Эътиборлиси, Эргашев дарвозани қўриқлаган барча  ўйинларда Равшан Ҳайдаров шогирдлари зафар қучишган. Фақатгина гуруҳ баҳслари доирасидаги қатарликларга қарши кечган илк учрашувда ёшлар терма жамоамиз дарвозасини Дилшод Ҳамроев қўриқлаган ва ўша ўйинда вакилларимиз 0:1 ҳисобида мағлубиятга учрашганди.

Қисқаси, U-23 терма жамоамизнинг зафарида Ботирали Эргашевнинг ҳам салмоқли ҳиссаси бор.

Жорий мавсумда мазкур дарвозабон Наманганнинг “Навбаҳор” клуби шарафини ҳимоя қилади.  Биз мухлисларни мазкур кипер ва унинг оиласи билан яқиндан таништириш мақсадида чемпионнинг хонадонига ташриф буюриб, унинг ота-онаси, синглиси ва ўзидан интервью олдик.

Ҳайдарали Эргашев (отаси):

  • Дадам раҳматли “Пахтакор” жамоаси мухлиси эдилар. Шундан бўлса керак, мен ва акам ҳам болалигимиздан футболга қизиққанмиз ҳамда иккимиз ҳам мактаб ва кўча-кўйдаги футбол ўйинларида дарвозада турганмиз. Бу гапим билан Ботиралига миллионлар ўйинига қизиқиш ва дарвозабонлик қондан ўтган демоқчиман. Асли тошкентликман. Пойтахтда истиқомат қилганимда, тракторсозлик заводида ишлаб, мазкур завод жамоасида ўйнаганман.

Тақдир тақозоси билан 1992 йили Поп туманига кўчиб келдим. Бу ерда “Узбеккровля” (ҳозирги “Узреброид” ) заводида ишлаб, шу завод жамоасида тўп сурдим.

Уч нафар фарзанд – 2 ўғил, 1 қизимиз бор. Ботирали тўнғичимиз. У футбол  билан 7 ёшидан шуғулланишни бошлаган. 2009 йили Гулистонда мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Умид ниҳоллари”  мусобақасида футбол бўйича Наманган вилоят терма жамоаси зафар қучган, ўша жамоа дарвозасини Ботирали қўриқлаганди. Шундан сўнг уни “Пахтакор” футбол академиясига олиб кетишди. Мазкур клубдаги илк устози Шуҳрат Ҳамроқулов. 2011 йили Мурод Исмоилов “Пахтакор”нинг ёшлар жамоасига қабул қилди. 2017 йилдан эса “шерлар”нинг асосий таркибига жалб этилди. 

Хитойда бўлиб ўтган U-23 ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида ёшлар терма жамоамизнинг мусобақа мезбони – хитойликларни мағлубиятга учратганидан кейин гуруҳдан чиқишига ишонгандим. Боиси, ҳар қандай турнирда мезбонлар устидан ғалаба қозониш осон эмас ва шундай воқелик юз берса, бу ҳар қандай жамоанинг ўз кучига бўлган ишончни орттиради. Ҳамюртларимизда ҳам шундай ҳолат юз берди. Кейин эса йигитлар Япония ва Жанубий Корея каби терма жамоаларни ҳам мағлубиятга учратиб, финалга қадар етиб боришди.

Очиғини айтиш керак, вьетнамликларга қарши кечган мусобақанинг ҳал қилувчи баҳсида анча ҳаяжонландим. Боиси, йигитлар қалин қор қоплаган майдонда ўйнашди. Бундай майдонда эса ҳеч ким ўз имконияти даражасида тўп суролмайди. Вьетнам ёшлар терма жамоаси олдинги баҳсларда пенальтилар сериясида зафар қучгани боис, учрашувни “омад лотереяси”га қадар етиб боришидан бироз чўчидим. Сидоровнинг голи менга хурсандчилик олиб келди. Бунгача онаси  билан йигитларга ғалаба тилаган ҳолда, дуо қилиб турдик. Албатта қорда тўп суришгани учун ўғлим ва у қатори барча йигитларга юрагим ачишди. Аммо эркак киши чидаши керак. Финал ўйини якунлангандан кейинги қувончимни таърифлашга сўз ожиз. Дарҳол  SMS жўнатиб, ўғлимни чемпионлик билан  табрикладим. Уйимиз эса меҳмонга тўлиб кетди. Қариндошлар, қўшнилар чиқиб, бизни  табриклашди.

Ботиралини эса уйимизга келганида, карнай - сурнай садолари остида кутиб олишди.

Айниқса, муҳтарам Президентимизнинг футболчиларимизга юксак эътиборларидан, фарзандларимизнинг меҳнатларини шунчалик қадрлаб, Malibu автомобили совға қилганликларидан бошимиз кўкка етди. Бизга шундай шароитларни яратиб берган Юртбошимиз илоҳим, омон бўлсинлар! 

Хитойдаги мусобақадан сўнг, қишлоғимизда фарзандимга ҳавас қилиб, кўпчилик ўғлини футбол мактабига берди.

Албатта, Ботиралига ота ва мухлис сифатида ўз маслаҳатларимни бериб тураман. Унга болалигида ХХ асрнинг энг яхши дарвозабони Лев Яшин тўғрисида кўп гапирардим. Чунки ўзим мазкур дарвозабоннинг мухлиси эдим ва унга ҳавас қилардим. Ботирали билан футболга оид дискларни кўп кўрганмиз. Менимча, унда ўша пайтда миллионлар ўйинига ҳавас уйғонган.  Ботирали болалигида анча шўх эди. Қайсарлик қилиб, мактабга ҳам спорт кийими ва пойабзалида борарди. Икки ёшлигида унга тўп олиб берганман. Копток кроватининг олдида турарди. Шу нарса ижобий натижасини бериб, Ботирали якунда чемпионликка эришди. Бу унинг меҳнатлари самараси. Бундан жудаям хурсандман. Фарзандим келажакда юртимиз номини янада кўпроқ дунёга танитишини хоҳлайман. Ўзбек футболи келажакда Европа даражасига чиқсин, илоҳим.

Осиё чемпионатидан кейин ўғлимга айрим клублардан таклифлар бўлди. Лекин унинг “Пахтакор” билан шартномаси бор. Наманганлик бўлганлиги учун “Навбаҳор”дан таклиф бўлса, келиши мумкин. Мен “Пахтакор” ва “Навбаҳор” жамоалари мухлисиман. Наманганликларнинг  ўйинларини бевосита стадионда кузатаман. Мабодо, мазкур икки клуб ўзаро тўқнаш келгудек бўлса, қайси жамоа кучли бўлса, ўша клуб ғалаба қозониши тарафдориман.

Ботирали барча орзу-ниятларига етсин, илоҳим.

Тўлғаной Бектемирова (онаси):

  • “Узреброид” заводида фаолият юритаман. Ботирали чемпионликни қўлга киритган куни барча ҳамкасбларим мени табриклашди. Бундан ифтихор ҳиссини туйиб, анча хурсанд бўлдим. Маҳаллада ҳам обрўйимиз ошди.

Ўзим ҳам футбол мухлисиман. Турмуш ўртоғим билан бирга телевизор орқали намойиш этиладиган футбол баҳсларини томоша қиламан.

     Шунинг учун Ботирали футболчи бўламан, деганида унга қаршилик қилмадим. Хитойда ўтказилган Осиё чемпионатининг барча учрашувларини ойнаи жаҳон орқали томоша қилдим. Жанубий Корея терма жамоаси билан бўлган ярим финал доирасидаги ўйинда ўғлим рақиб футболчиси билан тўқнашиб, бирпас майдонда ётди. Ўшанда учрашув ҳаками кореялик футболчига қизил карточка бериб, майдондан четлатди. Ўша вазиятда Ботиралига ачиниб, “Вой, ўғлим”, деб юбордим. Турмуш ўртоғим мени тинчлантириб, ўғлимизга шифокорлар ёрдам беришаётгани, хавотирланишга асос йўқлигини билдирди. Фарзандим ўрнидан тургандан сўнггина хавотирим ариди.

Футболчининг онаси бўлиш осон эмас. Ботирали ўқув-машғулот йиғинлари, машғулотлар сабабли, кўп вақт давомида оиласидан йироқда бўлади. Шу сабабли, уни соғинаман. Тошкентда 90 ёшли қайнонам истиқомат қиладилар. Ботиралини жуда яхши кўрадилар ва унинг келишига эшикни очиб қўяр эканлар. Ўғлим Осиё чемпионатида зафар қучганида хурсандчиликларидан йиғлаб, барчага: “Менинг набирам чемпион бўлди”, дея ғурурланибдилар. Ботиралини бир ой кўрмасам соғиниб қоламан ва шундай пайтда қайнонамникига бориб, уни кўришга ошиқаман.

Шундай, бўлсада, оналарга маслаҳатим, фарзандингиз спортга қизиқса, унга асло қаршилик кўрсатманг. Аксинча, яхши шароитлар яратиб бериб, қўллаб-қувватланг! У чемпион бўлганида дунёда сиздан бахтли она бўлмайди. Ҳозир мен шундай ҳисларни бошимдан кечиряпман ва қишлоғимизда менга ҳамма ҳавас қилади. Ботирали билан фахрланаман.

Кези келганида айтиб қўяй, Ботиралини унаштириб қўйдик. Бўлажак келин тошкентлик. Худо хоҳласа, августда тўй. Фарзандимни бахтли бўлишини тилайман.

Ботирали ва унинг жамоадошларига катта эътибор кўрсатган Юртбошимизга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Илоҳим, муҳтарам Президентимиз бахтимизга соғ-саломат бўлсинлар!

Нилуфар Эргашева (синглиси):

  • Мен ҳам ота-онам билан бирга Хитойда ўтказилган Осиё чемпионатининг барча ўйинларини телевизор орқали томоша қилдим. Тўғрисини айтсам, Ботирали акам чемпионлик унвонини қўлга киритганида унга жудаям ҳавасим келди. Ҳозир синфдошларимнинг менга нисбатан муомаласи ўзгарган. Барча мени чемпионнинг синглиси деяпти. Акам уйимизга келганида мактабимизга борди. Барча синфдошларим ундан дастхат олишди. Ҳозир мактабимизда футболга қизиқиш анча кучайди. Ўғил бола синфдошларим акамга ҳавас қилган ҳолда, футболчи бўлиш ниятидалар. Акам жуда меҳрибон. Менга доимо совға олиб келади. Ботирали акам келажакда янада юксак натижаларга эришиб, Ўзбекистон терма жамоаси сафида жаҳон чемпионатида қатнашишини тилайман.

Мен теннисга қизиқаман ва мазкур спорт тури бўйича мусобақаларни ойнаи жаҳон орқали томоша қиламан. Келажакдаги ниятим теннисчи бўлиб, юртимиз байроғини жаҳон ареналарида юқори кўтариш.  

Шундан сўнг,Ботирали Эргашев билан боғланиб, суҳбат уюштирдик ва унинг фикрларини ёзиб олдик. Таъкидлаш жоизки, бу U-23 ёшлар терма жамоаси ва “Пахтакор” клуби дарвозабонининг оммавий ахборот воситаларидаги илк интервьюси.

Мавсумга тайёргарлик, устози, Дохадаги мағлубият сабаблари   

  • Янги мавсумга тайёргарлик жараёни яхши ўтяпти. Айни пайтда пойтахтимиздаги “ЖАР” стадионида кунига икки маҳалдан машғулотлар олиб боряпмиз. 15 февраль куни хориж йиғинини ўтказиш учун БААнинг Дубай шаҳрига учиб кетамиз (суҳбат 13 февраль куни уюштирилган).

Устозимиз Шота Арвеладзе ҳақиқий профессионал мураббий, ўз ишининг устаси. Талабчан, ҳар бир ўйинга профессионал равишда ёндошади.

“Ал-Гарафа” – “Пахтакор” учрашувини кўриш учун Осиё чемпионати якунланиши ҳамоно жамоадошларим – Жасур Яхшибоев ва Забиҳилло Ўринбоев билан бирга Шанхайдан Дохага парвоз қилдик.

Гарчи самолётдаги 12 соатлик парвоз ҳамда чарчоқ сабабли, Шота Арвеладзе бизни майдонга туширмаган бўлсада, бевосита ўйингоҳда жамоадошларимизни қўллаб-қувватладик. Афсуски, яратилган вазиятлардан самарали фойдалана олмаганлигимиз панд бериб, аламли тарзда мағлубиятга учрадик. “Ал-Гарафа” билан кечган ўйинда дастлаб жамоадошларим тўп киритишганида, баҳс тақдири умуман бошқача кечган бўларди. Наилож, футболда ғалабалар билан бирга мағлубиятдлар ҳам учрайди. 

Жорий мавсумдаги Осиё Чемпионлар Лигаси мусобақасидаги иштирокимиз якунланди. Энди бор эътиборимизни миллий чемпионатимиз ва Ўзбекистон кубоги баҳсларига қаратамиз.

Осиё чемпионатидаги иштирок

  • Хитойдаги U-23 ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида дастлабки баҳсда қатарликлардан мағлубиятга учрадик. Шундан сўнг барчамиз руҳий тушкунликка тушиб қолдик. Бундан ташқари, кўплаб, оммавий ахборот воситаларида танқидга учрадик. Шу танқидлардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, бир мақсад йўлида бирлашишга ҳаракат қилдик. Шунингдек, устозимиз Равшан Ҳайдаров ҳам хитойликларга қарши кечадиган ўйин олдидан барчамизни руҳлантириб, вазиятни ўнглаш имконияти ўзимизда эканлиги, бунинг учун қолган баҳсларда ютуққа эришишимиз шартлигини уқтирди.

Хитой терма жамоасини мағлубиятга учратганимиздан кейин ўзимизга бўлган ишонч ортди ва ўйиндан-ўйинга “очилиб бордик”. Ахир, айтишади-ку, “иштаҳа овқат пайтида келади”, деб. Натижада бирин-кетин қитъамизнинг энг кучли терма жамоаларини мағлубиятга учратиб, якунда уйга олтин медаль билан қайтдик.

Муваффақиятимизда аҳиллигимиз ҳам катта роль ўйнади, албатта. Бундан ташқари, японияликларга қарши кечган учрашув олдидан ўша пайтдаги Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Умид Аҳмаджоновнинг бизга йўллаган мактуби, Қозоғистоннинг Актюбинск вилоятида ҳалок бўлган ҳамюртларимиз хотираси ҳаққи-ҳурмати учун майдонда фақат ғалаба қозониш учун ҳаракат қилишимиз ҳам бизга қўшимча куч-қувват бағишлади.

Пенальтилар сериясига гуруҳ баҳслари якунлангандан кейиноқ тайёргарлик кўришни бошлагандик. Вьетнам терма жамоаси эса финалгача бўлган сўнгги 2та баҳсда пенальтилар сериясида характер кўрсатиб, зафар қучганди. Шунинг учун учрашув тақдирини “омад лотереяси”га қадар ҳал этганимиздан бир томондан хурсанд ҳам бўлдим. Лекин мен пенальтилар сериясига ҳам тайёр эдим ва ўзимга бўлган ишонч юқори эди. Шундай бўлсада, қайсилир жамоадошим пенальтини аниқ амалга оширолмаса, гарчи рақиб зарбаларини бартараф этган тақдиримда ҳам мағлубиятга учрашимиз мумкин эди. Шу тарафдан олиб қараганда, Сидоровнинг голидан сўнг, қувондим. Чунки ўша пайтда ўйин якунланишига саноқли дақиқалар қолган ва зафар қучишимизга ишончим комил эди.

Вьетнамликлар  билан бўлган ўйиндан 3 кун олдин қор ёққанди. Ўша учрашув куни эса қор янада кучайди. Бу эса бизга янада қийинчилик туғдирди. Шундай бўлса-да, қорли майдонда тўп суришнинг ўзига яраша завқи ҳам бор экан. Қор қоплаган майдонда анча завқланиб, тўп сурдик.

Кези келганида, таъкидлаш жоизки, Вьетнам термаси анча шаклланган жамоа экан. Улар ўзларига берилган имкониятдан самарали тарзда фойдаланишар экан. Яратилган биргина стандарт вазиятни ҳам улар голга айлантириб, ҳисобни тенглаштиришганига барча мухлислар гувоҳ бўлишди.

Осиё чемпионатида биз ҳар бир рақибга ҳурмат кўзи билан қарадик ва шунинг учун ҳам муваффақиятга эришдик, менимча.

Тўғрисини айтсам, камтарона меҳнатимиз бунчалик эъзозланиб, Юртбошимиз ҳар биримизга автомобиль совға қилишларини кутмагандим. Бунинг учун барча жамоадошларим номидан муҳтарам Президентимизга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Худо хоҳласа, халқимиз ва Юртбошимизнинг ишончларини оқлаб, 2022  йилги  Қатарда ўтказиладиган жаҳон чемпионати йўланмасини қўлга киритиш учун қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз.

Осиё чемпионати ортда қолди. Энди бор эътиборимизни бўлажак мусобақаларга қаратишимиз лозим. 

“Пахтакор”даги рақобат, ўйин амалиёти, дарвозабонлар мураббийи 

  • Албатта, Александр Лобанов ва Элдор Суюнов сингари тажрибали дарвозабонлар билан рақобат олиб бориш кишига завқ бағишлайди. Тўғри, терма жамоа вакили сифатида ўйин амалиётига эга бўлишим учун асосий таркибда кўпроқ майдонга тушишим керак. Шунинг учун “Пахтакор”нинг захираси ўриндиғида ўтиргандан кўра, бошқа клубнинг асосий дарвозабони бўлиш ҳам яхши. Аммо бу масалани клуб раҳбарияти ҳал қилади. 2009 йилдан буён “шерлар” таркибидаман ва “Пахтакор” иккинчи оиламга айланган. Жамоа билан 2019 йилгача шартномам бор. Клуб раҳбарияти бу борада тўғри қарор қабул қилади, деган умиддаман.

Айни пайтда “Пахтакор”да дарвозабонлар билан туркиялик тажрибали мутахассис Иброҳим Йилмаз ишлаяпти. У кўплаб таниқли киперларнинг устози сананалади.

U-23 ёшлар терма жамоасида эса Александр Томилин дарвозабонлар мураббийи. Мазкур мутахассислардан кўп нарса ўзлаштирдим ва ўрганяпман.

Умуман олганда,  футболдаги биринч устозим Марат Галимов. У мени биринчи бўлиб, “Пахтакор” ёшлар таркибига олиб келган.

Дарвозабон бўлишимга сабаб, кўча-кўйда футбол ўйнаганимизда энг ёши кичиги мен эдим. Шубоис, мени дарвозага қўйишарди. Кейинчалик, дарвозада туриш менга завқ бағишлаган. Шунинг учун киперликни танлаганман.

Футболчи бўлмаганимда, қайси касб эгаси бўлишимни ҳозир тасаввуримга сиғдиролмайман. Ота-онам прокурор бўласан, дейишарди. Ўзим эса ҳарбий бўлишни истардим. Аммо тақдиримга футболчи бўлиш ёзилган экан. Нима бўлган тақдирдаям.тақдиримдан нолимайман.

“Навбаҳор”да ўйнаш нияти, орзуси 

  • Наманганлик бўлганлигим учун қачондир албатта “Навбаҳор”да тўп суриш ниятим бор. Лекин бу менга боғлиқ эмас. Албатта, ўзим фаолият юритаётган “Пахтакор”дан ташқари, вилоятимизнинг бош жамоасига ҳам мухлислик қиламан. Жароҳат олиб, уйимизга келганимизда, “Навбаҳор” иштирокидаги учрашувларни бевосита стадионда томоша қилдим. Наманганда футболни севишади ва ишқибозлар 12-ўйинчи ҳисобланишади. Кўплаб мухлисларга эга бўлган “Навбаҳор”да тўп суришнинг ўзига яраша гашти бор, албатта. Балки, бир кун бу ниятим ҳам амалга ошиб қолар, Худо хоҳласа.

Орзум - миллий терма жамоамиз таркибида жаҳон чемпионатида қатнашиш,  ўз устимда кўпроқ ишлаб, Европа клубларида тўп суриш.

  

Маълумот учун

Ботирали Эргашев – 1995 йил 23 июнда Наманган вилоятининг Поп туманида туғилган.

Футбол билан 10 ёшидан шуғуллана бошлаган.

Биринчи мураббийи: Сервер Меметов.

“Пахтакор” футбол академиясини битирган.

2011 йилдан буён “Пахтакор”да, 2017 йилдан асосий таркибда.

Мухлислик қиладиган клуби: “Реал”

Кумирлари: Жанлуижи Буффон, Мануэль Нойер

Ёқтирган автомобили: “Мерседес-Бенц”.