Хабарингиз бор, айни кунларда Фарғонада анъанавий “Ҳоким кубоги - 2021” мусобақаси давом этмоқда. Мазкур турнирнинг “В” гуруҳидан ўрин олган, Усмон Асқаралиев ва Алишер Маҳмудов мураббийлик қилаётган “Навбаҳор-U-21” ёшлар жамоамиз 2-тур баҳсини Андижоннинг “УзТонгХонгКо” жамоасига қарши ўтказди.
Мазкур ўйинда ёшлар жамоамиз таркиби қуйидагича кўриниш олди: Улуғбек Эгамбердиев, Муроджон Адашбоев, Азиз Зокиров, Миржалол Абдумуталов, Асадбек Лутфуллаев, Азизбек Хурсанбоев, Жаҳонгир Турсунов, Асадбек Зокиржанов, Асилбек Орифжонов, Абдурасул Қаюмбаев, Ибодулла Набиев.
Захирадан майдонга тушганлар: Иброҳим Қодиралиев, Жамшид Ғаффаров, Камрон Неъматжонов, Муҳаммадбобир Мўйдинов, Зайниддин Тўхтасинов, Равшан Олимжонов, Ҳасан Қаҳҳаров, Акрамжон Муҳаммаджонов, Ҳасан Турғунов.
Учрашувда ҳисобни Усмон Асқаралиев шогирдлари очишди. Азизбек Хурсанбоевнинг чап қанотдан амалга оширган жарима зарбасидан сўнг, ҳужумчиларга ёрдамга етиб келган ёшлар жамоамиз ҳимоячиси Азиз Зокиров тўпни боши билан дарвозага аниқ йўллади – 1:0.
Ўтказиб юборилган тўпдан сўнг, мувозанатни тиклаш ниятида ҳужумкорликни кучайтирган андижонликлар навбатдаги қарши ҳужумлардан бирида гол уриб, ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлишди.
Натижада жамоалар танаффусга 1:1 ҳисобидаги дуранг билан чиқиб кетишди.
Иккинчи бўлимда ёшларимиз ўйинда ташаббусни ўз қўлларига олиб, андижонликлар дарвозаси олдида кўплаб хавфли вазиятларни юзага келтиришди.Шундай вазиятларинг иккитаси эса дарвозани ишғол этиш билан якунланди. Ёшлар жамоамиз ҳужумчиси Асилбек Орифжонов икки марта “УзТонгХонгКо” дарвозабони билан яккама – якка вазиятга чиқиб, биринчи ҳолатда тўпни рақиб посбонининг устидан ошириб, дарвозага аниқ йўллаган бўлса, иккинчи вазиятда тўпни ерлатиб дарвозага аниқ йўналтирди ҳамда ўз “дубл”ини нишонлаб,якуний ҳисобнинг 3:1 кўринишини таъминлади.
Шу тариқа, Усмон Асқаралиев шогирдлари мазкур мусобақадаги илк ғалабани нишонлаб, ўз ҳисобларига 3 очкони ёзиб қўйишди.
Мазкур гуруҳнинг ушбу туридан ўрин олган иккинчи баҳсда Фарғонанинг “Истиқлол” жамоаси Яйпаннинг “Турон” жамоасини 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, ўз очколарини 6 тага етказган ҳолда, гуруҳ пешқадамига айланди.
Ёшларимиз гуруҳнинг сўнгги, 3-тур учрашувини 27 январь куни Фарғонанинг “Истиқлол” жамоасига қарши ўтказишади. Ушбу баҳс “ФарДУ” стадионида соат 11:00 да старт олади.
Бўлажак баҳсда Усмон Асқаралиев шогирдларига омад ёр бўлишини тилаймиз.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.