“Ҳоким кубоги - 2021”. Чорак финал
“Нефтчи” – “Навбаҳор - фарм” - 3:0 (2:0)
Фарғона. “Нефтчи СК” стадиони.
Ҳакамлар: Эрлан Норбоев, Шоҳруҳ Аъзамов, Азиз Исоқов, Мақсад Эсонжонов.
Голлар: А.Олимов (10), О.Зокиров (39), Н.Обрадович (90+3).
Назоратчи: Расул Юлдашев.
“Нефтчи”: Машҳур Муҳаммаджонов, Шодиёр Ҳожиматов (Дарко Станоевич, 46), Шавкат Муллажонов, Тоҳир Шамситдинов, Сайдулло Раҳматов (Умар Адҳамзода, 70), Худойшукур Сатторов, Абдул Азиз Юсупов, Шерзод Каримов (Жасур Абдулбеков, 80), Аъзам Алиев, Абдуллоҳ Олимов, Отабек Зокиров (Неманья Обрадович, 46).
“Навбаҳор-фарм”: Миржалол Маматханов, Жавоҳир Олимжонов, Қодиржон Икромов (Жавоҳир Ҳусанов,46), Абдулазиз Нишонбоев (Комилжон Тожиддинов, 68), Жамолиддин Баҳромов, Юнусхон Абдувоҳидов (Омад Тоштемиров,46) Аюбхон Жўраев (Музаффар Абдуллаев, 64), Дониёр Иномов, Ҳожиакбар Юнусов, Ҳусайн Эргашбоев (Шоҳжаҳон Аббосов, 46), Достон Абдулҳаев.
“Ҳоким кубоги - 2021” мусобақасининг чорак финалидан ўрин олган баҳсда Рашид Ғофуров мураббийлик қилаётган “Навбаҳор - фарм” жамоаси Илҳом Мўминжонов мураббийлик қилаётган Фарғонанинг “Нефтчи” жамоасига қарши майдонга тушди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур ўйинда тажриба маҳоратдан устун келди.
Гарчи таркиб ва тажриба борасида фарғоналиклар фарм-жамоамиздан устун бўлишса-да, Рашид Ғофуров шогирдлари “Нефтчи”га муносиб қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилишди. Бироқ вакилларимизга бироз тажриба етишмади.
Ўйин борасида тўхталадиган бўлсак, баҳсни ҳужумкор руҳда бошлаган мезбонлар 10-дақиқадаёқ ҳисобни очишга муваффақ бўлишди.
Ўша вазиятда Абдуллоҳ Олимов дарвозадан 25 метрлар чамаси узоқликдан белгиланган жарима зарбасини ажойиб тарзда амалга ошириб, ҳисобни очди - 1:0.
Урилган голдан сўнг, ҳужумкорликни кучайтирган Илҳом Мўминжонов шогирдлари вакилларимиз дарвозаси олдида яна икки марта хавфли вазиятни юзага келтиришди. Аммо фарм-жамоамиз дарвозабони Миржалол Маматханов ушбу ҳужумларни бартараф этиб, тўпни қайтаришга муваффақ бўлди.
Рашид Ғофуров шогирдларининг навбатдаги қарши ҳужумларидан бирида эса тўп дарвоза устунига тегиб қайтди.
36-дақиқада фарм-жамоамизда ҳисобни тенглаштириш учун ажойиб имконият юзага келди. Ўша вазиятда ярим ҳимоячи Қодиржон Икрамов фарғоналиклар посбони Машҳур Муҳаммаджонов билан яккама-якка вазиятга чиқди. Аммо унинг зарбасидан сўнг, тўп дарвоза устуни ёнидан ўтиб кетди.
Орадан 3 дақиқа ўтар-ўтмас, фарғоналиклар ҳисобдаги фарқни оширишди. Отабек Зокиров жамоасининг навбатдаги ҳужумини самарали тарзда якунлаб, фарм-жамоамиз дарвозасини ишғол этди - 2:0.
Биринчи бўлимнинг учрашув бош ҳаками Эрлан Норбоев томонидан қўшиб берилган вақтида Қодиржон Икрамовда яна бир ажойиб имконият вужудга келди. Бироқ бу сафар унинг зарбасидан сўнг, тўпни “Нефтчи” дарвозабони Машҳур Муҳаммаджонов қайтарди.
Натижада “Нефтчи” аъзолари танаффусга 2:0 ҳисобидаги ғалаба билан йўл олишди.
Иккинчи бўлимда ҳар икки жамоа таркибида бир қатор ўзгаришлар юз берди. Вакилларимиз иккинчи 45 дақиқаликни фаол тарзда ўтказишди.
Жумладан, 60-дақиқада Дониёр Иномовнинг дарвозага йўллаган зарбасини фарғоналиклар ҳимоячиси Дарко Станоевич қайтарди. Қайтган тўпни Жавоҳир Ҳусанов дарвозага йўлламоқчи бўлди. Лекин унинг зарбасига аниқлик етишмади.
Яна бир вазиятда эса Рашид Ғофуров шогирдларининг навбатдаги ҳужумларидан сўнг, фарғоналиклар ҳимоячиси Тоҳиржон Шамситдинов дарвозага кириб кетаётган тўпни қайтаришга муваффақ бўлди.
Учрашувнинг ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтида эса “Нефтчи”нинг захирадан майдонга туширилган сербиялик ҳужумчиси Неманья Обрадович ўз номига гол ёзиб қўйди - 3:0.
Натижада “Нефтчи” йирик – 3:0 ҳисобида зафар қучиб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритган бўлса, фарм-жамоамиз турнирни тарк этди.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.