Янги мавсумга жиддий тарзда тайёргарлик кўраётган, Усмон Асқаралиев ва Алишер Маҳмудов мураббийлик қилаётган “Навбаҳор – U-21” жамоаси
4 февраль куни Биринчи лига вакили, Уйчининг “Пахтакор - 79” жамоасига қарши ўртоқлик баҳси ўтказди.
Уйчидаги “Пахтакор - 79” стадионида кечган мазкур ўйин кескин курашлар остида ўтди. Ушбу баҳсда ёшлар жамоамиз таркибида қуйидаги футболчилар майдонга тушишди: Ислом Жўраев, Муроджон Адашбоев, Миржалол Абдумуталов, Ҳасан Турғунов, Ибодулла Набиев, Азизбек Хурсанбоев, Асадбек Зокиржанов, Жаҳонгир Турсунов, Асилбек Орифжонов, Комилжон Тожиддинов, Камрон Неъматжонов.
Захирадан майдонга тушганлар: Асадбек Лутфуллаев, Абдурасул Қаюмбаев, Муҳаммадбобур Мўйдинов, Азиз Зокиров, Зайниддин Тўхтасинов, Жамшид Ғаффаров, Равшан Олимжонов, Иброҳим Қодиралиев, Акрам Муҳаммаджонов.
Ўйин борасида тўхталадиган бўлсак, учрашувнинг 1-бўлими тенг курашлар остида ўтди. Ҳисобни эса ёшларимиз очишди.
Баҳснинг 20-дақиқасида иқтидорли ярим ҳимоячи Камрон Неъматжонов ёшлар жамоамизнинг навбатдаги ҳужумини самарали тарзда якунлаб, мезбонлар дарвозасини аниқ нишонга олди – 0:1.
Орадан 4 дақиқа ўтар-ўтмас, уйчиликлар мувозанатни тиклашди.
Ҳисобни тенглаштириш мақсадида, тезда қарши ҳужумга ўтган майдон эгалари пенальти ишлашди. Ўша вазиятда Усмон Асқаралиев шогирдлари ўз жарима майдончалари ичида рақиб футболчисига нисбатан қўполлик ишлатишди.
Натижада учрашув бош ҳаками Музаффар Маматханов ёшлар жамоамиз дарвозасига 11 метрли жарима зарбаси белгилади.
Пенальтини эса Ҳаётбек Сотволдиев аниқ амалга ошириб, мувозанатни тиклади – 1:1.
Натижада жамоалар танаффусга 1:1 ҳисобидаги дуранг билан чиқиб кетишди.
Иккинчи бўлимда ташаббус бироз ёшлар жамоамиз тарафида бўлди. Вакилларимиз томонидан уюштирилган бир ҳужумда тўп дарвоза устуни, яна бирида эса дарвоза тўсинига тегиб қайтди.
Натижада ҳисоб ўзгаришсиз қолди ва дуранг – 1:1 ҳисобида якунланди.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.