Хабарингиз бор, Осиё кубоги – 2023 саралаш баҳсларининг Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўрин олган “С” гуруҳи ўйинлари Наманганда ўтказилмоқда. Терма жамоамиз мазкур гуруҳнинг 2-туридан ўрин олган, Мальдив ороллари термасига қарши кечадиган баҳсга жиддий тайёргарлик кўрмоқда. Сречко Катанец шогирдлари бугунги машғулотни Намангандаги “Марказий” ўйингоҳ захира майдонида одатдагидан бироз кечроқ, салқин об-ҳаво шароитида ўтказишди ва унда барча футболчилар тўлиқ иштирок этишди.
Машғулот якунига етгач, championat asia сайти мухбири “Навбаҳор” ва миллий термамизнинг маҳоратли ҳимоячиси Рустамжон Ашурматовдан бўлажак ўйин борасида қисқа интервью олди. Ашурматов фикрларини қуйидаги гаплар билан бошлади.
- Эртанги ўйинда майдонга фақат ғалаба учун чиқамиз. Рақибни ҳурмат қилган, ўз ўйинимизни кўрсатган ҳолда ғалабага эришишга ҳаракат қиламиз.
- Келгуси баҳсда ҳимоячиларни камайтирган ҳолда кўпроқ ҳужумчиларни таркибда кўришимиз мумкинми? Мураббийнинг тактик ўзгаришлар қилиш нияти борми?
- Таркиб ҳақида мураббий кўпроқ бош қотиради, шу боис барчасини у ҳал қилади. Таркиб қандай бўлишидан қатъи назар, ҳужумкор ўйин намойиш этиш ҳамда йирик ҳисобда зафар қучиш учун боримизни берамиз.
- Мураббий рақиб жамоанинг алоҳида хусусиятлари ҳақида кўрсатмалар бердими?
- Албатта, барча рақиблар ўрганилмоқда ва шунга яраша тайёргарлик кўрилмоқда. Бизга видео орқали рақиб ўйини кўрсатилади ҳамда уларга қарши қандай ўйин намойиш этиш кераклиги тўғрисида кўрсатмалар берилади.
- Жамоа ичидаги муҳит қай даражада?
- Жамоада муҳит ажойиб, барчамиз бир-биримизни таниймиз. Йиғилиш давомида учрашганимизда хурсанд бўламиз, ҳазиллар қиламиз.
Манба: championat asia.