Coca Cola Суперлига 4-тури доирасидаги АГМК – “Навбаҳор” (2:1) ўйинидан сўнг АГМК жамоаси мураббийи Хайрулла Каримов учрашув ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
- Курашларга бой, ажойиб ўйин гувоҳи бўлдик. Икки ҳафталик танаффус барибир, ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Шунга қарамай, ҳар икки жамоа жанговар, чиройли футбол намойиш этишди. Ўйин мухлисларга ҳам ёқди, деб ўйлайман. Биринчи бўлимда ўйинимиз бироз қовушмади, лекин иккинчи бўлимда эса футболчиларимиз ўйинни кучайтиришди ва ўйлаган мақсадимизга эришдик. Бош мураббийимизни раҳбарлар чақириб қолишгани сабабли, узр сўраб, матбуот анжуманига чиқолмадилар. VAR ҳақида гапирадиган бўлсам, пенальти белгиланган вазиятларда қоидабузарлик бор экан, 11 метрли жарима зарбалари белгиланди. Иккинчи бўлимда кўрган бўлсангиз, “Навбаҳор” узун паслар билан ўйнашга ҳаракат қилди, чунки уларнинг сафида бўйи баланд футболчилар кўп эди. Шунга қарамай, йигитларга раҳмат, қўлларидан келганча ҳаракат қилиб, ғалабага эришишди. Фортесда кичик жароҳат борлиги, қолаверса, ўйини унча чиқмаганлиги сабабли бош мураббий уни алмаштирди, - деди Хайрулла Каримов.