Coca Cola Суперлига. 4-тур
2 апрель (жума)
Олмалиқ. ОКМК спорт мажмуаси. 4411 томошабин.
АГМК – “Навбаҳор” – 2:1 (1:1)
Ҳакамлар: Акобирхўжа Шукуруллаев, Тимур Галеев, Дониёр Сайлавов, Акмалжон Раҳимов.
Назоратчи: Константин Смирнов
VAR ҳаками: Илгиз Танташев
VAR ассистентлари: Александр Сидоров, Тимур Гайнулин
VAR назоратчиси: Фарҳод Абдуллаев
VAR оператори: Жаҳонгир Саидов
ЎзПФЛ комиссари: Лазиз Қўчқоров
Голлар: Санжар Турсунов (26-пенальти), Шоҳруҳ Гадоев (72) – Славиша Стоянович (44-пенальти).
АГМК: 35.Валижон Раҳимов, 2.Акрамжон Комилов, 4.Миржамол Қосимов (22.Санжар Шоаҳмедов, 72), 7.Сардор Раҳмонов, 11.Муроджон Тошматов (28.Шоҳруҳ Гадоев, 67), 15.Аббосжон Отахонов, 17.Санжар Турсунов, 18.Александр Касьян, 23. Йован Докич, 77.Дилшодбек Аҳмадалиев, 94.Алвин Матеус Фортес (10.Ҳусниддин Ғофуров, 46).
“Навбаҳор”: 1.Ўткир Юсупов, 7.Азимжон Аҳмедов, 10.Қувондиқ Рўзиев, 11.Исломбек Исоқжонов, 17.Эҳсони Паншанбе (25.Шоҳруҳ Маҳмудҳожиев, 73), 19.Мирзоҳид Ғофуров, 22.Игорь Голбан, 24.Давронбек Ҳошимов, 67.Марко Путинчанин, 70.Аббос Ғуломов (28.Никола Тасич, 79), 88.Славиша Стоянович (95.Забиҳилло Ўринбоев, 82).
Огоҳлантиришлар: Санжар Турсунов (79), Сардор Раҳмонов (85), Валижон Раҳимов (90+1) - Давронбек Ҳошимов (51), Эҳсони Паншанбе (73), Исломбек Исоқжонов (87).
Бугун “Навбаҳор” жамоаси Coca Cola Суперлига 4-тури доирасида Олмалиқда АГМК меҳмони бўлди.
Учрашувнинг дастлабки дақиқаларидан ҳар икки жамоа майдонга катта шашт билан тушишганини намоён этишди. Баҳсда томонлар майдон марказисиз ўйнаб, қарама-қарши ҳужумлар уюштиришди. 20-дақиқадан кейин рўй берган вазиятларда “Навбаҳор” рақиб дарвозаси ёнида хавфли жарима тўпи тепиш имкониятини қўлга киритди. Аммо “лочинлар” улардан фойдалана олишмади.
Баҳснинг 25-дақиқасида “Навбаҳор” сардори Азимжон Аҳмедов жамоамиз жарима майдончаси ичида Александр Касьянга нисбатан ўйин қоидасини бузгани учун ҳакам пенальти белгилади. АГМК сардори Санжар Турсунов “нуқта”дан зарба йўллашда адашмади – 1:0.
Шундан сўнг, “Навбаҳор” футболчилари вазиятни ўнглаш учун олдинга ўтишди. Аввалига Игорь Голбаннинг зарбаси хавфли чиқди, бироқ ўша ҳолатда тўп дарвозабоннинг қўлига тегиб, майдон ташқарисига чиқиб кетди. 43-дақиқада энди АГМК дарвозаси томон пенальти белгиланди. Бош ҳакам VAR ёрдамида тўп Акром Комиловнинг қўлига текканини аниқлаб, 11 метрли жарима зарбаси белгиланди. Ушбу имкониятдан “лочинлар”нинг сербиялик ҳужумчиси Славиша Стоянович унумли фойдаланди – 1:1. Биринчи бўлим шу ҳисоб билан якунланди.
15 дақиқалик танаффусдан кейин ҳам ўйин шиддати асло пасаймади. Айниқса, 60-дақиқадан кейин “Навбаҳор” катта устунликка эришиб, кетма-кет ҳужумлар уюштирди. Бироқ футболчиларимизга сўнгги зарбани йўллашда аниқлик етишмади. Хусусан, Ислом Исоқжоновда ажойиб имконият вужудга келганди, бироқ унга гол уриш насиб қилмади. Мезбонлар эса аксинча, 72-дақиқада ўзлари яратган имкониятни голга айлантиришди. Захирадан ўйинга қўшилган Шоҳруҳ Гадоев “Навбаҳор” дарвозасини ишғол қилди – 2:1. 86-дақиқада жамоамизнинг навбатдаги ҳужумидан сўнг, тўпни дарвоза тўсини қайтарди.
Кейинги дақиқаларда “Навбаҳор” футболчилари вазиятни ўнглаш учун астойдил уринишганига қарамай, 2:1 ҳисоби ўзгаришсиз қолди.
Мазкур учрашувда гарчи футболчиларимиз мухлисларга ёқадиган мазмунли ўйин намойиш этишган бўлсада, жамоамизга шу куни гол ва ғалаба камлик қилди. Ҳечқиси йўқ, бу – футбол ва унда мағлубиятлар ҳам учраб туради. Асосийси, “Навбаҳор” ўзига хос ўйин услубига эга бўлганини намоён этмоқда. Кейинги ўйинларда жамоамизга омад ва ғалабалар ҳамроҳ бўлсин!
Ўз навбатида, узоқ масофа босиб, Олмалиққа борган ва стадионда жамоамизни фаол қўллаб-қувватлаган “Навбаҳор”нинг барча фидойи мухлисларига миннатдорлик билдирамиз.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.