Хабар берганимиздек, жамоамиз аъзолари бугундан Coca Cola Суперлига 23-туридан ўрин олган “Насаф”га қарши кечадиган баҳсга тайёргарликни бошлашди.
Мазкур ўйинга тайёргарлик доирасидаги илк машғулот бугун кечки пайт “Марказий” ўйингоҳ ёнидаги захира майдонида ўтказилди.
“Навбаҳор” бош мураббийи Андрей Канчельскис Наманганга эртага етиб келади. Шу боис, бугунги машғулотни “лочинлар” ёрдамчи мураббий Алексей Беленков бошчилигида ўтказишди.
Машғулотга бугундан Ўзбекистон олимпия терма жамоасига жалб этилган маҳоратли ҳимоячи Илҳомжон Алижонов қўшилди.
Аммо у бироз жароҳати борлиги боис, ярим ҳимоячилар – Аббос Ғуломов ва Шаҳзод Шайманов билан биргаликда якка тартибда машғулот олиб борди.
Шунингдек, тажрибали ҳимоячи Мирзоҳид Ғофуров ҳамда россиялик ярим ҳимоячи Иван Соловьёв ҳам бироз жароҳатлари борлиги боис, бугунги машғулотда иштирок этишмади.
Уларнинг машғулотларга эртадан қўшилишлари кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, “Навбаҳор” – “Насаф” учрашуви 31 октябрь куни бўлиб ўтади.
Бўлажак баҳсда Андрей Канчельскис шогирдларига омад ёр бўлишини тилаймиз.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.