U-20 Осиё кубоги. Финал
Ўзбекистон – U-20 – Ироқ – U-20 - 1:0 (0:0)
Тошкент. “Бунёдкор” стадиони. 33834 томошабин.
Ҳакамлар: Муҳаммад Назми (Малайзия), Аҳмад Саид (БАА), Муҳаммад Зайрул (Малайзия), Яҳё Алмулла (БАА), Файсал Эид (Қатар).
Назоратчи: Ден Хиалонг (Хитой).
Комиссар: Носир Алобеидли (БАА).
Гол: Умарали Раҳмоналиев (72-пен.).
Ўзбекистон- U-20: 21.Отабек Боймуродов, 3.Абдуқодир Ҳусанов, 6.Жаҳонгир Ўрозов, 8.Беҳрузбек Асқаров (4.Абубакр Ашуров, 90), 10.Умарали Раҳмоналиев, 13.Зафармурод Абдираҳматов (2.Иззатулло Пўлатов, 82), 14.Аббосбек Файзуллаев, 15.Диёрбек Ортиқбоев, 20.Маҳмуджон Маҳамаджанов (18.Саидафзалхон Аҳроров, 90), 22.Шерзод Эсанов (17.Нодирбек Абдураззоқов, 60), 23.Асадбек Жўрабоев (7.Пўлатхўжа Холдорхонов, 60).
Ироқ- U-20: 22.Ҳуссайн Ҳассан, 4.Кадим Раад Хотам, 5.Абдул Раззоқ Қосим (8. Исмоил Аҳмад, 89), 6.Адам Толиб, 9.Мустафо Қобил (11. Ашар Али, 77), 10.Абдулқодир Айюб, 16.Али Жассим, 18.Али Содиқ (20. Чарбел Авни Шамун, 89), 19.Сажжад Муҳаммад, 21.Ҳайдар Абдулкарим (7. Муҳаммад Жамиил, 80)
Огоҳлантиришлар: Ж.Ўрозов (83) – С.Муҳаммад (34).
Бугун юртимизда U-20 Осиё чемпионати ўз якунига етди. Мазкур мусобақанинг ҳал қилувчи финал баҳсини турнир мезбони бўлган, Равшан Ҳайдаров мураббийлик қилаётган Ўзбекистон – U-20 ёшлар терма жамоаси Ироқ – U-20 термасига қарши ўтказди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу жамоалар мазкур мусобақада бир гуруҳдан жой олишган ва гуруҳ баҳслари доирасидаги ўйинда вакилларимиз 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишганди.
Мазкур баҳсда ҳам Равшан Ҳайдаров шогирдлари ироқлик тенгдошларини 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратишди ва 20 ёшли футболчилар ўртасида Осиё чемпионига айланишди.
Учрашув тақдирини ҳал қилган ягона гол эса 72-дақиқада урилди. Ўша вазиятда ёшлар терма жамоамиз ярим ҳимоячиси Аббосбек Файзуллаев чап қанотдан рақиб жарима майдончаси ичига ёриб кирган вақтда, ироқлик футболчи унга нисбатан қўполлик ишлатди. Натижада бош ҳакам Муҳаммад Назми Ироқ-U-20 термаси дарвозасига 11 метрли жарима зарбаси белгилади.
Пенальтини ёшлар терма жамоамиз сардори Умарали Раҳмоналиев пенальтини аниқ амалга оширган ҳолда, вакилларимизни қитъа чемпионига айлантирган гол муаллифи бўлди.
Мазкур ўйинда “Навбаҳор” ҳужумчиси Асадбек Жўрабоев бошланғич таркибда майдонга тушиб, учрашувнинг 60-дақиқасида Пўлатхўжа Холдорхоновга алиштирилди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу баҳсни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бевосита стадионда кузатди ва ўйиндан сўнг, мусобақа ғолибларига олтин медаллар ҳамда чемпионлик кубогини шахсан ўзи топширди.
U-20 ёшлар терма жамоамиз посбони Отабек Боймуродов – Осиё кубоги U-20нинг энг яхши дарвозабони, ёшлар терма жамоамиз ярим ҳимоячиси Аббосбек Файзуллаев эса яхши футболчиси деб топилишди.
Биз ушбу зафар билан U-20 ёшлар терма жамоамиз вакилларини табриклаймиз ва бўлажак U-20 жаҳон чемпионатида ҳам омад ёр бўлишини тилаб қоламиз.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.