Осиё кубоги саралаш босқичи беллашувларига пухта ҳозирлик кўраётган, Илҳом Ханжариев мураббийлик қилаётган Ўзбекистон – U-20 аёллар терма жамоаси Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида 11-17 июнь кунлари ўтказилган CAFA U-20 Women’s Championship 2021 халқаро турнирида иштирок этди.
Мусобақа регламентига кўра, терма жамоамиз Эрон, Қирғизистон, Aфғонистон ва мезбон жамоа Тожикистон терма жамоалари вакилларига қарши гуруҳ учрашувларида майдонга тушди. Барча баҳслар Душанбедаги “Марказий” стадионида бўлиб ўтди.
Ўтказилган баҳсларда Илҳом Ханжариев шогирдлари афғонистонликларни 11:0, қирғизистонликларни 3:1, тожикистонликларни 7:1 ҳисобларида мағлубиятга учратган ҳолда, эронликлар билан 2:2 ҳисобидаги дурангга имзо чеккан ҳолда, якунда 10 очко тўплашди.
Эрон – U-20 аёллар терма жамоаси ҳам 10 очко тўплади. Аммо тўплар нисбатига кўра (23-4), вакилларимиз гуруҳ пешқадами сифатида мусобақа ғолибига айланишди.
Ўзбекистон – U-20 аёллар терма жамоамиз ҳужумчиси Жасмина Абдуғаниева 7 та гол урган ҳолда, турнир тўпурари бўлди ҳамда мусобақа ташкилотчилари томонидан махсус совға билан тақдирланди.
Мазкур турнирда Ўзбекистон – U-20 аёллар терма жамоаси таркибида “Навбаҳор” аёллар жамоасининг 19 ёшли маҳоратли ҳужумчиси Тожинисохон Рашидова ҳам иштирок этиб, у аёллар терма жамоамизни барча ўйинларда майдонга сардор сифатида бошлаб тушди ва ушбу мусобақадаги 2 та голга муаллифлик қилган ҳолда, вакилларимизнинг муваффақиятларига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди.
Ўзбекистон – U-20 аёллар терма жамоамиз 18 июнь куни Тошкентга қайтиб келди ва футбол жамоатчилиги, футболчиларнинг оила аъзолари томонидан муносиб тарзда кутиб олинди.
Биз ушбу муваффақият билан Ўзбекистон – U-20 аёллар терма жамоамиз ҳамда Тожинисон Рашидовани табриклаймиз ва унга кейинги турнирларда ҳам омад ёр бўлишини тилаймиз.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.