Навбаҳор” – “Нефтчи” – 1:1 (0:0)
29 апрель. Наманган шаҳри. 16600 томошабин.
Ҳакамлар: Зокир Қодиров (Навоий), Обид Жумаев (Навоий), Руслан Самандаров (Навоий), Раҳимбек Каримов (Тошкент).
“Навбаҳор":45. Акбар Тўраев, 6. Остон Ўрунов, 9.Дилшод Жабборов (8.Аюбхон Номонов, 57), 10.Азизбек Турғунбоев, 11. Зоҳир Пиримов (17.Сардор Сулаймонов, 57),15. Азамат Алланиёзов, 19.Мирзоҳид Ғофуров, 21. Аъзамжон Алиев, 24. Даврон Ҳошимов (23.Беҳруз Садиллоев, 68), 33.Томислав Пайович, 44. Дарко Станоевич.
"Нефтчи": 77.Виталий Мирний, 2.Искандар Шойқулов, 3.Шукурали Пўлатов, 7.Мурод Бобожонов (71. Хуршидбек Асқаралиев, 71), 8.Аббосбек Махсталиев,14.Аброрбек Исмоилов, 22.Абдужамол Исроилов, 23.Абдураҳмон Абдулҳақов (13. Жамшид Қобулов, 80), 25.Алишер Саматов, 90.Исломбек Каримов (55. Аваз Агалиев, 90+1), 95.Достонбек Турсунов.
Голлар: С.Сулаймонов (84) – Х.Асқаралиев (69).
Огоҳлантиришлар: Ш.Пўлатов (17), И.Шойқулов (31), А.Махсталиев (49), В.Мирний (78), Абдураҳмон Абдулҳақов (79, барчаси “Нефтчи”дан).
Назоратчи: Сардор Нажафалиев (Тошкент).
Комиссар: Бахтиёр Намозов.
29 апрель куни Суперлига 9-тури доирасида Наманганнинг “Навбаҳор” клуби ўз майдонида Фарғонанинг “Нефтчи” жамоасини қабул қилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур учрашувдан олдин кўпчилик мезбонларнинг ғалаба қозонишларини башорат қилганди. Боиси, фарғоналиклар жорий мавсумни омадсиз ўтказаётган ва турнир жадвалининг сўнгги поғонасини эгаллаб туришганди. “Лочинлар” эса аксинча, ўз майдонларида ҳар қандай рақибни мағлубиятга учратишга қодир эдилар. Аммо башоратларга терс ўлароқ, қолаверса, учрашув “водий дербиси” мақомига мос бўлганлиги сабабли, ушбу ўйин ўз номига яраша жанговар ва курашларга бой тарзда ўтди. Ўз ўрнида айтиш жоизки, бу учрашувни томоша қилиш учун қўшни Қирғизистон Республикасидан ҳам мухлислар ташриф буюриб, ўйин арафасида жамоамиз аъзоларига ўзларининг бош кийимларини туҳфа этишди ва бутун баҳс давомида “лочинлар”ни қўллаб-қувватлаб туришди.
Учрашув борасида тўхталадиган бўлсак, биринчи бўлимда устунлик Илҳом Мўминжонов шогирдлари тарафида бўлди. Жумладан, Азизбек Турғунбоев 4 марта жарима зарбасини амалга ошириб, ундан самарали тарзда фойдалана олмаган бўлса, Мирзоҳид Ғофуров ва Аъзам Алиевнинг зарбасига аниқлик етишмади. Бунга эса фарғоналиклар саноқли ҳужумлар билан жавоб беришди.
“Лочинлар” 2-бўлимни ҳам ҳужумкор руҳда бошлашди. Томислав Пайович ва Зоҳир Пиримов юзага келган қулай имкониятдан самарали тарзда фойдалана олишмади. Шу ерда сен урмасанг, сенга уришади нақли ўз исботини топди. Меҳмонларнинг навбатдаги қарши ҳужумларидан бирини қайтариш чоғида ҳимоячиларимиз қўпол хатога йўл қўйиб, тўпни захирадан майдонга туширилган Хуршидбек Асқаралиевга туҳфа этишди. Ёш ҳужумчи эса бундан самарали тарзда фойдаланиб, Акбар Тўраев қўриқлаётган дарвозани аниқ нишонга олди – 0:1.
Мезбонлар мувозанатни тиклаш учун ҳужумни кучайтиришди. Аммо ҳужумни якунига етказиш “лочинлар”га насиб этмасди. Ниҳоят, 84-дақиқага келиб, наманганликлар ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлишди.
Илҳом Мўминжонов шогирдларининг навбатдаги ҳужумларидан бирида захирадан майдонга туширилган Сардор Сулаймонов дарвозабоннинг қаршисида якка қолди ва тўпни дарвозага йўллади. Сулаймоновнинг биринчи зарбасини фарғоналикларнинг украиналик посбони Виталий Мирний бартараф этиб, тўпни қайтарди. Қайтган тўпга яна ўзи эга чиққан Сардор бу сафар дарвозани аниқ нишонга олиб, мувозанатни тиклади.
Шундан кейин “Навбаҳор” футболчилари ғалаба тўпини киритиш мақсадида олдинга ташланишди. Лекин уларнинг зарбаларига аниқлик етишмасди. Бундан ташқари, меҳмонлар дуранг ҳисобини сақлаб қолиш мақсадида вақтни чўзишга интилишди. Бунинг натижасида учрашув бош ҳаками Зокир Қодиров тўхталишлар учун ўйинга 8 дақиқа қўшиб берди.
Қўшимча дақиқаларда ҳам мезбонлар ҳужумни пасайтиришмади.
Лекин ғалаба тўпини киритиш “лочинлар”га насиб этмади ва учрашув дуранг ҳисобида якунланди. Бу натижа эса “Нефтчи”га қўл келганлиги аниқ. Боиси, фарғоналиклар “Навбаҳор”дан сафарда 1 очко олишди. Бу эса айни дамда турнир жадвалининг сўнгги поғонасидаги “Нефтчи” учун катта натижа.
“Навбаҳор” матбуот хизмати.