U-23 Осиё кубоги. Ярим финал
Индонезия-U-23 – Ўзбекистон - U-23 – 0:2 (0:0)
26 апрель. Доха. “Халифа” стадиони.
Голлар: Ҳусайн Норчаев (68), Прамата Арнан (86-авт.).
Индонезия-U-23: 12.Прамата Арнан, 3.Муҳаммад Ферарри, 5.Ризки Ридҳо Рамадани, 6.Ивар Женнер, 7.Марселино Фердинан, 8.Витан Сулейман, 9.Рамадан Сананта, 10.Жастин Хабнер, 14.Муҳаммад Фажар Фатхур, 21.Эрнандо Ари Суратайри, 23.Натан Тжое.
Захира: 1.Муҳаммад Адисатийро, 2.Илхам Рио Фахми, 4.Команг Тегух, 13.Амируддин Багас, 15.Иксхан Нул, 16.Аркхан Фикри, 17.Дони Три Памунгакус, 18.Муҳаммад Райхан Ханани, 19.Жэйм Келли, 20.Хокки Карака, 22.Даффа Фасйа.
Ўзбекистон-U-23: 1.Абдувоҳид Неъматов, 3.Зафармурод Абдираҳматов, 4. Абдуқодир Ҳусанов, 7.Ҳожимат Эркинов ( 10.Жасурбек Жалолиддинов, 46), 9.Улуғбек Ҳошимов ( 19.Ҳусайн Норчаев, 46), 14.Аббосбек Файзуллаев (6. Иброҳимхалил Йўлдошев,90), 15.Умарали Раҳмоналиев, 16.Асадбек Раҳимжонов (5.Муҳаммадқодир Ҳамралиев, 66), 18.Алибек Давронов, 22.Алишер Одилов (20.Русланбек Жиянов, 71), 23.Абдурауф Бўриев.
Огоҳлантиришлар: Натан Тжое (15), Пратама Арнан (45) Жастин Хабнер (90+12) - Алибек Давронов (31), Абдурауф Бўриев (90+5).
Четлатиш: Ризки Ридҳо Рамадани (84).
Тимур Кападзе мураббийлик қилаётган Ўзбекистон–U-23 олимпия терма жамоамиз Қатарда бўлиб ўтаётган U-23 Осиё кубоги ярим финалидан ўрин олган баҳсни Индонезия олимпиячилариига қарши ўтказиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, Париж-2024 Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритди.
Ўйин борасида тўхталадиган бўлсак, бутун учрашув давомида устунликка эришган вакилларимиз гарчи беллашувнинг 1-бўлимида ҳам хавфли вазиятлар яратишган, жумладан, бир вазиятда Абдурауф Бўриевнинг зарбасидан сўнг, тўп дарвоза тўсинига тегиб қайтган бўлсада, дарвозага тўп кирита олишмади. Натижада танаффусга жамоалар 0:0 ҳисобида йўл олди.
Иккинчи бўлимда олимпия терма жамоамиз устози Тимур Кападзе таркибда бир қатор ўзгаришларни амалга оширди ва бу кўп ўтмай ўз самарасини берди. Айнан захирадан майдонга туширилган футболчиларнинг саъй-ҳаракатлари эвазига вакилларимиз 68-дақиқада ҳисобни очишди.
Муҳаммадқодир Ҳамралиевнинг узатмасини Ҳусайн Норчаев голга айлантирди – 0:1.
84-дақиқада индонезияликлар ҳимоячиси Ризки Ридҳо Рамадани Жасур Жалолиддиновга ишлатган қўполлиги учун майдондан четлатилди ва рақиб майдонда 10 киши бўлиб қолди.
Айнан шу ҳолатдан кейинги стандарт вазиятдан сўнг, иккинчи гол урилди. Ўша вазиятда Жасур Жалолиддиновнинг жарима зарбасидан кейин тўпни Индонезия –U-23 дарвозабони Прамата Арнан қайтарди. Қайтган тўпга Абдуқодир Ҳусанов боши билан зарба берди. Рақиб ҳимоячиси ва дарвозабони бу ҳолатда бир-бирларига халақит беришди. Натижада автогол юзага келди – 0:2.
Мазкур ўйинда “Навбаҳор” ҳужумчиси Русланбек Жиянов 71-дақиқада Алишер Одиловнинг ўрнига майдонга тушди.
Ушбу ютуқдан сўнг, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Париж-2024 йўлланмасини қўлга киритди. Шу тариқа, олимпия терма жамоамиз тарихда илк маротаба Олимпиадада иштирок этадиган бўлди.
Биз учун қувончлиси, олимпия терма жамоамизнинг мазкур зафарида жамоамиз ҳужумчиси Русланбек Жияновнинг ҳам муносиб улуши бор.
Жиянов олимпия терма жамоамизнинг гуруҳ босқичи, 3-туридан ўрин олган, вьетнамликларга қарши кечган ўйинида гол уриб, вакилларимизнинг йирик ҳисобдаги ғалабаси (3:0)га муносиб ҳисса қўшди.
“Навбаҳор” ПФК ушбу тарихий зафар билан барча ҳамюртларимизни табриклайди ҳамда ўзбек футболи равнақи йўлида хизмат қилади!
Тимур Кападзе шогирдлари финал баҳсини 3 май куни Япония – Ироқ олимпия терма жамоалари ғолибига қарши ўтказади.
Бўлажак баҳсда вакилларимизга омад ёр бўлиб, Осиё чемпиони унвонини қўлга киритишларига тилакдошмиз!
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.