Рейтинг:  0 / 5

Звезда не активнаЗвезда не активнаЗвезда не активнаЗвезда не активнаЗвезда не активна

 Жамоаларнинг қандай ўйин намойиш этишлари кўп жиҳатдан майдоннинг сифатига ҳам боғлиқ. Майдон сифатли ва қониқарли бўлса, футболчи ўз имконияти даражасида тўп сура олади. Аксинча  бўлса, буни амалга ошириш муаммо туғдиради. Миллий чемпионатимиз Суперлига номини олгач, клубларнинг стадионлари ва майдонларига ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Биз Наманганнинг “Навбаҳор” клубининг уй стадиони саналадиган Наманган шаҳридаги “Марказий” ўйингоҳ директори Набихон Абдуғаниев билан стадионда олиб борилаётган ишлар юзасидан суҳбат уюштирдик.

  • Набихон ака, “Марказий” ўйингоҳда жорий мавсумга тайёргарлик ишлари қандай олиб борилмоқда?
  • Хабарингиз бор, бу йил севимли жамоамиз “Навбаҳор” ташкил топганлигига 40 йил тўлади. Ушбу юбилейга муносиб тайёргарлик кўриш мақсадида стадионда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Қайта реконструкция қилинган 2014 йилдан буён ҳали ўйингоҳ таъмирланмаганди. Бу йил стадионда жуда катта ҳажмда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, майдон чимлари керакли дори воситалари билан ишлов берилиб, плёнка билан ўралди.

 15 кундан кейин плёнка олиб ташланиб, майдонда айни пайтда суғориш ишлари олиб борилмоқда. Худо хоҳласа, 17 март кунги “Локомотив”га қарши кечадиган учрашувгача майдон тайёр ҳолга келтирилади.

Хабарингиз бор, жорий мавсумдан бошлаб, севимли жамоамиз “Навбаҳор”нинг логотипи ва формаларининг ранги ўзгартирилди. Шундан келиб чиққан ҳолда, стадион фойелари, ўриндиқларнинг олд тарафлари “Навбаҳор”нинг либослари рангига мослаштирилган ҳолда, оқ ва қизил рангларга бўялмоқда.

  • Мухлислар ва ОАВ ходимларига қулайлик яратиш учун стадионда қандай ишлар амалга оширилмоқда?
  • Албатта, футбол мухлислар учун ўйналади. Олдинги йилларда мухлислар қўлларида чипталари бўлишига қарамай, ўз ўриндиқларини топишда муаммоларга дуч келишарди. Шундай ҳолатлар яна такрорланмаслиги, ишқибозларга қулайлик яратиш мақсадида турникетлар электромагнит ускуналар билан жиҳозланяпти ва турникетларга чипта рақамини ўқийдиган махсус жиҳоз ўрнатиляпти. Чипталар компьютерда чоп этилади ва қанча чипта сотилганлиги компьютер орқали аниқланади. Шунда ўйингоҳга қанча томошабин ташриф буюрганлиги ҳам аниқ маълум бўлади. Бундан ташқари, энди ишқибозлар хотирали видеокамера орқали назорат қилинадилар. Тартибсизликка йўл қўйган мухлислар бундан буён кейинги ўйинларга киритилмайди. Мухлисларнинг ўз ўриндиқларини топишда ёрдам бериш мақсадида стюардларни ҳам жалб этдик. Бундан ташқари, савдо шаҳобчаларини ташкил этяпмиз. Жумладан, ўйингоҳимизда “Навбаҳор”нинг формалари, шарфлари, жамоа логотипи туширилган ён дафтарча, шунингдек, салқин ичимликлар, пирожнийлар ва музқаймоқ сотувини йўлга қўйяпмиз.

Оммавий ахборот воситалари вакилларига қулайлик яратиш мақсадида эса журналистлар учун медиа-трибуна, микст-зона ташкил этдик. Энди ОАВ ходимлари учрашувни бевосита медиа-трибунадан кузатиш имкониятига эга бўлишади. Бундан ташқари, журналистлар ўйиндан кейин микст-зонада ўзлари хоҳлаган мураббий ва футболчилардан интервью олишлари мумкин. Қисқаси, бу йилги регламентга мувофиқ, стадионимизда мухлислар ҳамда ОАВ ходимлари учун қулай шароитлар яратилмоқда. Энди мухлислар ва журналистлар стадионда ҳеч қандай муаммоларга дуч келишмайди.

  • Мазкур ишларни амалга оширишда “Навбаҳор” клуби раҳбарияти ва ҳомий ташкилотларнинг ҳиссалари қандай?
  • Албатта, бу ишларни бажаришда Наманган вилоят ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Хайрулла Ҳайитбаевич Бозаров, Наманган шаҳар ҳокими, “Навбаҳор” клуби президенти Шавкат Шокиржанович Абдураззоқов, вилоят футбол ассоциацияси вице-президентлари Олимжон Ботирович Исаев ва Баҳром Муҳитдинович Холмирзаев, “Навбаҳор” клуби директори Акрам Гаппарович Дедабаев, шунингдек, ҳомий ташкилотлар амалий ёрдам беришмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, уларга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман.

Сўзим якунида шуни таъкидламоқчиманки, 17 март куни Наманганда жорий мавсумнинг илк учрашуви ўтказилади. Шунингдек, “Навбаҳор”нинг 40 йиллик юбилейи ҳам нишонланади. Мазкур тадбирни юқори савияда ўтказиш учун маданият бошқармаси, санъат бтилим юртлари тарбияланувчилари, таниқли хонандалар, вилоят телерадиокомпанияси ва жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари жалб этилитшган.   бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ушбу юбилейда юртимизнинг таниқли хонандалари ўзларининнг дилрабо куй-қўшиқлари билан йиғилганларга қувонч улашадилар.

Бундан ташқари, бир қатор фахрий меҳмонлар ҳам юбилейга таклиф этилишган. Улар орасида Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси президенти, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов, “Навбаҳор” клубининг собиқ футболчи ва мураббийлари бор. Мазкур тадбирга барча мухлисларни таклиф этиб қоламан. Барча амалга оширилаётган ишлар жорий мавсум баҳсларида ўйингоҳимизда мухлисларнинг тўлиб-тошиши учун қаратилган.

"Навбаҳор"ПФК матбуот хизмати.

 

Рейтинг:  0 / 5

Звезда не активнаЗвезда не активнаЗвезда не активнаЗвезда не активнаЗвезда не активна

Бугун Суперлиганинг 3-тур учрашувларига ҳакамлар ва назоратчилар тайинланди. Унга кўра, мазкур тур доирасидаги “Навбаҳор” – “Локомотив” жамоалари ўртасидаги марказий баҳсни навоийлик Зокир Қодиров бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи бошқарадиган бўлди. Унга қанотларда ҳамшаҳарлари Руслан Самандаров ва Обид Жумаев ёрдам беришади. Захира ҳаками андижонлик Акмал Раҳимов. Учрашув назоратчиси тошкентлик Артём Арутюнов. Ўйин комиссари эса М.Саидқосимов.
Эслатиб ўтамиз, 3-турнинг марказий учрашуви бўлган “Навбаҳор” – “Локомотив” баҳси 17 март куни соат 20:00да бошланади.
Бўлажак ўйинда севимли жамоамизга омад ёр бўлишини тилаб қоламиз.
“Навбаҳор” ФК матбуот хизмати.

Рейтинг:  0 / 5

Звезда не активнаЗвезда не активнаЗвезда не активнаЗвезда не активнаЗвезда не активна

Мамлакатимиз футболида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шундай янгиликлардан бири ҳар бир Суперлига клублари қошида мухлислар билан ишлаш бўлимларининг ташкил этилганлигидир. Хабарингиз бор, Наманганда футболга қизиқиш жуда кучли ва наманганлик ишқибозларнинг таърифи нафақат юртимиз, балки хориж мамлакатларига ҳам ёйилган.

Ўзбекистон футбол ассоциациясининг қароридан руҳланган наманганлик мухлислар дарров ўзларига раҳбар сайлаб, астойдил ишга киришдилар.

Бу йил Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси ташкил топганлигига 40 йил тўлади. Мазкур юбилейни кўтаринки руҳда ва тантанали тарзда ўтказиш учун “Навбаҳор” клуби томонидан бир қатор тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Тўйга тўёна сифатида жамоа олдига ҳам клуб раҳбарияти томонидан   совриндорлар сафидан жой олиш вазифаси қўйилди.

Табиийки, мазкур жараёндан мухлислар ҳам четда қолишмади ва жорий мавсумда севимли жамоаларини ўзгача тарзда қўллаб-қувватлашни мақсад қилишган. Биз шу ҳақда кенгроқ маълумот  мақсадида “Навбаҳор – Лочинлари” ПФК мухлислар билан ишлаш бўлими бошлиғи Фарҳод Умаралиев билан суҳбат уюштирдик.

  • Фарҳод, ўзингизга маълум, жорий мавсумдан бошлаб, Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан мухлисларга ҳам жиддий талаблар қўйилмоқда. Бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?
  • Миллий чемпионатимизнинг номи Суперлигага айлантирилганидан кейин мухлисларга ҳам жиддий талаблар қўйилмоқда. Шундай талаблардан бири, мабодо ишқибозлар тартибсизликка йўл қўйишса, клубларга катта миқдорда жарима солиниши, клубларнинг дисквалификация қилиниши ва ҳоказо. Албатта бунга йўл қўймаслик учун ишқибозлар орасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Учрашувлар пайтида ҳар бир томошабинлар ўтирадиган ҳудудларда махсус сардорлар бўлади ва улар ички ишлар ходимлари билан баҳамжиҳат ҳолда иш олиб бориб, мухлислик маданиятини юксалтириш учун амалий ишлар олиб боришади. Жумладан, ишқибозларнинг стадионларга тартибли ҳолда кириб-чиқишлари, уларнинг тартибсизликка йўл қўймасликлари учун ҳаракат қилишади.
  • Маълумки, мухлислар жамоалар учун 12-рақамли футболчи ҳисобланишади. Севимли жамоангиз “Навбаҳор”ни қўллаб-қувватлаш учун қандай ишларни амалга оширяпсизлар?
  • Бу йил “Навбаҳор” ташкил топганлигига 40 йил тўлади. Шу муносабат билан биз бу йилдан бошлаб, бир қатор янгиликларни жорий этдик. Шулар қаторида жамоа гимни, “Навбаҳор”га бағишланган қўшиқ яратиш, севимли жамоамизни ўйинлар вақтида турли шиорлар ёзилган байроқларни кўтарган ҳолда, жамоа рамзи туширилган футболкаларни кийиб, шарфларни тақиб, турли шиорларни қичқириб айтиш орқали уларни руҳлантирган ҳолда, қўллаб-қувватлаш шулар жумласидан.

Бундан ташқари, “Навбаҳор” мухлислари учун махсус телеграмм @fkmuxlis канали ишлаб турибди. Мазкур канал орқали мухлислар жамоадаги янгиликлардан бохабар бўлиб туришади.   

Сафар ўйинларида ҳам севимли жамоамизни ёлғизлатиб қўймасликка, муносиб қўллаб-қувватлашга интиляпмиз. Жумладан, Бекобод ва Олмалиқ шаҳарларига бориб, “лочинлар”га руҳий далда бердик. Айниқса, Олмалиқда севимли жамоамизни ўзгача тарзда қўллаб-қувватладик. Менимча, бу ҳам ўз самарасини бериб, “Навбаҳор” сафардан 4 очко билан қайтди.

  • 17 март куни наманганликлар ўз майдонларида “Локомотив”ни қабул қилишади. Шу куни шунингдек, “Навбаҳор”нинг 40 йиллик юбилейи ҳам кенг нишонланади. Мазкур тадбирни муносиб тарзда нишонлаш учун мухлислар билан ишлаш бўлими томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?
  • Албатта, 17 март кунги тадбирга ҳам мухлислар билан ишлаш бўлими томонидан бир қатор ишларни амалга ошириш режаси ишлаб чиқилган. Аммо бу ҳозирча сир. Барча ишқибозларни 17 март кунги ўйинга таклиф этаман. Ўшанда улар биз – мухлислар севимли жамоамиз учун қандай совға тайёрлаганлигимизга гувоҳ бўлишади.

Кези келганида, яна бир нарсани таъкидлашни хоҳлардим. Бу йилдан бошлаб, “Навбаҳор” уй учрашувларини ўтказадиган “Марказий” ўйингоҳда мухлислар учун қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, энди ишқибозлар ўйингоҳга турникет орқали киришади ва чипта сотувидан тушган пуллар клуб ғазнасига тушади. Бундан ташқари, стадионнинг ўзида пирожнийлар, салқин ичимликлар ва музқаймоқ сотуви ҳам йўлга қўйилмоқда. Қисқаси, бу йил биз – мухлислар учун  “Марказий” ўйингоҳда яхши шароитлар яратилмоқда.

Ўз ўрнида шуни ҳам таъкидлашни истардимки, “Локомотив”га қарши кечадиган учрашувга Миллий олимпия қўмитаси президенти, ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов ташриф буюрадиган бўлди. Биз бўлажак ташрифдан жудаям хурсандмиз. Биз шу куни наманганлик мухлислар севимли жамоаларини қандай қўллаб-қувватлашларини намойиш этиш ниятидамиз. Зора, шундан сўнг, терма жамоамиз иштирокидаги ўйинлари Наманганда ўтказилса. Биз ўшанда термамиз вакилларини ҳам ажойиб тарзда қўллаб-қувватлардик. 

  • Жорий мавсумда “Навбаҳор” ўз таркибини бир қатор янги футболчилар билан тўлдирди. Сиз мазкур футболчиларнинг ҳаракатларини бевосита стадионда кузатдингиз. Уларнинг ўйинлари борасида нима дея оласиз?
  • Албатта, олдига юксак мақсадларни қўйган жамоанинг таркиби ҳам шунга яраша кучли бўлиши керак. Севимли жамоамиз ўз таркибини бир қатор янги футболчилар билан тўлдирди. Эндигина 2та тур баҳслари ортда қолди ва улар ҳозирча ишончни оқлашмоқда.

Ўз навбатида янги жамоанинг ўйинига киришиб кетиш учун футболчиларга бироз вақт кераклигини ҳам унутмаслик лозим.  Демак, кейинги баҳсларда мазкур футболчилардан янада яхшироқ ўйинлар кутиб қоламиз.

Фурсати келганида, шуни ҳам таъкидлашни хоҳлардимки, бир пайтлари Наманган вилояти терма жамоаларимиз учун кўплаб маҳоратли футболчиларни етказиб берарди. Сўнгги йилларда ушбу анъана тўхтаб қолди. Энди яна шу ёқимли анъанани такрорлаш вақти келди. Вилоятимизда иқтидорли ёш футболчилар кўпчиликни ташкил этади. Фақат уларга ўз вақтида эътибор қаратилса, яхши бўларди. Шунда Намангандан яна Одил Аҳмедов, Одил Ҳамробеков, Анвар Солиев,  Шуҳрат Мирхолдиршоев, раҳматли Тоҳир Мадраҳимов, Хайрулла Каримов сингари таниқли ўйинчилар етишиб чиқишади. Биз – мухлислар яна шундай дамлар келишига умид қиламиз.             

  • Жорий мавсумда “Навбаҳор”нинг олдига совриндорлар сафидан жой олиш вазифаси қўйилди. Сизнингча, жамоа бу вазифани уддалай оладими?
  • Таркибдан маҳоратли футболчилар жой олишган. Шунингдек, Илҳом Мўминжонов яхши жамоа шакллантирди. Шундай экан, “Навбаҳор” ўз олдига қўйилган вазифани бажаради, деган умиддаман. Биз ҳам бу йўлда ўз кучимизни аямай, “Навбаҳор”ни муносиб тарзда қўллаб-қувватлаймиз. Худо хоҳласа, севимли жамоамиз 40 йиллик юбилейига муносиб совға тайёрлайди, деган умиддаман.

Фурсатдан фойдаланиб,  биз – мухлисларга қулай шароитларни яратиб бераётган  Наманган вилоят ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Хайрулла Ҳайитбаевич Бозаров, Наманган шаҳар ҳокими, “Навбаҳор” клуби президенти Шавкат Шокиржанович Абдураззоқов, вилоят футбол ассоциацияси вице-президенти Олимжон Ботирович Исаев, “Навбаҳор” клуби раҳбариятига барча наманганликлар, мухлислар номидан ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Рейтинг:  5 / 5

Звезда активнаЗвезда активнаЗвезда активнаЗвезда активнаЗвезда активна

 

Жорий мавсумда ўз олдига юксак мақсадларни қўйган Наманганнинг “Навбаҳор” клуби ортда қолган 2та тур баҳсларидан кейин пешқадамлар сафида бормоқда. Биринчи турда Бекободда “Металлург” билан нурсиз дурангга имзо чеккан “лочинлар” 2-турда Олмалиқда АГМКни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратишди. Олмалиқликлар устидан қозонилган ғалабада жамоа ярим ҳимоячиси Азизбек Турғунбоевнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Учрашувнинг 50-дақиқасида Турғунбоев жарима зарбасини ажойиб тарзда амалга ошириб, ҳисобни очган бўлса, ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда бурчак зарбасини амалга ошириб, жамоадоши Дилшод Жабборовга тўпни қулай тарзда етказиб, унинг голига ҳаммуаллифлик қилди.

Биз 2-тур қаҳрамонидан интервью олдик.   

  • Азизбек, мана Суперлиганинг 2та тур баҳслари ортда қолди. Бу борадаги дастлабки хулосаларингиз...
  • Суперлига ўз номига мос равишда қизиқарли учрашувларга бой тарзда кечмоқда. Ўйинлар натижасини олдингидек аввалдан башорат қилиш қийин бўлмоқда. Кутилмаган ҳисоблар қайд этилмоқда. Масалан, “Металлург”нинг “Локомотив” майдонидан очко билан қайтиши, бу йил ўз таркибини сезиларли тарзда кучайтирган “Пахтакор”нинг “Бунёдкор”дан мағлубиятга учрашини ким ҳам ўйлабди, дейсиз? Шундай экан, Суперлигадаги барча клублар кучли, уларнинг орасида кучсизи йўқ. Ҳар бир жамоа ўз ҳисобига очко ёзиб қўйиш учун курашмоқда.
  • Навбаҳор” ҳам сафарда “Металлург” ва АГМК клубларига қарши баҳс олиб бориб, дуранг ва ғалаба қайд этди. Рақиблар борасида нима дея оласиз?
  • Бекободликлар жамоамизга қарши кечадиган ўйинга яхши тайёргарлик кўришган экан. Шундай бўлсада, “Металлург” билан бўлган баҳсда ғалаба қозониш учун майдонга тушдик. Аммо юзага келган вазиятлардан фойдалана олмадик. Бундан ташқари, майдоннинг сифати ҳали талаб даражасида эмаслиги ҳам ўйинимизга ўз таъсирини ўтказди.

Шу сабабли, Бекободда нурсиз дуранг билан чекланишга мажбур бўлдик.

АГМК биринчи турда сафарда, “Бунёдкор”дан очко олиб қайтганди. Шунинг учун олмалиқликлар билан бўладиган учрашувга астойдил тайёргарлик кўрдик. Ўша ўйинда клуб раҳбарияти ва мухлисларнинг  ишончларини оқлаш учун ютишимиз шарт эди. Худога шукр, ўз ниятимизга етиб, муҳим 3 очкони қўлга киритдик.

  • АГМК билан бўлган учрашувда жарима зарбасини ажойиб тарзда амалга ошириб, ҳисобни очдингиз. Ғалаба тўпи киритилганда эса бурчак зарбасидан кейин тўпни Дилшод Жабборовга қулай тарзда етказиб бердингиз. Стандарт вазиятларни амалга ошириш борасида машғулотлар давомида алоҳида шуғулланасизми?  
  • Албатта, шуғулланаман. Ўтган мавсумда ҳам айрим пайтларда стандарт вазиятларни амалга оширардим. Жорий йилдан бошлаб, жарима ва бурчак тўпларини тепишни менга кўпроқ ишониб топширишди. Мендан ташқари, жамоамиз сардори Дилшод Жабборов ҳам стандарт вазиятларни амалга оширишда устаси фаранг. Жарима зарбалари қайси нуқтадан белгиланишига қараб, Дилшод ака билан келишган ҳолда, стандарт вазиятларни амалга оширяпмиз.
  • Олмалиқдаги ўйинда эса жарима зарбасини амалга ошириш учун тўп олдига сиз келдингиз. Ўша лаҳзаларда гол уришингизга ишонганмидингиз?
  • Ўша вазиятда тўп киритишимни юрагим сезганди. Шунинг учун тўп олдига ўзим бориб, жарима зарбасини амалга оширдим ва Худога шукр, ички сезгим панд бермади.                             
  • Стандарт вазиятларни самарали тарзда амалга ошириш учун қайси футболчиларнинг ўйинларини кузатиб, улардан ўзига хос тарзда “сабоқ” оляпсиз?
  • Замонавий футболда жарима зарбаларини амалга ошириш борасида “Барселона” етакчиси Лионель Мессига тенг келадиган футболчи бўлмаса керак, менимча. Шунингдек, “Реал” ҳужумчиси Криштиану Роналду ҳам стандарт вазиятларни самарали тарзда фойдалана олади.

Жаҳоннинг энг яхши футболчилари бўлган мазкур ўйинчилардан техника ва стандарт вазиятларни амалга оширишни ўзлаштиришга ҳаракат қиляпман.

  • Жорий мавсумда нечта гол уришни мақсад қилгансиз?
  • Ҳар бир ўйинда тўп киритишни мақсад қилганман. Буни амалга ошириш учун қўлимдан келганича ҳаракат қиламан. Албатта, буни ёлғиз ўзингиз амалга оширишингиз қийин. Шунинг учун ўтган мавсумдаги бўлгани каби ярим ҳимоядаги шерикларим – Дилшод Жабборов, Аъзам Алиев ва Остон Ўруновлар ҳам ўз “пас”лари билан бу борада ёрдам бериб, голларимга яна ассистентлик қилишади, деган умиддаман. Ушбу жамоадошларим билан майдонда бир-биримизни яхши тушунамиз ва жамоамизнинг ғалабаларига муносиб ҳиссамизни қўшамиз.
  • Жорий мавсумда “Навбаҳор” таркибига бир қатор янги футболчилар қўшилишди. Янги жамоадошларингиз ҳақида фикрингиз қандай?
  • Янги жамоадошларимнинг барчаси юқори савияли футболчилар. Улар дастлабки 2та ўйинда ўз маҳоратларини намойиш этишди ва бундан кейин ҳам ишончни оқлаш учун ҳаракат қилишади. Ҳозирги таркибимиз яхши шаклланган. Мазкур футбочилар билан олдимизга қўйилган вазифани бажарамиз, деган умиддаман.
  • Ўтган мавсумда 77-рақам остида тўп сургандингиз ва буни 7 рақамини ёқтиришингиз билан изоҳлагандингиз. Бу йил эса 10-рақамни танлабсиз. Бунинг сабаби нимада?
  • Тўғри, 7 рақамини ёқтираман. Аммо 10-рақам остида жаҳонга машҳур футболчилар – Пеле, Диего Марадона ва яна кўплаб таниқли ўйинчилар ўйнашган. Шу боис, мазкур рақамни танлашга қарор қилдим. Ўша машҳур футболчиларнинг издоши бўлиш, уларга ўхшашга интиламан. 
  • Суперлиганинг 3-тур доирасида “Навбаҳор” ўз майдонида амалдаги чемпион “Локомотив”ни қабул қилади. Бўлажак ўйин ва рақиб борасидаги фикрингиз...
  • “Темирйўлчилар”нинг Осиё Чемпионлар Лигаси ва миллий чемпионатимиз доирасидаги ўйинларини томоша қилдим. Тўғри, жамоа анча кучли ва таркибидан юқори савияли футболчилар жой олишган. Бунинг устига “Локомотив” амалдаги мамлакат чемпиони. Лекин ҳар қандай жамоа, жумладан, “Локомотив”ни ҳам мағлубиятга учратса бўлади. Ахир, “Металлург” “темирйўлчилар” майдонидан очко олиб қайтди-ку!

“Темирйўлчилар”га қарши кечадиган учрашув жорий мавсумдаги Намангандаги илк ўйин ва мавсумнинг очилиш баҳси бўлади.

Шунинг учун бўлажак учрашувга астойдил тайёргарлик кўряпмиз ва

17 март куни ғалаба қозониб, мухлисларга қувонч улашиш ниятидамиз.

Ишқибозлар 12-ўйинчи ролини бажариб, Бекобод ва Олмалиқ шаҳарларида жамоамизни ажойиб тарзда қўллаб-қувватлашди.

17 март куни мухлислардан янада фаол бўлишларини кутиб қоламиз. Бу бизнинг кучимизга-куч қўшиб, Худо хоҳласа, “Локомотив”ни мағлубиятга учратишимизда ёрдам беради.    

Бу йил “Навбаҳор”нинг 40 йиллик юбилейи нишонланади. Биз ҳам тўйга тўёна дегандек, яхши ўйинлар намойиш этиб, совриндорлар сафидан жой олишга ҳаракат қиламиз.

Фурсати келганида, клуб раҳбариятига ҳам ўз миннатдорчилигимни билдираман. Улар бизга барча шароитларни яратиб беришяпти. Уларнинг ишончларини оқлаш учун майдонда бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз.   

Жамоамиз аҳил-иноқ ва яхши шаклланган. Бу жамоа билан ҳар қандай рақибни мағлубиятга учратишга қурбимиз етади