Хабарингиз бор, айни пайтда Ўзбекистон Coca Cola Суперлигасида давралар оралиғидаги танаффус ва ёзги трансфер “ойнаси” вақти.
Шу боис, кўплаб клублар, шу жумладан, жамоамиз таркибида ҳам ўзгаришлар бўлиши табиий.
Ўзингизга маълум, “Навбаҳор” жорий мавсумда ўз олдига юксак мақсадларни қўйган ва давралар оралиғидаги танаффусга турнир пешқадами сифатида чиқиб кетди.
Шу боис, юртимиздаги спорт ҳамда футболга ихтисослашган турли сайтлар ва блогерлар томонидан очилган турли телеграм каналлари орқали трансфер ҳамда таркибдаги ўзгаришларга оид турли миш-мишлар айнан “лочинлар”га тегишли бўлмоқда.
Боиси, “Навбаҳор” нафақат юртимиз, балки, Осиё қитъаси ва МДҲ мамлакатларида ҳам ўз номига, обрўсига эга жамоа саналади.
Шунингдек, “Навбаҳор” миллий чемпионатларимизнинг мунтазам икки иштирокчисидан бири (“Пахтакор” билан биргаликда), бундан ташқари, бир марта Ўзбекистон чемпиони (1996 йили), тўққиз карра бронза медали совриндори (1993, 1994,1995, 1997, 1998, 1999, 2003-2004, 2018 йилларда), уч карра Ўзбекистон кубоги соҳиби (1992, 1995, 1998 йилларда), бир марта Суперкубок соҳиби (1999 йили) саналади.
Ўз ўрнида таъкидлаш жоизки, юртимиз мустақилликка эришганидан сўнг, илк Ўзбекистон кубоги ҳамда Суперкубогининг дастлабки соҳиби ҳам “Навбаҳор” саналади.
“Навбаҳор”нинг ашаддий ва фидойи мухлислари борасида ҳам тўхталмасликнинг иложи йўқ. Сўнгги мавсумларда энг кўп мухлис тўплаш борасида жамоамиз етакчиликни қўлдан бой бермай келаётганлиги ҳам бунинг исботидир.
Шу боис бўлса керак, кўплаб клубларнинг раҳбарлари, мураббийлари ва футболчилари “Навбаҳор” мухлисларига ҳавас қилишади.
Албатта, шундай ютуқ ҳамда совринларга эга ва кўп минглаб ишқибозлари бўлган жамоа ҳақидаги ҳар қандай шов-шувли хабар ёки янгиликлар кўпчиликни қизиқтириши табиий. Бундан эса кўплаб сайт ижодкорлари ва блогерлар пиар сифатида самарали тарзда фойдаланиб қолишга ҳаракат қилишади.
Бироқ шуни маълум қиламизки, айни пайтда жамоамиз сафидаги кўплаб футболчилар юқори савияли саналишади ва “Навбаҳор” мураббийлар штаби 2-даврада уларнинг имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш, шунингдек, асосий эътиборини иқтидорли маҳаллий ёшларга қаратишни ният қилган.
Шу боис, ёзги трансфер “ойнаси” даврида “лочинлар” таркибида унчалик катта ўзгаришлар юз бермаслиги эҳтимоли борлигини айтиш жоиз.
Яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки, клуб қайсидир футболчи билан келишувга эришиб, у шартномага имзо чекмагунича, “Навбаҳор” аъзоси ҳисобланмайди.
Шунингдек, бирор футболчи жамоани тарк этиш истагида бўлса, бу икки томонлама ўзаро келишув асосида амалга ошади ҳамда бу ҳақда клуб расмий сайти томонидан аниқ маълумот берилади.
Пиарни ёқтирадиган ва шунинг орқасидан югурадиган сайт ижодкорлари ва блогерлар шуни эътиборга олишларини сўраб қолардик.
Шунингдек, “Навбаҳор” мухлисларидан ҳам жамоамиз тўғрисидаги турли миш-мишларга ишонмаслик, “Навбаҳор”даги ўзгаришлар борасидаги ҳар қандай расмий хабар клубимизнинг расмий pfcnavbahor.uz cайти ва FCNAVBAHOR расмий телеграм каналида эълон қилинишини эслатиб ўтамиз.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.