Рейтинг:  1 / 5

Звезда активнаЗвезда не активнаЗвезда не активнаЗвезда не активнаЗвезда не активна

Ўзбекистон Coca Cola Суперлигасининг 17-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Пахтакор” (1:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида меҳмонлар жамоаси  бош мураббийи Максим Шацких иштирок этиб,журналистларнинг саволларига жавоб берди. Максим Александрович ўз сўзини ортда қолган ўйин ҳақидаги фикрлари билан бошлади.  

- Барчага хайрли кеч. Бунча кўп журналистни кўриш ёқимли. Менимча ўйин мухлисларга ёқди. Чемпионлик учун курашаётган иккита кучли жамоа тўқнаш келди, шу боис баҳс томошабоп ва кескин ўтди. Одатда бундай ўйинларда кўп голли вазиятлар кутилмайди, аммо бугун яхши ўйин бўлди. Бугун томошабинлар стадионни тўлдиришди ва улар уйга яхши кайфиятда кетишди деб ўйлайман.
- Ҳар бир мураббий ўйиндан аввал ҳам рақиб, ҳам ўз жамоаси ўйини ҳақида тасаввур бўлади. Бугун ўша тасаввурингиз билан қанчалик мос тушди?

- Биз ҳар бир рақибга тайёргарлик кўрамиз. Унинг кучли ва кучсиз томонларини ўрганиб чиқамиз. Шунга қараб, тактика тузамиз. “Навбаҳор”нинг кўп ўйинларини кўриб чиқдик. Улар доим бир хил ўйнашади, бугун ҳам шундай бўлди. Бизнинг дарвозамиз олдида хавфли вазиятлар содир бўлди ва гол ўтказдик. Шундай экан қиладиган ишларимиз кўп.

- Наманганлик мухлислар акангиз Олег Шацкихни яхши хотиралар билан ёдга олишади. У ҳозир қаерда?
- Олег Шацких ҳозир оиласи билан Москва вилоятида яшамоқда. Спорт билан алоқадор эмас. Бошқа ишлар билан банд. Асосийси унда барчаси яхши. Бундан 30 йил аввал Наманганга айнан “Навбаҳор” – “Пахтакор” учрашувига келганимни эсладим. Ўшанда акамга қарши “Пахтакор” сафида раҳматли Николай Ширшов персонал ўйнаганди. Стандарт вазиятдан кейин акам боши билан гол урганди ва “Навбаҳор" 1:0 ҳисобида ютганди.
- Азиз Турғунбоевни алиштирдингиз. Бунга нима сабаб бўлди?
- Турғунбоевнинг бироз чарчаб қолганини сездик. У наманганлик эканини билардим. Бугун асосий таркибда тушиши шарт эди. Иккинчи бўлимда унинг ўрнига бошқа футболчи тушириш ва ҳужумни янада жонлантиришга ҳаракат қилдик. Кейинроқ схемани ўзгартиришга қарор қилдик. Сабаби, бизда схемаларимиз жуда кўп ва йигитлар бундан хабардор.
- Анчадан буён Пахтакор уч нафар марказий ҳимоячи билан ўйнамаганди. Бу айнан Навбаҳор билан ўйин учун танланган тактиками ёки кейин ҳам шундай ўйнайсизларми?
- Бундай тактикани ҳали кўп кўрасизлар. Жаҳонда 75-80 фоиз клублар уч нафар марказий ҳимоячи билан ўйнаяпти. Замонавий футболга мослашиб борамиз. Тактик тарафдан сюрпризлар мавсум давомида етарлича бўлади.
- Ўйин давомида тактик схемани ўзгартирдингиз. Бу орқали кубок учрашувидан олдин рақиб мураббийига сирларни очиб қўймадингизми?
- Йўқ, сирларни очмадик. Ҳали сирларимиз кўп. Бугун уларни албатта очмайман.
- Ўзбекистон кубоги баҳсида ҳам Навбаҳор билан ўйнайсизлар. Имкониятларни қанбай баҳолайсиз? Қуръа ёқдими ёки ёқмадими?
- Ростини айтаман, футболчилик пайтимда биронта қуръани кўрмаганман. Чемпионлар лигаси ёки кубокларни ҳам. Менга қачон ва қаерда ўйнашнинг умуман фарқи йўқ. Наманганда стадион тўлиб турса нима учун яна бу ерда ўйнамаслигимиз керак? Доим тўлиб тошган стадионда ўйнаш ёқимли. Уйдами ёки сафардами фарқи йўқ. 

Максим Шацких расми 1

- Бугунги натижадан қониқдингизми? Ҳар ҳолда Навбаҳордан очко олдингиз...
- Биз очко олдик? Менинг фикримча, бугун биз икки очко йўқотдик. Балки “Навбаҳор” бир очко олгандир, буни билмайман.
- Бугун иккала жамоа ҳам вазиятлардан фойдаланишда оқсади. Сиз Киевнинг Динамо клубида тажриба орттиргансиз. Бугун жамоаларга нима етишмади деб ўйлайсиз?
- Нима етишмаяпти? Индивидуал маҳорат. Футболчиларга гол уришни ўргатиб бўлмайди. Бунда индивидуал маҳорат керак. Футболчи очилиши, зонани кенгайтириш ёки торайтиришга, рақибдан тўпни олиб қўйишни ўргатиш мумкин. Ҳозир мия ва қарорни қабул қилиш тезлиги футболда энг олий ўринда. Замонавий футбол шунга қараб кетмоқда. Улардан бири бўлмаса жиддий натижага эришиш жуда қийин.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.