Рейтинг:  0 / 5

Звезда не активнаЗвезда не активнаЗвезда не активнаЗвезда не активнаЗвезда не активна

"Пахтакор" - "Навбаҳор" учрашувидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида “Пахтакор” бош мураббийи Шота Арвеладзе ва жамоа ҳужумчиси Тиаго Безерралар иштирок этишди.

Шота Арвеладзе: - Қизиқарли ўйинни гувоҳига айландик. Ўйингоҳга келган мухлислар ҳам зерикиб қолишмади. Ўйлашимча, учрашув барчага манзур бўлди. Ўйинда ҳаммани мақтай оламан. Рақиб ўйинини синчиклаб ўрганиб чиққандик. Уларнинг ўйин услубини ўзлаштириб, шунга қараб тайёрландик. Иккинчи бўлимда улар биргина тўп оширмадан бошқа ҳеч нарсалари билан ёдимда қолишмади. Биринчи бўлимда Суюнов жамоани қутқарди. Жуда ҳам муҳим ғалабани қўлга киритдик. Гриффитсда кичик жароҳат бор. Шу боис ҳам охирги учрашувларда майдонга тушмаётган эди. Жамоадаги рақобат ҳеч қайси футболчига асосий таркибга киришига кафолат бермайди. Ҳар икки жамоани ишқибозлар ажойиб қўллаб-қувватлашди. Жамоам ва рақиб мухлисларига ҳам миннатдорчилик билдираман. Гонсалвеш? Унинг ўйинидан қониқиш ҳосил қилмоқдаман. Сафарда энг катта ноқулайлик бўлаётган жиҳат, бу майдоннинг ҳолати. Шунингдек, ҳар қандай жамоа сафарда ўйнашга қийналади. “Бунёдкор” – “Локомотив” ўйинида кимга омад тилайман? Фақат “Пахтакор”га омад тилайман. Эртанги ўйинда ҳеч кимга мухлислик қилмайман. Чунки, фақат “Пахтакор”га ишқибозлик қиламан. Қолгани мени қизиқтирмайди.

Тиаго Безерра: - Ўтган турда сафардаги ажойиб ғалаба бизни янада руҳлантирди. Бугунги ўйинда кескин кураш кечди. “Навбаҳор”га ўтган мавсумда мағлуб бўлгандик. Бугун эса жуда муҳим бўлган ғалабани қўлга киритдик. Кўплаб вазиятларни яратдик. Рақиб қарши ҳужумлардан фойдаланишга уринди. Баъзида қўполликлар ишлатилади. Футболда бунга тайёр туриш керак. Бу ерда футбол савияси ўсиб бормоқда. Эътиборни футбол ўйнаш ва жамоага фойда келтиришга қаратиш керак.

Рейтинг:  0 / 5

Звезда не активнаЗвезда не активнаЗвезда не активнаЗвезда не активнаЗвезда не активна

“Пахтакор” ва “Навбаҳор” жамоалари ўртасидаги учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманининг биринчи қисмида жамоамиз бош мураббийи Илҳом Мўминжонов ва Жаҳонгир Меҳмоновлар иштирок этишди:

Илҳом Мўминжонов: - “Пахтакор” жамоасини бугунги ғалаба билан табриклайман. Гарчи мағлубиятга учраган бўлсакда, футболчиларимизга ҳам раҳмат айтаман. Шогирдларим рақибга муносиб қаршилик кўрсатишди. Майдонга ғалабани кўзлаган ҳолда чиққандик. Аммо, учрашувда рақиб жамоа футболчиларининг маҳорати ўз сўзини айтди. Яъни Машарипов ва Безерраларнинг индивидуал маҳорати туфайли дарвозамиз ишғол қилинди. Машариповнинг қанотдан тўп оширишидан кейин Безерра тўпни ўзига ўнглаб олди ва чиройли гол муаллифига айланди. Аслини олганда баҳс дурангга мос бўлди. Шундай бўлсада, якунда мағлуб бўлдик. Бу футбол ва бундай натижалар бизни янада кучли қилади.

- “Навбаҳор” ўз майдонида ва сафарда тўп сурганида икки хил жамоага айланиб қолмаяпти. Бу ҳақда нима дея оласиз?

- Кўпчилик жамоамизга шундай таърифни бермоқда. Масалан ўтган йили дурангларимиз сони кўп бўлди. Аксарият дурангларимиз сафардаги учрашувларда кузатилди. Шу билан биргаликда ғалабаларни ҳам қўлга киритдик. Жорий йилги мавсумда ҳам шу кунга қадар меҳмондаги ўйинларда тўрт очкога эга бўлдик. Шундан келиб чиққан ҳолда “Навбаҳор”ни уй жамоаси деб айтмаган бўлардим. Бу каби фикрларни юзага келишига эса ўз майдонимиздан деярли икки йилдан бери ютқазмаётганлигимиз сабаб бўлмоқда деб ўйлайман. Агарда эътибор қаратиладиган бўлса, кўплаб жамоалар ҳам очколарни асосан ўз майдонидаги баҳсларда қўлга киритади. “Навбаҳор”ни ўз майдонида ҳар қандай рақибга муносиб қаршилик кўрсатиб, мағлубиятга учрамаётганлигидан жуда ҳам хурсандман. Бири сўз билан айтганда “Навбаҳор” уй жамоаси эмас. Статистикага эътибор қаратилса жамоани ўтган мавсумда сафардаги баҳсларда қанча очко тўплаганлиги ойдинлашади. Сўнгги ўн йилликдаги энг яхши натижа қайд этилган. Гарчи шу пайтга қадар меҳмонда тўрт очко тўплаган бўлсакда, кейинги баҳсларда очколаримиз сонини оширамиз деган умиддаман.

- Мавсум аввалида клуб олдига юқори ўринлар учун курашиш вазифаси қўйилганди. Айни пайтда жамоани қайси ўринлар учун даъвогарлик қилади деб айта оласиз?

- Мавсум аввалида раҳбарият олдимизга юқори ўринлар учун курашиш вазифасини қўйган. Айни пайтда шу мақсад йўлида ҳаракат қилмоқдамиз. Футболчиларимиз кучли учликка курашишга лойиқ деб ўйлайман. Қўл остимдаги футболчилар билан ишлашда давом этаман ва бундан чарчамайман. Бир сўз билан айтганда футболчиларимиздан фахрланаман. Ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш учун интиламиз. Ҳар бир жамоа хато қилади. Бир тур олдин “Бунёдкор” жамоаси хатога йўл қўйганлиги туфайли уч очкони қўлга киритгандик. Бу гал биз хатога йўл қўйдик. Айнан шу сабабли шогирдларимни койиганим йўқ. Чунки бу футбол. Кимдир алданади, яна кимдир қоқилади.

-  “Навбаҳор” асосан агрессив футбол кўрсатмоқда. Жамоа позицион ҳужум ташкил этишда оқсамоқда. Голлар асосан стандарт вазиятлардан урилмоқда.

-  Бу камчиликни бартараф этиш устида ишламоқдамиз. Футбол миллионлар ўйини.Бутун дунёда кўплаб жамоалар асосан стандарт вазиятлардан гол уришга интилмоқда. Биз ҳам стандартларга урғу берганмиз. Мисол учун ўтган йили ҳам айнан шу усулдан фойдаланиб кўплаб очколарни қўлга киритганмиз. Келгусида позицион ҳужум ташкил этиш борасида ишлаб, янада яхшироқ ҳаракат қиламиз.

Жаҳонгир Меҳмонов: - Авваламбор “Пахтакор” жамоасини қўлга киритилган ғалаба билан табриклайман. Бугун мағлубиятга лойиқ ўйин кўрсатмадик деб ўйлайман. Жамоамизни кучли клублар билан тенгма-тенг ўйнай оладиган бўлишида меҳнат қилаётган мураббийимизга раҳмат айтаман. Кейинги учрашувларда янада яхшироқ ўйин кўрсатиб, мухлисларимизни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз. Футболда қайсидир жамоа ютади бошқаси мағлубиятга учрайди. Яна кимдир хатога йўл қўяди.”Пахтакор”га қарши баҳсда ўзимиз йўл қўйган ягона хато туфайли имкониятни бой бердик. Хато ва камчиликлардан тегишли хулосалар чиқарган ҳолда янада ўсишга эришамиз. Кейинги турларда клуб раҳбарияти, жамоамиз мураббийлари ва мухлисларимиз ишончини оқлаш учун қўлимиздан келганча ҳаракат қиламиз. Жамоамиз юқори ўринларни кўзлаётганлиги сабабли ҳар бир мағлубият аламли. Чунки барча учрашувларда майдонга фақат ғалабани кўзлаган ҳолда тушмоқдамиз. Жиззахда 2:0 ҳисобида олдинда бориб туриб мағлуб бўлганимиз кўпроқ алам қилган. Хато ва камчиликларимиздан тегишли хулоса чиқарган ҳолда кейинги турларда яхшироқ натижа қайд этишга интиламиз.