“Андижон” – “Навбаҳор” – 0:0.
Андижон. “Соғлом Авлод” стадиони. 15152 томошабин.
Ҳакамлар: Виктор Серазитдинов, Александр Сидоров, Аваз Абдуллаев, Раҳимбек Каримов.
Назоратчи: Сардор Нажафалиев.
Комиссар: Ойбек Юнусов.
“Андижон”:1.Аслонбек Аҳроров, 3.Азамат Исроилов, 5.Хушнудбек Авилов, 7.Жамшид Ҳасанов (14.Ибе Микаел Окоро, 76), 8.Фарҳодбек Бекмуродов, 10.Артём Литвяков (23.Тимур Усманов, 67), 11.Сирож Мелиев, 17.Абдуллоҳ Олимов, 22.Усмонали Исмоналиев, 25.Қаҳрамон Баҳодиров (27.Муҳаммад Йўлдашев, 81), 88.Дмитро Зозуля.
“Навбаҳор”: 1.Ўткир Юсупов, 7.Азим Аҳмедов, 9.Иван Соловьёв (20. Амирбек Жўрабоев, 73), 10.Азизбек Турғунбоев, 11.Исломбек Исоқжонов (25.Шоҳруҳ Маҳмудҳожиев, 60), 15.Обид Жўрабоев, 19.Мирзоҳид Ғофуров, 22.Игорь Голбан, 27.Ислом Рашидхонов, (95.Забиҳилло Ўринбоев), 28.Хуршид Мухторов, 70.Аббос Ғуломов.
Огоҳлантиришлар: Ф. Бекмуродов (4), А.Олимов (31), Х.Авилов (58), М.Йўлдашев (82) - О.Жўрабоев (16), Х.Мухторов (25), А.Ғуломов (45), И.Голбан (53).
Coca Cola Суперлига 3-тури доирасида жамоамиз “Андижон” меҳмони бўлди. Мазкур “водий дербиси”га қизиқиш кучли бўлганлиги боис, ушбу ўйинга Намангандан 6 минг нафарга яқин мухлислар Андижонга ташриф буюришди.
Ушбу ўйин Андижондаги жорий мавсумдаги илк баҳс бўлганлиги боис, ўйиндан олдин “Соғлом Авлод” стадионида очилиш маросимига бағишланган бир қатор тадбирлар ўтказилди. Жумладан, андижонлик хонандалар ўзларининг дилхуш наволари билан мухлисларга яхши кайфият улашишди.
Шундан сўнг, Андижон вилоят ҳокимининг ўринбосари Ўткирбек Шукуров сўзга чиқиб, ҳар икки жамоага омад тилаган ҳолда, Андижондаги жорий йилги Coca Cola Суперлига мавсумини очиқ деб эълон қилди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Мадҳияси янгради.
Ўйиндан олдин Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон футбол ассоциациясининг собиқ президенти Мираброр Зуфарович Усмоновнинг хотираси учун бир дақиқалик сукут сақланди.
Бевосита ўйин борасида тўхталадиган бўлсак, илк дақиқаларданоқ кескин курашлар остида бошланган баҳснинг биринчи бўлимида майдон эгаларидан кучли зарбага эга бўлган ярим ҳимоячи Абдуллоҳ Олимов икки марта жарима зарбасини амалга оширди. Лекин ҳар икки зарбада ҳам тўп дарвоза тўсини тепасидан ўтиб кетди. Шунингдек, мезбонларнинг яна бир ҳужумларида бурчакдан оширилган тўпни Жамшид Ҳасанов дарвозага йўлламоқчи бўлди. Лекин унинг зарбасига аниқлик етишмади.
“Навбаҳор”нинг ҳужумларида эса бир вазиятда россиялик ярим ҳимоячи Иван Соловьёвнинг зарбасидан сўнг, тўп дарвоза тўсини тепасидан ўтиб кетди.
Шунингдек, маҳоратли ярим ҳимоячи Азизбек Турғунбоевнинг жарима зарбасидан сўнг, тўп дарвоза тўсини тепасидан ўтиб кетган бўлса, яна бир ҳолатда Турғунбоев томонидан амалга оширилган бурчак зарбасидан сўнг, Игорь Голбан тўпни дарвозага йўлламоқчи бўлди. Лекин Голбаннинг зарбасига аниқлик етишмади.
Учрашувнинг 2-бўлими биринчи 45 дақикаликдан ҳам кўра, анча шиддатли кечди.
48-дақиқада Андрей Канчельскис шогирдлари ҳисобни очишга яқин келишди. Аммо сўнгги паллада маҳоратли ярим ҳимоячи Аббос Ғуломовнинг зарбасидан сўнг, тўпни “Андижон” дарвозабони Аслонбек Аҳроров қайтаришга муваффақ бўлди.
52-дақиқада Азизбек Турғунбоевнинг узоқ масофадан дарвозага йўллаган зарбасидан сўнг, тўпни андижонликлар посбони Аслонбек Аҳроров ушлаб олди.
Учрашувнинг сўнгги 20 дақиқаси айниқса, ҳужумкор руҳда кечди. Жумладан, Александр Хомяков шогирдларининг навбатдаги ҳужумларидан бирида захирадан майдонга тушган Тимур Усмонов жамоамиз дарвозасига хавф солди. Сўнгги паллада тўпни ҳимоячи Игорь Голбан майдон ташқарисига чиқариб юборишга эришди.
“Лочинлар”нинг навбатдаги ҳужумларидан бирида эса Аббосбек Ғуломовнинг зарбасидан кейин тўп дарвоза тўсини тепасидан ўтиб кетди.
89-дақиқада андижонликларнинг ҳужуми хавфли кўриниш олди. Бироқ жамоамиз дарвозабони Ўткир Юсупов ўз маҳоратини намойиш этиб, тўпни қайтаришга муваффақ бўлди.
Учрашувнинг ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтида “Навбаҳор”нинг захирадан майдонга туширилган ёш ҳужумчиси Забиҳилло Ўринбоев ғалаба тўпини киритиши ҳам мумкин эди.
Лекин унинг зарбасидан кейин тўп дарвоза устуни ёнидан ўтиб кетди.
Шу тариқа, шиддатли ва асабий руҳда кечган “водий дербиси” нурсиз дуранг билан якунланди.
Ўйиндан сўнг, жамоамиз футболчилари ўтган йили автоҳалокатда вафот этган “Навбаҳор” мухлисларини ёдга олиб, уларнинг фотосуратлари туширилган футболкани ишқибозларга намойиш этишди.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.