“Бухоро” — “Навбаҳор” - 1:2 (1:1)
Бухоро. “Бухоро” стадиони. 4732 томошабин.
Ҳакамлар: Азиз Асимов, Шоҳруҳ Аъзамов, Равшан Кападзе, Фирдавс Норсафаров.
Назоратчи: Ноил Лутфуллин.
Комиссар: Родион Кондратьев.
Голлар: С.Қутибоев (44) – С.Қутибоев (36-авт.), А.Турғунбоев (60).
“Бухоро”: Шоҳжаҳон Насимов, Бобир Амонов (Влад Ларинов, 61), Арслонмурот Амонов, Саламат Қутибоев, Шавкат Саломов, Санъат Шихов, Беҳруз Шодмонов (Мирфайз Муҳиддинов, 73), Артём Филипосян, Акобир Тўраев (Азиз Ибрагимов, 60), Миржалол Жумаев, Жавоҳир Қаҳрамонов.
“Навбаҳор”: Акбар Тўраев, Игорь Голбан, Остон Ўрунов, Аюбхон Нўъмонов (Шерзод Каримов, 46), Дилшод Жабборов, Азизбек Турғунбоев, Мирзоҳид Ғофуров, Аъзам Алиев, Рўзимбой Аҳмедов (Сардор Сулаймонов, 85), Даврон Ҳошимов, Жаҳонгир Меҳмонов.
Огоҳлантиришлар: Ж.Қаҳрамонов (26), С.Қутибоев (90+3) – Д. Жабборов (65), Ж.Меҳмонов (81), А.Тўраев (88).
Pepsi Суперлига 31-тури доирасида жамоамиз “Бухоро” меҳмони бўлди ва ажойиб ғалабани қўлга киритди.
Кескин курашлар остида ҳамда қизиқарли тарзда кечган ўйинда ҳисобни футболчиларимиз очишди.
36-дақиқада Азизбек Турғунбоевнинг бурчакдан оширган тўпини Аъзамжон Алиев дарвозага йўллашга ҳаракат қилди. Ҳимоячиларга ёрдамга етиб келган Саламат Қутибоев коптокни қайтаришга интилиб, кутилмаганда уни ўз дарвозасига йўллаб қўйди – 0:1.
Мувозанатни тиклашга интилган мезбонлар биринчи бўлим якунланишига саноқли сониялар қолганида ҳисобни тенглаштиришди.
Жамоадошининг ўнг қанотдан наманганликлар жарима майдончаси ичига оширган тўпини Саламат Қутибоев боши билан дарвозага аниқ йўллаб, ўз айбини ювди ва майдон эгаларининг танаффусга дуранг натижа билан чиқиб кетишларини таъминлади - 1:1.
Иккинчи бўлимда ҳам жамоалар анча ҳужумкор ўйин намойиш этишди ҳамда учрашувда бурилиш ясаш учун таркибда ўзгаришларни амалга оширишди. Бу эса “лочинлар”га самара келтирди.
60-дақиқада айнан захирадан майдонга туширилган Шерзодбек Каримовнинг бурчак зарбасидан сўнг, Азизбек Турғунбоев Шоҳжаҳон Насимов қўриқлаётган дарвозани боши билан аниқ нишонга олди – 1:2.
Шундан сўнг, мувозанатни тиклашга интилган Улуғбек Бақоев шогирдлари ҳужумкорликни кучайтиришди. Аммо вакилларимиз яхши ҳимояланган ҳолда, майдон эгаларига имконият беришмади. Натижада наманганликлар “Бухоро” устидан жорий мавсумда тўртинчи марта зафар қучишди.
“Навбаҳор” жамоаси мазкур ғалабани 25 ноябрь куни таваллуд айёмини нишонлаб, 31 ёшни қарши олган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Хитойнинг “Шанхай СИПГ” клуби ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедовга бағишлади.
Ушбу ютуқдан сўнг, “лочинлар” 14 йиллик танаффусдан сўнг, расман бронза медали соҳибига айланишди.
Биз ушбу муваффақият билан “Навбаҳор” ПФК раҳбарияти, мураббийлар штаби, футболчилари, ишчи-ходимларини табриклаймиз ва келаси йили жамоамиз чемпионлик унвонини қўлга киритишига тилакдошмиз.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.