Бугун Наманган шаҳридаги “Марказий” ўйингоҳда муҳтарам Президентимиз томонидан жорий йилнинг 6 мартида қабул қилинган “Футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида янги ташкил этилаётган Наманган вилоят футбол академияси фаолиятига доир йиғилиш ўтказилди. Унда Наманган шаҳар ҳокими, “Навбаҳор” ПФК президенти Шавкат Шокиржанович Абдураззоқов, Наманган вилоят футбол ассоциацияси вице-президенти Шамшодбек Эргашович Сариков, Наманган вилоят футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Баҳром Холмирзаев, “Навбаҳор” ПФК директори Илҳомжон Мирзабоев, “Навбаҳор” жамоаси бош мураббийи Илҳом Мўминжонов, “Навбаҳор” клуби спорт директори Анвар Солиев, Наманган вилоят футбол академияси директори Ҳасанбой Саитбоев, Наманган вилоят футбол академияси техник директори Ғанишер Исмоилов, “Марказий” ўйингоҳ директори Набихон Абдуғаниев, шунингдек, вилоят футбол академияси, “Навбаҳор” ПФК қошидаги академияга ихтисослашган “Навбаҳор-Умид” футбол мактаби, бундан ташқари, вилоятимиз туманларида фаолият юритаётган футбол мураббийлари иштирок этишди.
Йиғилишда Наманган шаҳар ҳокими, “Навбаҳор” ПФК президенти Шавкат Шокиржанович Абдураззоқов сўзга чиқиб, мураббийлардан муаммо ёки таклифлар бўлса, билдиришларини сўради. “Навбаҳор - Лочинлари” футзал жамоаси бош мураббийи Ғофур Самиев сўзга чиқиб, футболчилар, шунингдек, футзалчиларнинг шуғулланишлари учун аввало қароргоҳ бўлиши лозимлигини таъкидлади.
Шунингдек, косонсойлик мураббий ва назоратчи ҳакам Шуҳрат Бозоров сўз олиб, туманларда, жумладан, Косонсойда иқтидорли футболчилар кўплиги, уларга эътиборни кучайтириш лозимлигини айтиб ўтди.
Шавкат Шокиржанович бу масалада амалий ёрдам берилишини таъкидлади.
Шундан сўнг, сўз навбати Наманган вилоят футбол ассоциацияси вице-президенти Шамшодбек Эргашович Сариковга берилди.
Шамшодбек Эргашович вилоятимиздан неча нафар футболчи турли ёшдаги Ўзбекистон терма жамоаларига аъзо эканлиги билан қизиқиб, мураббийларга ушбу иқтидорли болаларга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги, бу борада қандай муаммолар бўлса, уни баҳамжиҳат ҳал этишга тайёр эканлигини билдирди.
Шунингдек, яқинда 16-19 ёшли футболчилар ўртасида танлов ўтказилиб, унда энг иқтидорли футболчиларни саралаб олиш лозимлиги таъкидланди.
Шундан сўнг, Шамшодбек Эргашович “Навбаҳор” ёшлар жамоаси бош мураббийи Шуҳрат Қорабоевдан ёшлар жамоасига оид масалаларни сўраб, уларни ҳал этиб берди.
Шунингдек, Шамшодбек Эргашович бундан буён вилоятимиздаги ёш иқтидорлиларга эътибор кучайиши, мураббийлар ўз фаолиятлари бўйича йил якунида ҳисобот беришларини таъкидлади.
Йиғилишда кўрилган мазкур масалалар бўйича Наманган вилоят футбол академияси директори Ҳасанбой Саитбоев, мазкур академия техник директори Ғанишер Исмоилов, академиянинг 2006 йилларда туғилган ёш футболчилари мураббийи Аҳмаджон Холмирзаев сўзга чиқиб, ўз фикрларини билдириб ўтишди.
Шу тариқа Наманган вилоят футбол академиясига оид навбатдаги йиғилиш ўз якунига етди.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.