Pepsi Суперлига 20-тури доирасидаги “Нефтчи” – “Навбаҳор” (2:1) учрашувидан сўнг фарғоналиклар устози Баҳром Ҳайдаров ўйин ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.
Баҳром Ҳайдаров (“Нефтчи” жамоаси бош мураббийи): - Албатта, “водий дербиси” баҳслари жамоалар мусобақа жадвалининг қайси поғонасини эгаллаб турганлигидан қатъий назар, ҳамиша ҳужумкор руҳда ўтган. Мазкур ўйин ҳам бундан мустасно бўлмади. Шогирдларим анчадан буён ғалаба қозона олишмаётганлиги сабабли, учрашувни босим остида бошлашди. Биринчи бўлимнинг ярмига қадар ўйин меҳмонларнинг устунликлари остида ўтди. Шогирдларимда эса ҳаяжон кучли бўлди. Боиси, жорий мавсумда ғалаба қозона олмаётгандик ва шу сабабли, руҳий босимни енгиб ўтиш жуда қийин бўлди. Жорий мавсумдаги “Нефтчи”нинг илк ғалабаси бу жамоамиз томонидан олдинга ташланган қадам бўлди, деб ўйлайман. Ушбу зафар билан “Нефтчи” ва жамоамиз тақдирига бефарқ бўлмаган барча мухлисларни табриклайман.
“Нефтчи” мамлакатимиздаги ўз тарихи ҳамда брендига эга клуб ҳисобланади. Шундай жамоанинг бундай аҳволга тушиб қолиши албатта яхши эмас. Энди буёғига Худо хоҳласа, ғалабаларга эришамиз ва мухлисларимиз жамоамизни қўллаб-қувватлашдан чарчашмасин!
Ўзим ҳам бир пайтлар футболчи бўлганман. Айрим ўйинчилар ўйинга киришиб кета олмасликлари мумкин. Дилёрбек Ирматовни биринчи бўлимдаёқ алмаштирганлигимиз унинг савияси пастлигидан эмас, балки ўйинга киришиб кета олмаганлиги сабаб бўлди. Умид қиламанки, у ўз устида ишлаб, кейинги баҳсларда ўзини кўрсатади.
Жамоамиз таркибида 20-22 нафар футболчи бор. Ўзим рақобатбардош жамоа тузиш ниятидаман. Шу сабабли, қайси футболчилар ўйинга тайёр бўлса, ўша футболчини майдонга тушираман.
Абдураҳмон Абдулҳақов (“Нефтчи” ярим ҳимоячиси): - Жорий мавсумда 19та ўйиндан буён ғалаба қозона олмаётгандик. 20-турда “Навбаҳор”га қарши “водий дербиси” ўтказилишини билардик ва мазкур баҳсга жиддий тайёргарлик кўргандик. Якунда муваффақиятга эришдик.
Жамоамизнинг 2-голини урганимдан сўнг, ҳис-ҳаяжонимни боса олмай, “Навбаҳор” мухлислари томон югурдим. Ушбу ишимдан афсусдаман ва наманганлик ишқибозлардан кечирим сўрайман.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.