“Локомотив” - “Навбаҳор” - 3:1 (2:0)
13 июль. Тошкент. “Локомотив” стадиони. 2278 томошабин.
Ҳакамлар: Зокир Қодиров, Обид Жумаев, Руслан Самандаров, Фаррух Янсупов.
Назоратчи: Арслон Ҳотамов.
Комиссар: Баҳодир Мирзаев.
Голлар: М.Бикмаев (12), С.Рашидов (44), Т.Абдухолиқов (90+3) –
К.Махарадзе (49, авт.).
Амалга оширилмаган пенальти: Сардор Рашидов (37).
“Локомотив”: Игнатий Нестеров, Кахи Махарадзе, Садриддин Абдуллаев (Санжар Шоаҳмедов, 82), Икром Алибоев, Марат Бикмаев (Темурхўжа Абдухолиқов, 67), Сардор Мирзаев, Ислом Тўхтахўжаев, Сардор Рашидов (Ҳусниддин Ғофуров, 63), Шуҳрат Муҳаммадиев, Олег Зотеев, Игорь Йелич.
“Навбаҳор”: Акбар Тўраев, Игорь Голбан, Шерзодбек Каримов (Дарко Никач, 74), Аюбхон Нўъмонов, Дилшод Жабборов (Остон Ўрунов, 46), Азизбек Турғунбоев, Азамат Алланиёзов (Сардор Сулаймонов, 46), Мирзоҳид Ғофуров, Аъзамжон Алиев, Давронбек Ҳошимов, Жаҳонгир Меҳмонов.
Огоҳлантиришлар: И. Алибоев(89) – Д.Ҳошимов (5).
Четлатиш: Д.Ҳошимов (28).
Pepsi Суперлига 14-тури доирасида Наманганнинг “Навбаҳор” клуби сафарда амалдаги мамлакат чемпиони Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси меҳмони бўлди. Таъкидлаш жоизки, учрашув анча муросасиз ва кескин курашлар остида кечди. Ҳар икки жамоа вакиллари майдонда бор иқтидорларини намойиш этишга ҳаракат қилишди.
Ўйиндаги ҳисоб 12-дақиқада очилди. Ўнг қанотдан жарима майдончаси ичига оширилган тўпни “темирйўлчилар” ҳужумчиси Марат Бикмаев боши билан Акбар Тўраев қўриқлаётган дарвозага аниқ йўллади – 1:0.
Албатта, учрашувнинг бундай тус олиши “Навбаҳор”ни қониқтирмасди.
Шу сабабли, жамоамиз вакиллари ўйинда бурилиш ясаш учун ҳужумкорликни кучайтиришди. Натижада баҳс анча кескин тус олди.
28-дақиқада жамоамиз ҳимоячиси Даврон Ҳошимов Сардор Мирзаевга нисбатан қўполлик ишлатгани учун иккинчи марта сариқ карточка билан “сийланиб”, майдондан четлатилди.
Майдонда бир киши кўп бўлиб ҳаракат қилаётган мезбонлар бундан фойдаланишга интилиб, ҳужумкорликни кучайтиришди. Андрей Фёдоров шогирдларининг навбатдаги ҳужумларидан бирида “лочинлар” ўз жарима майдончалари ичида Сардор Рашидовга нисбатан қўполлик ишлатишди. Оқибатда учрашув бош ҳаками Зокир Қодиров наманганликлар дарвозасига 11 метрли жарима зарбаси белгилади. Пенальтини жабрланувчини ўзи бажарди. Аммо унинг зарбасидан сўнг, тўпни “Навбаҳор” дарвозабони Акбар Тўраев қайтаришга муваффақ бўлди.
Шундай бўлса-да, тошкентликлар танаффусга ҳисобдаги фарқни оширган ҳолда чиқиб кетишди. Биринчи бўлим якунланишига саноқли дақиқалар қолганида Марат Бикмаев томонидан оширилган тўпни қабул қилиб олган Сардор Рашидов бу сафар ўз имкониятини қўлдан чиқармади. У “лочинлар” посбони Акбар Тўраевни ҳам алдаб, бўш қолган дарвозага тўпни аниқ йўллади – 2:0.
Ўша вазиятда жамоамиз ҳимоячиси Игорь Голбан тўпга ета олмади.
Баҳснинг иккинчи бўлимини Илҳом Мўминжонов шогирдлари таркибдаги 2та ўзгариш билан бошлашди. Дилшод Жабборов ўрнига Остон Ўрунов, Азамат Алланиёзов ўрнига Сардор Сулаймонов ўйинни давом эттиришди. Бунинг натижасида “лочинлар” ҳужумкорликни кучайтиришди.
Бу эса 49-дақиқада ўз самарасини берди. Шерзод Каримовнинг дарвозага йўллаган тўпини қайтараман деб, “темирйўлчилар”нинг грузиялик ҳимоячиси Кахи Махарадзе тўпни кутилмаганда ўз дарвозасига киритиб қўйди – 2:1.
Кези келганида таъкидлаш жоизки, гарчи 10 киши бўлиб қолишган бўлса-да, наманганликлар учрашувнинг 2-бўлимида анча яхши ўйин намойиш этишди. Ҳаттоки, “Навбаҳор”нинг навбатдаги ҳужумларидан бирида Сардор Сулаймонов рақиб жарима майдончаси ичига ажойиб тарзда ёриб кириб, тўпни дарвозага йўналтирди. Лекин сўнгги паллада “Локомотив” дарвозабони Игнатий Нестеров тўпни қайтарди. Акс ҳолда, ҳисоб тенглашган бўларди. Яна кўплаб вазиятларда футболчиларимизнинг зарбаларига аниқлик етишмади. “Темирйўлчилар” эса юзага келган 1-2та қулай вазиятлардан фойдалана олишмаган бўлса-да, ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда баирибир ўз ниятларига етишди. Ўша вазиятда захирадан майдонга туширилган футболчилар ўзларини кўрсатишди. Санжар Шоаҳмедовнинг ўнг қанотдан оширган тўпини маълум танаффусдан кейин яна севимли жамоаси сафига қайтган Темурхўжа Абдухолиқов дарвозага аниқ йўллаб, учрашувга нуқта қўйди – 3:1.
Шу тариқа қаторасига 2та ўйинда ғалаба қозонган “Локомотив” очколари сонини 28тага етказиб, “Навбаҳор”га етиб олди.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.