“Навбаҳор” – “Қўқон-1912” жамоалари ўртасидаги учрашув якунига етгач ўтказилган матбуот анжуманининг дастлабки қисмида қўқонликлар бош мураббийи Нўъмон Ҳасанов ва жамоа ярим ҳимоячиси Жавоҳир Сиддиқовлар иштирок этишди.
Нўъмон Ҳасанов (“Қўқон-1912” бош мураббийи): - Нима ҳам дейиш мумкин? Бўлар иш бўлди. Футболчиларимиз кийим алмаштириш хонасида жуда ҳам хафа кўринишди. Бу футбол ва унда ҳар қандай ҳолат бўлишини айтиб, уларни юпатдим. Ўйинчиларимиз Қўқон футболи ривожи учун ёрдам беришмоқда. Хуллас, уларнинг анча меҳнатлари сингган. Шунинг учун, уларни биринчи марта койиганим йўқ. Йигитларнинг тушкун кайфиятга тушиб қолганликларини кўриб, руҳларини кўтаришга интилдим. Футболда шундай мағлубиятлар ҳам бўлиб туради. Бундан ҳам йирик ҳисобда ютқазишимиз мумкин эди. Билмадим, йигитлар чарчаб қолишдими, дейман. Чунки, чемпионатнинг дастлабки қисмида шогирдларим чиройли ўйинлар кўрсатишганди. Сўнгги тўртта-бешта учрашувда ишимиз юришмаяпти. «Навбаҳор» жамоасини ғалаба билан табриклайман. Наманганликларга кейинги ўйинларда ҳам омад тилайман. Шу билан биргаликда, ўйингоҳни тўлдириб, жамоаларини қўллаб - қувватлаётган наманганлик мухлисларни ҳам байрам билан қутлайман.
- Ёзги трансфер даврида жамоани кучайтириш режаси мавжудми?
- Ҳар доим кучли жамоани тузишга интилиб келаман. Лекин, “Қўқон-1912” жамоаси учун кучли таркибни йиғиш қийин. Негаки, молиявий томондан «Навбаҳор»даги каби имкониятга эга эмасмиз. Наманганликлар молиявий тарафдан жуда ҳам кучлилар. Давралар оралиғида “Навбаҳор” жамоани кучайтириш мақсадида беш-олти нафар янги футболчи олишни режалаштирганидан хабарим бор. Мен ҳам жамоамизга мухлисларимизни хурсанд қилиш мақсадида кучли футболчиларни жалб этишни хоҳлайман. Лекин, бу анча мушкул. Мисол учун мавсум бошида жамоа сафида Даврон Ҳошимов, Шерзод Каримов каби футболчиларни кўришни истагандим. Ҳошимов жамоа билан мавсумга тайёргарлик ҳам кўрганди. Бироқ маблағ билан боғлиқ муаммолар туфайли ўйлаган трансферларимизни амалга ошира олмаяпмиз. Яхши кунларни келишидан келишидан умидворман. Шунга қарамай, нолимайман. Негаки, айни пайтда жамоада тўп сураётган футболчиларимиз чемпионат бошида анча яхши ўйин кўрсатишди. “Локомотив” ва “Пахтакор” клублари билан дуранг қайд этдик. “Бунёдкор”ни ўз майдонимизда бу йил илк бор мағлубиятга учратдик. Захира ўриндиғимиз торлиги сабабли, футболчиларимиз чарчаб қолишди.
Жавоҳир Сиддиқов (“Қўқон-1912” жамоаси ярим ҳимоячиси): - “Навбаҳор” жамоасининг ўз майдонида яхши ўйин кўрсатишини билардик. Наманганликлар кучли жамоаларга қарши кечган баҳсларда ҳам камида иккитадан гол уришмоқда. Учрашувга шундан келиб чиққан ҳолда тайёргарлик кўргандик. Жамоа сафига бугун қўшилган бўлсамда, ғалаба қозонишга ҳаракат қилдик. Лекин тезкор гол режаларимизни бузиб юборди. “Навбаҳор” жамоаси аъзоларини ғалаба билан табриклайман. Сўнгги ўйинларни ўз имкониятимиз даражасида ўтказа олмай, кўпроқ мағлубиятга учраётганимиз учун мухлисларимиз бироз ранжиб қолишган. Эндиликда чиройли ўйинларни кўрсатиб, ишқибозларимизни ўйингоҳга яна қайтаришимиз керак. Бугун ҳам жамоани қўллаш учун Наманганга етиб келган мухлисларимизга раҳмат айтаман.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.