Хабарингиз бор, мамлакатимиз пойтахти Тошкентда 2007 йилда туғилган футболчилар ўртасида U-14 Ўзбекистон чемпионати ўтказилди.
Мазкур мусобақада Аъзам Ражаббаев ва Раҳим Ғофуров мураббийлик қилаётган “Навбаҳор – U-14” жамоаси ҳам иштирок этди.
Ушбу турнирнинг “Е” гуруҳидан жой олган ёш футболчиларимиз гуруҳ баҳсларида “Машъал – U-14” (Муборак, 5:0), АГМК – U-14 (Тошкент, 4:0) ҳамда “Динамо – U-14” (Самарқанд, 6:0) жамоаларини йирик ҳисобларда мағлубиятга учратган ҳолда, жами 9 очко тўплаб, гуруҳ ғолиби сифатида чорак финалга йўл олишди.
Чорак финалда Аъзам Ражаббаев шогирдлари Навоийнинг “Қизилқум –U-14” жамоаси устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритишди.
Ярим финалда вакилларимиз Тошкентнинг “Одил Жуниор- U-14” жамоасига 0:3 ҳисобида имкониятни бой беришди.
Ёш футболчиларимиз 3-ўрин бўлган баҳсда “Пахтакор – U-14” (Тошкент) жамоасидан 0:2 ҳисобида мағлубиятга учраб, 4-ўринни қўлга киритишди.
Мусобақанинг ҳал қилувчи финал баҳсида “Одил Жуниор – U-14” жамоаси “Хоразм – U-14”ни йирик - 6:0 ҳисобида мағлубиятга учратган ҳолда, турнир ғолибига айланди.
Мусобақа ғолиб ва совриндорлари, шунингдек, турнир лауреатларига махсус медаллар ҳамда совғалар, бундан ташқари, мусобақа ғолибига махсус кубокни Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси (ЎзПФЛ) бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев, “Пахтакор” бош мураббийи Питер Хюистра ҳамда юртимизнинг таниқли футболчиси Одил Аҳмедов топширишди.
Шунингдек, ЎзПФЛ томонидан ёш мураббийларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, ўз жамоаси билан мамлакат U-14 чемпионатининг ярим финалига қадар етиб келган тўрт нафар мутахассисга бепул сертификатлар тақдим этилди. Сертификатларни ЎзПФЛ бош директори ўринбосари Лазиз Қўчқоров топширди.
Биз учун қувончлиси, улар орасида “Навбаҳор – U-14” бош мураббийи Аъзам Ражаббаев ҳам бор ва унинг “А” мураббийлик курсида таҳсил олиш харажатлари ЎзПФЛ ҳисобидан амалга ошириладиган бўлди.
Биз кейинги мусобақаларда ёш футболчиларимиз совриндорлар сафидан жой олишларини тилаб қоламиз.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.