Coca Cola Суперлига 22-туридан ўрин олган, Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоасига қарши ўтказиладиган баҳсга жиддий тарзда тайёргарлик кўраётган жамоамиз бугун ўз уй учрашувларини ўтказадиган “Марказий” ўйингоҳ майдонида, икки таркиб, яъни, “кўклар” ва “яшиллар”га бўлинган ҳолда, ўзаро ўйин ўтказди.
Мазкур учрашувда “яшиллар” таркибида Тожикистон олимпия терма жамоасидаги ўқув-машғулот йиғинини якунлаб, бугун эрталаб “Навбаҳор” ихтиёрига етиб келган Эҳсони Паншанбе, шунингдек, “Навбаҳор – U-21”, “Навбаҳор-фарм” жамоаларида ўйнайдиган бир қатор футболчилар, жумладан, Исломжон Абдуллахонов, Ҳожиакбар Жўраев, Ҳожиакбар Юнусов, Мирзоҳид Мирзамаҳмудов, Тоҳир Рафаэлов, Комилжон Тожиддинов, Азиз Кошибханов ва Ҳусайн Эргашбоев майдонга тушишди.
Учрашувда “кўклар” тажрибали ҳимоячи Мирзоҳид Ғофуровнинг голи эвазига 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишди.
Эслатиб ўтамиз, “Навбаҳор” – “Бунёдкор” учрашуви 17 октябрь куни Намангандаги “Марказий” ўйингоҳда соат 17:00 да старт олади.
Бўлажак ўйинда “лочинлар”га омад ёр бўлишини тилаймиз.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.