Coca Cola Суперлигасининг 19-туридан ўрин олган баҳсда “Навбаҳор” Яйпанда “Турон” меҳмони бўлади.
Хабарингиз бор, “Турон” Суперлиганинг янги аъзоси саналади. Шу боис, мазкур жамоа ҳақида батафсил тўхталиб ўтишни маъқул деб топдик.
2017 йил 5 май санасида ташкил этилган клуб илк мавсумидаёқ Фарғона вилоят чемпионати ғолибига айланди ва Биринчи лигага ўтиш турнирида муваффақият қозониб, 2018 йили Биринчи лигада иштирок этди.
Яйпанликлар Биринчи лигада ҳам дастлабки мавсумдаёқ 1-ўринни эгаллаб, Про-лигага йўл олишди.
2019 йили Про-лиганинг “В” гуруҳида иштирок этган “Турон” мазкур гуруҳ ғолиби бўлган ҳолда, “А” гуруҳига йўл олди.
Ўтган мавсумда Про-лига “А” гуруҳи ғолибига айланган яйпанликлар жорий мавсумдан Coca Cola Cуперлигасида қатнашишмоқда.
Жамоани жорий мавсум аввалида ёш мураббий Исломбек Исмоилов бошқарди. У 8-турдан сўнг, ўз аризасига биноан истеъфога чиқарилиб, ўрнини польшалик мутахассис Богуслав Баниак эгаллади.
10-турдан кейин Баниак ҳам истеъфога чиқарилиб, унинг ўрнини тажрибали мутахассис Игорь Шквирин эгаллади ва айни пайтда жамоани ушбу мураббий бошқармоқда.
Айни пайтда 12 очко билан турнир жадвалининг 13-поғонасини эгаллаб турган “Турон”нинг олдига жорий мавсумда Суперлигадаги ўрнини сақлаб қолиш вазифаси қўйилган.
Мазкур жамоаларнинг биринчи даврада Наманганда бўлиб ўтган баҳсида нурсиз дуранг қайд этилганди – 0:0.
Эслатиб ўтамиз, “Турон” – “Навбаҳор” баҳси 20 сентябрь куни Яйпандаги “Ўзбекистон” стадионида соат 19:00 да старт олади.
Бўлажак баҳсда жамоамизга омад ёр бўлишини тилаймиз.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.