Биринчи лига. 13-тур.
“Навбаҳор - фарм” – “Жиззах - Барс” – 4:1 (1:0)
Наманган. “Марказий” ўйингоҳ захира майдони.
Ҳакамлар: Акмал Раҳимов, Ҳусниддин Баҳодиров, Ойбек Каллахўжаев, Исроилжон Имомназаров.
Назоратчи: Набижон Рўзимов.
Комиссар: Шерзод Ражабов.
Голлар: Қодиржон Икрамов (22), Илҳомжон Алибоев (52), Жавоҳир Ҳусанов (62), Миржалол Абдумуталов (74) – Жаҳонгир Сафаров (77).
“Навбаҳор - фарм”: 46.Ҳожиакбар Жўраев, 18.Илҳомжон Алибоев (43.Суҳроб Ғайбуллаев, 65), 21.Комилжон Тожиддинов (75.Муроджон Муҳамматалиев, 74), 27.Жавоҳирбек Олимжонов, 32.Қодиржон Икрамов, 45.Миржалол Абдумуталов, 48.Жавоҳир Ҳусанов, 50.Ҳожиакбар Юнусов, 56.Диёр Жалолиддинов (80.Азиз Кошибханов, 55), 66.Омадбек Тоштемиров (60.Наврўзбек Иминжанов,65), Абдулазиз Нишонбоев (31.Аюбхон Жўраев,55).
“Жиззах-Барс”:55.Муҳаммадали Собиров, 29.Иброҳим Қодиров, 39.Файзулла Ҳабибуллаев (96.Шоҳруҳ Абдусаломов,75), 75.Асилжон Орипов, 82.Жаҳонгир Сафаров, 83.Жавоҳир Мамасоатов, 86.Мусурмонқул Орзиқулов, 87.Ислом Мелибоев, 89.Фазлиддин Абдувалиев, 90.Жавоҳир Хайруллаев, 98.Анвар Норзиқулов.
Огоҳлантириш: Ш.Абдусаломов (86, “Жиззах-Барс”).
Биринчи лиганинг 13-туридан ўрин олган баҳсда Рашид Ғофуров мураббийлик қилаётган “Навбаҳор - фарм” ўз майдонида Жиззахнинг “Жиззах - Барс” жамоасини қабул қилди. Мазкур ўйинда тўлиқ ташаббусга эга бўлган вакилларимиз йирик – 4:1 ҳисобида ғалаба қозонишди.
Гарчи учрашувнинг 1-бўлимида ҳам фарм-жамоамиз аъзоларида бир қатор имкониятлар юзага келган бўлсада, фақат бир маротаба дарвозани ишғол эта олишди, холос. Ўша вазиятда мезбонлар бурчак зарбасини амалга оширишди. Комилжон Тожиддинов бурчакдан тўпни Қодиржон Икрамовга етказиб берди. Ушбу ўйиннинг энг яхши футболчиси, деб топилган Икрамов эса ажойиб тарзда рақиб дарвозасини нишонга олиб, ҳисобни очди – 1:0.
Натижада фарм-жамоамиз танаффусга 1:0 ҳисобидаги ғалаба билан чиқиб кетди.
Иккинчи бўлимда ташаббусни тўлиқ қўлга олган Рашид Ғофуров шогирдлари жиззахликлар дарвозасига бирин – кетин тўп кирита бошлашди.
Майдон эгаларининг навбатдаги ҳужумларидан бирида фарм-жамоамизнинг тажрибали ҳимоячиси Ҳожиакбар Юнусов рақибдан тўпни олиб қўйиб, жарима майдончаси ичидаги Илҳомжон Алибоевга аниқ етказиб берди. Алибоев эса имкониятни қўлдан бой бермай, ҳисобдаги фарқни оширди – 2:0.
Фарм-жамоамизнинг яна бир ҳужумида эса Илҳомжон Алибоевнинг зарбасидан сўнг, жиззахликлар дарвозабони Муҳаммадали Собиров тўпни қайтарди. Қайтган тўпни эгаллаб олган ярим ҳимоячи Жавоҳир Ҳусанов коптокни дарвозага аниқ йўллаб, ҳисобни йирик кўриниш олишини таъминлади – 3:0.
Учрашувнинг 74-дақиқасида эса бурчакдан оширилган тўпни Миржалол Абдумуталов боши билан дарвозага аниқ йўллаб, ҳисобдаги фарқни янада оширди – 4:0.
Орадан 3 дақиқа ўтгач, меҳмонлар ҳисобдаги фарқни бироз қисқартиришди.
Ўша вазиятда фарм-жамоамиз жарима майдончаси ичида ёлғиз қолдирилган Жаҳонгир Сафаров жамоасининг ягона жавоб тўпига муаллифлик қилди.
Шу тариқа, мазкур баҳсда йирик – 4:1 ҳисобида зафар қучган фарм-жамоамиз очколари сонини 25 тага етказиб, турнир жадвалида 2-ўринга кўтарилиб олди.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.