“Навбаҳор” 2-давра баҳсларига тайёргарликни давом эттирмоқда. Жамоамиз аъзолари 15 июль кунги машғулотни Виктор Жалилов бошчилигидаги мураббийлар штаби қўл остида “Марказий” стадион майдонида ўтказишди.
Ушбу машғулотда жамоамизда кўрикдан ўтаётган бир қатор янги футболчилар, жумладан, дарвозабон Ҳожиакбар Жўраев, ҳимоячи Илҳом Алижонов, ҳужумчи Иброҳим Ғанихонов (мазкур футболчилар борасида клубимизнинг расмий сайти – pfcnavbahor.uzда батафсил маълумот бердик), шунингдек, “Навбаҳор”нинг собиқ футболчиси, жорий мавсумнинг биринчи даврасида “Бухоро”да ўйнаган маҳоратли ярим ҳимоячи Абдужамол Исроилов ҳам иштирок этишди.
Бироз жароҳати борлиги боис, ярим ҳимоячи Сардор Теляков якка тартибда шуғулланди.
Янги футболчилар борасида барчадан аввал маълумотга эга бўлмоқчи бўлсангиз, клубимизнинг расмий сайти – pfcnavbahor.uz ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини кузатиб боринг, азиз мухлислар.
Биз – сизлар учун фаолият олиб боришдан мамнунмиз, қадрли мухлислар!
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.