Биринчи лига. 11-тур
“Навбаҳор-фарм” – “Лочин” – 2:1 (2:0)
Наманган. “Марказий” ўйингоҳ захира майдони. 315 томошабин.
Ҳакамлар: Хушнуд Суюнбаев, Хайрулло Норматов, Беҳруз Бердибеков, Исроилжон Имомназаров.
Назоратчи: Анвар Уринов.
ЎзПФЛ комиссари: Қудрат Мадраимов.
Голлар: Жавоҳир Ҳусанов (34), Қодиржон Икрамов (45+2) – Ойбек Мирзоҳидов (74-пен.).
“Навбаҳор-фарм”: Миржалолбек Маматхонов, 27.Жавоҳирбек Олимжонов, 31.Аюбхон Жўраев (54.Нўъмонжон Маърупов, 56), 32.Қодиржон Икрамов, 45.Миржалол Абдумуталов, 48.Жавоҳир Ҳусанов, 50.Ҳожиакбар Юнусов, 56.Диёр Жалолиддинов (63.Искандар Сиддиқжонов, 60), 66.Омадбек Тоштемиров (52.Иброҳимжон Қодиралиев, 77), 80.Азиз Кошибханов (60.Азимжон Абдураҳимов, 90+3), 97.Абдулазиз Нишонбоев.
“Лочин”: 1.Улуғбек Ўринбоев, 2.Шокир Бекназаров, 4.Ўрол Абдимуратов, 7.Бобохон Равшанов, 8.Иззат Орифов (5.Яҳё Маъруфхўжаев, 26), 17.Худаяр Зикрияев (13.Ҳусниддин Салайдинов, 46), 20.Ойбек Мирзоҳидов, 21.Дилшод Файзиев, 23.Миржалол Мирсоатов (77.Амир Файзиев, 36), 33.Дилмурод Абдуқаҳоров, 71.Сойиб Сафаров (70.Сардор Фозилов, 60).
Огоҳлантиришлар: Ж.Ҳусанов (55), А.Кошибханов (67), Ҳ.Юнусов (87) – Х.Зикрияев (37), Д.Абдуқаҳоров (67), О.Абдумуратов (68), Б.Равшанов (79).
23 июнь куни Биринчи лигада 11-тур учрашувларига якун ясалди. Тур доирасидаги сўнгги учрашувда “Навбаҳор-фарм” ўз майдонида Тошкентнинг “Лочин” жамоасини қабул қилиб, ишончли ғалабани қўлга киритди.
Учрашувнинг биринчи бўлимини фарм-жамоамиз фаол бошлади.
3-дақиқадаёқ Жавоҳир Ҳусанов рақиблар дарвозаси томон хавфли зарба йўллади, лекин унинг уринишидан сўнг, тўп дарвоза устуни яқинидан ўтиб кетди. Кейинги дақиқалар асосан майдон марказида кечиб, хавфли вазиятлар камроқ кузатилди. 25-дақиқада “Навбаҳор-фарм” етакчилари ажойиб ҳужум уюштиришди. Ҳожиакбар Юнусовнинг чап қанотдан етказиб берган қулай узатмасидан сўнг, Абдулазиз Нишонбоев дарвоза томон боши билан зарба йўллади. Тўп бу сафар дарвоза тўсини устидан ўтиб, майдонни тарк этди.
Ниҳоят, 34-дақиқада ҳисоб очилди. Азиз Кошибханов чап томондан ажойиб рейд уюштириб, “Лочин” жарима майдончаси ичига ёриб кирди ва тўпни қулай вазиятда турган Жавоҳир Ҳусановга етказди. Фарм жамоамиз ҳужумчиси ушбу имкониятдан унумли фойдаланди – 1:0.
41-дақиқада Қодиржон Икрамов дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиқиб бориб, зарба йўллади, аммо меҳмонлар посбони фаоллик кўрсатиб, тўпни қайтарди. Қайтган тўпни Диёр Жалолиддинов тепди, бироқ жамоамизнинг бу сафарги уриниши ҳам самара келтирмади.
Биринчи бўлимга ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларнинг сўнггиси ўтиб бораётган паллада Диёр Жалолиддиновнинг ажойиб пасидан сўнг тўпга биринчи бўлиб етиб келган Қодиржон Икрамов чиройли зарба йўллаб, ҳисобдаги фарқни оширди. Шу тариқа жамоалар танаффусга 2:0 ҳисоби билан чиқиб кетишди.
Иккинчи бўлимни ҳам ҳужумкор руҳда бошлаган Рашид Ғофуров шогирдлари меҳмонлар дарвозаси олдида бир қатор хавфли вазиятларни юзага келтира бошлашди. Жумладан, бир вазиятда фарм-жамоамиз сардори Абдулазиз Нишонбоевнинг узоқ масофадан дарвозага йўллаган зарбасига аниқлик етишмаган бўлса, яна бир ҳужумда Жавоҳир Ҳусановнинг зарбасидан сўнг, тўпни “Лочин” дарвозабони Улуғбек Ўринбаев қайтаришга муваффақ бўлди. Майдон эгаларининг яна бир ҳужумларида Қодиржон Икрамов дарвозабоннинг олдинга чиқиб кетганидан фойдаланиб, тўпни ҳаволатиб дарвоза томон йўллади. Бироқ тўп дарвоза тўсинига тегиб, майдонни тарк этди.
Шунингдек, Абдулазиз Нишонбоевнинг бурчакдан ошириб берган тўпини мазкур учрашувнинг энг яхши футболчиси деб топилган Ҳожиакбар Юнусов боши билан дарвоза томон йўллади. Аммо тўп дарвоза тўсини устидан ўтиб кетди.
Тошкентликларнинг кам сонли навбатдаги ҳужумларидан бири фарм-жамоамиз дарвозасига пенальти белгиланиши билан якун топди. Ўша вазиятда жароҳатидан яқиндагина фориғ бўлган, ушбу баҳсда захирадан майдонга туширилган Искандар Сиддиқжонов ўз жарима майдончаси ичида рақиб футболчисига нисбатан ўйин қоидасини бузган деб топилди ва учрашув бош ҳаками Хушнуд Суюнбоев мезбонлар дарвозасига 11 метрли жарима зарбаси белгилади. Пенальтини Ойбек Мирзоҳидов аниқ амалга ошириб, ҳисобдаги фарқни қисқартирди – 2:1.
Ўтказиб юборилган тўпдан сўнг, Рашид Ғофуров шогирдлари майдонда анча фаол ҳаракат қилиб, ҳисобдаги фарқни оширишга ҳаракат қилишди. Фарм-жамоамизнинг навбатдаги ҳужумларидан бирида Жавоҳир Ҳусановнинг кучли зарбаси ноаниқ чиқди.
Дарвозаларга бошқа тўп киритилмади ҳамда фарм-жамоамиз 11-турдан ўрин олган баҳсда кичик ҳисобда ғалаба қозониб, очколари сонини 22 тага етказган ҳолда, Биринчи лиганинг биринчи давра баҳсларини 3-ўринда якунлади.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.