Coca Cola Суперлига 10-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Машъал” (2:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида “лочинлар” устози Виктор Жалилов иштирок этиб, ОАВ ходимларининг саволларига жавоб берди.
- “Машъал”га қарши ўйнаш барча жамоаларга қийинчилик туғдирмоқда. Жумладан, “Навбаҳор” учун ҳам муборакликлар ноқулай рақиб ҳисобланишади. “Навбаҳор”, кейинчалик “Пахтакор”да фаолият юритганимда ҳам “Машъал” билан учрашувлар доимо оғир кечарди. Мазкур жамоага қарши шунчаки ўйин ўтказганимизни эслолмайман. “Машъал”да ишлаб, “Навбаҳор”га қарши майдонга тушганимизда ҳам, ушбу жамоанинг наманганликлар учун қанчалик ноқулай рақиб эканлигини ҳис қилгандим.
Албатта, бугунги баҳс ҳам бундан мустасно бўлмади. Хайриятки, бугун омад биз томонда бўлди. Ўтган йилги мавсумда муборакликларга ҳар икки ўйинда ҳам имкониятни бой бергандик. Ушбу нохуш анъанага чек қўйганимиздан хурсандман. Йигитларга матонат кўрсатишгани учун раҳмат айтаман. Аббосжон Ғуломов ўйиннинг сўнгги дақиқаларини жароҳат билан ўтказди. Асосийси, учрашувни ғалаба билан якунлашни уддаладик.
- Жамоага жисмоний тайёргарлик бўйича хорижлик мутахассис таклиф этилди. Сизнингча, бу ўз самарасини беряптими, яъни, футболчиларнинг жисмоний тайёргарликларида ўзгариш юз бердими?
- Жисмоний тайёргарлигимизда ижобий ҳолат кузатилмоқда. Буни Суперлиганинг барча жамоаларига тақдим этилган махсус қурилмалар орқали қайд этилаётган статистик натижалардан ҳам билса бўлади.
Ҳозир аниқ маълумотларни алоҳида келтириб ўтмайман. Лекин Иван Соловьёв бугунги ўйинга жароҳат билан тушганлигини таъкидлаш жоиз. Уни “Насаф”га қарши кечган ўртоқлик учрашувида жароҳаьи сабабли, майдонга туширмагандик. Бугун эса Соловьёв укол билан майдонга тушди, ўйнашни ўзи хоҳлади. Жамоа 2:0 ҳисобида олдинда бораётганда, психологик томондан ҳисобни сақлаб қолишга интилади.
Масалан, “Машъал”нинг “Сўғдиёна”га қарши кечган баҳсида жиззахликлар 2:0 ҳисобида олдинда боришаётганди. Кейин эса пенальтидан фойдалана олишмади. Шундан сўнг, муборакликлар 2 та гол уриб, ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлишди. Бугунги ўйинда ҳам шогирдларим 2 та тўп фарқи билан олдинда бораётиб, ҳисобни сақлаб қолишга ҳаракат қилишди.
- Меҳмон бўлишига қарамай, “Машъал” 3 нафар ҳужумчи билан ўйнади. “Навбаҳор” эса мезбон бўлсада, 1 нафар ҳужумчини майдонга туширди. Буни нима билан изоҳлайсиз?
- Бугунги рақибимизни яхшилаб ўргангандик. Видеотаҳлиллардан ташқари, статистик маълумотларига ҳам эътибор қаратдик. Бугун рақиб уч ҳужумчи билан ўйнаган бўлсада, шогирдларим ҳам улардан кам ҳужум уюштиришмади. Гап ҳужумчининг майдондаги сонида эмас, балки, имкониятлардан самарали тарзда фойдаланишда.
Нафақат юртимиз, балки бутун дунё футболида айни пайтда ҳужумчилар муаммоси кузатилмоқда. Албатта, ҳар бир жамоа маҳоратли ҳужумчига эга бўлишни хоҳлайди. Шу жумладан, “Навбаҳор” ҳам. Ички захира имкониятлридаан фойдаланишга ҳаракат қиламиз.
Сўзим якунида шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, йигитлар бугунги ғалабани Одил Аҳмедовни қўллаб-қувватлашга бағишлашларини айтишди. Одилнинг термамизга яна фойдаси тегиши аниқ эди, лекин у миллий жамоадаги фаолиятини якунлаганини билдирди. Шу боис, бугунги зафар Одил Аҳмедовга бағишланади.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.