«Навбаҳор» - «Нефтчи» жамоалари ўртасидаги учрашув якунига етгач, ўтказилган матбуот анжуманининг биринчи қисмида «Нефтчи» жамоаси катта мураббийи Абдумалик Ҳакимов ва жамоа ҳужумчиси Хуршид Асқаралиевлар ОАВ вакилларининг саволларига жавоб қайтаришди.
Абдумалик Ҳакимов: - Авваламбор бугунги натижа учун барча футболчиларимиз ва мухлисларимизга раҳмат айтаман. Учрашув биз учун жуда қийин кечди. Чунки сафимизда жароҳатланган футболчилар кўпчиликни ташкил этганди. Шу сабабли учрашувда кўплаб тўхталишлар юзага келди. Ярим жамоа майдонга уколлар ёрдамида чиққанди. Улар матонат кўрсатишгани учун раҳмат айтиб қоламан. «Навбаҳор» майдонида ўйнаш осон эмаслигини билардик. Жамоа ўз майдонида ва сафарда ҳужумкор ва чиройли ўйин кўрсатиб келмоқда. Шуларни инобатга олган ҳолда баҳсга жиддий тарзда тайёргарлик кўргандик. Қўлдан келганича ҳаракат қилдик. Ўйиндаги биринчи вазифамиз ўз дарвозамиздан биринчи бўлиб тўп ўтказиб юбормаслик эди. Берилган кўрсатмаларни йигитлар яхши бажаришди. Қарши ҳужумда гол уришни кўзлагандик ва ёш ҳужумчимиз бу ишни уддалай олди. Ғалабани сақлаб қолишимиз учун озгина диққат эътиборни жамлай олиш етишмади.
Хуршид Асқаралиев: - Бу каби дербиларда майдонга тушиб, тўп суриш осон эмас. Ишонч билдириб, таркибга қўшишгани учун мураббийларга раҳмат. Дуранг натижа ҳам биз учун муҳим эди. Ғалаба қозониш учун қўлимиздан келганича ҳаракат қилдик. Дербида гол урганимдан хурсандман. Голимни бутун жамоамизнинг меҳнати самараси деб биламан.
Матбуот анжуманининг иккинчи қисмида «Навбаҳор» жамоаси бош мураббийи Илҳом Мўминжонов ва жамоа ҳужумчиси Сардор Сулаймоновлар иштирок этишди.
Илҳом Мўминжонов: - Ўйин ҳақида нима дейиш мумкин. «Нефтчи» жамоасига қарши учрашувда ҳимоядаги қўпол хато эвазига дурангга эришдик. Айнан шу хато қимматга тушди. Ўз навбатида ярим ҳимоячи ва ҳужумчиларимиз ўзларини кўрсата олмай, яратилган вазиятларни голга айлантиришда фаол бўлишмади. Дуранг натижага эришганимиз билан ҳаёт тўхтаб қолмайди. Шундай экан, кейинги ўйинларга муносиб тарзда тайёргарлик кўрамиз. Ўйинга эътибор қаратган бўлсангиз, кўпроқ позицион ҳужумлар ташкил этишга урғу бердик. Голни ҳам айнан комбинацион ҳужум ёрдамида урдик. Футболчиларда имкониятни бой берилаётган пайтларда тўпни олдинга тепиш ҳоллари кўп кузатилади. 65 дақиқа давомида ҳаводан эмас, пастдан тўп оширишларни амалга ошириш орқали тўп суришди. 0:1 ҳисобидан кейин футболчиларимизнинг ҳар бирида ғалаба қозониш учун интилишгани сабабли, кўпроқ ҳаводан тўп оширилди. Азамат Алланиёзов баҳс давомида Шукурали Пўлатов билан ҳаводаги курашларнинг аксариятида рақибидан устун келди. Голдан олдин ҳам айнан Алланиёзовнинг ҳаводаги тўпни ютиши натижасида ҳужум давом этиб, ҳисобни тенглаштирдик. Мухлислар учун ҳар қандай ҳолатда ҳам ғалаба керак. Бугун ишқибозларимизга ютуқни тақдим эта олмадик. Шу сабабли, уларнинг олдида юзимиз ёруғ бўлмади деб ўйлайман. Бу футбол. Шундай экан, кейинги ўйинларда мухлисларимизни ҳурсанд қилишга ҳаракат қиламиз. Олдинда жиддий ва муҳим учрашувларимиз бор. Бугун мухлисларимиз азалий рақибимизни мағлубиятга учрата олмаганимиз сабабли хафа бўлишди. Фарғоналиклар 9-турга келиб, атиги битта гол уришганди. Уларнинг урган иккинчи голини дарвозамизга киритилганлиги алам қилади. Ишқибозларимиз кейинги учрашувларда жамоани қўллаб-қувватлаб туришса, уларга чиройли ўйинлар ва ғалабаларни тақдим этиб, уларни хурсанд қиламиз.
Сардор Сулаймонов: - Учрашувда ғалаба қозониш учун қўлдан келганича ҳаракат қилдик. Яратилган вазиятлардан фойдалана олмай, дуранг билан чекландик. Насиб қилса, кейинги ўйинларда ғалаба қозониб, мухлисларимизни хурсанд қилишга интиламиз.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.