Хабарингиз бор, айни кунларда Осиё қитъасида ЖЧ-2022 саралаш учрашувлари бўлиб ўтмоқда.
Мазкур турнирнинг “F” гуруҳидан ён қўшниларимиз Тожикистон ва Қирғизистон терма жамоалари ҳам ўрин олган. Мазкур гуруҳ жамоалари марказлашган ҳолда бўлиб ўтаётган саралаш ўйинларини Японияда ўтказишмоқда. Кеча мазкур гуруҳнинг 9-туридан ўрин олган баҳслар бўлиб ўтди. Унда ҳамюртимиз Усмон Тошев мураббийлик қилаётган Тожикистон терма жамоаси японларга қарши майдонга тушиб, йирик – 1:4 ҳисобида мағлубиятга учради. Голларга мезбонлардан Кёго Фурухаши (6), Такуми Минамино (40), Кенто Хасимото (51) ва Хаяо Кавабе (71) муаллифлик қилишди. Тожикистонликларнинг ягона жавоб тўпини эса “Навбаҳор” аъзоси Эҳсони Паншанбе (9) киритди.
Шунингдек, жамоамизнинг маҳоратли ярим ҳимоячиси Паншанбенинг мазкур ўйинда майдонда тўлиқ – 90 дақиқа ўйнаганлигини ҳам эътироф этиш жоиз.
Ушбу гуруҳнинг иккинчи учрашувида эса мўғулистонликлар қирғистонликларни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратишди.
Мазкур тур баҳсларидан сўнг, Япония термаси очколари сонини 21 тага етказиб, муддатидан олдин кейинги босқичга йўл олди.
Иккинчи поғонада бораётган Тожикистон термаси ҳисобида эса 10 очко бор.
Кейинги ўринларда бораётган Қирғизистон термасида 7, Мьянма ҳамда Мўғулистон термалари ҳисобида эса 6 тадан очко бор.
Сўнгги – 10-тур баҳсини тожикистонликлар 15 июнь куни мьянмаликларга қарши ўтказишади.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.