Биринчи лига. 1-тур
11 апрель (якшанба)
“Навбаҳор-фарм” – “Ғиждувон” – 1:1 (0:0)
Наманган. “Марказий” стадион захира майдони. 356 томошабин.
Ҳакамлар: Хушнуд Суюнбоев, Никита Афиногенов, Рустам Тагаев.
Назоратчи: Валентин Шашков.
Комиссар: Ойбек Юнусов.
Голлар: Ҳожиакбар Юнусов (88) - Дилшод Хушбақов (72).
“Навбаҳор-фарм”: 12.Миржалол Маматханов, 27.Жавоҳир Олимжонов, 31.Аюбхон Жўраев (52.Иброҳим Қодиралиев, 60), 32.Қодирхон Икрамов (37.Худоёрхон Ҳамидов, 90+4), 45.Миржалол Абдумуталов, 48.Жавоҳир Ҳусанов, 50.Ҳожиакбар Юнусов, 56.Диёр Жалолдинов (51.Азизбек Ҳакимбаев, 75), 66.Омад Тоштемиров, 80.Азиз Кошибханов (54.Нўъмонжон Маърупов, 68), 97.Абдулазиз Нишонбоев.
“Ғиждувон”: 12.Жавоҳир Комилов, 3.Рамис Бегишев, 5.Фаррух Жўраев, 7.Дурбек Камолов (10.Ислом Исмоилов, 80), 8.Акбар Муродов (4.Шавкат Раҳматов, 59), 9.Дилшод Хушбақов, 16.Суннат Рустамов, 18.Зафар Исмоилов (20.Азиз Аҳмедов, 64), 19.Бекзод Файзиев, 22.Санжар Аҳмедов (14.Асилжон Мансуров, 44), 25.Махсуджон Маҳмудов.
Огоҳлантиришлар: Абдулазиз Нишонбоев (32), Ҳожиакбар Юнусов (55) – Акбар Муродов (35), Бекзод Файзиев (65).
Бугун Наманган шаҳридаги “Марказий” стадион захира майдонида Биринчи лига янги мавсуми очилиш маросими ўтказилди. Мусобақанинг биринчи турида “Навбаҳор-фарм” жамоаси “Ғиждувон”га қарши ўйин ўтказди.
Гарчи учрашувнинг дастлабки қисми “Фарм” жамоамиз устунлигида ўтган бўлсада, футболчиларимизга ҳужумларни гол билан якунлашда аниқлик етишмади. Шунингдек, меҳмонлар ҳам олдинга ўтиб, дарвозани ишғол қилишга уриниб кўришди. Албатта, мавсум стартидаги ўйинлар жамоалар учун ҳар доим оғир кечади ва бугунги беллашув ҳам бу омилни яна бир бор исботлади. Биринчи бўлимда дарвозалар дахлсизлиги сақланиб қолди.
Танаффусдан кейин мураббийлардан тегишли кўрсатмаларни олган, қолаверса, старт ҳаяжонидан бироз бўлсада фориғ бўлган футболчилар шашти янада ошди. Буни ҳар икки томон уюштирган ҳужумлардан сезиш қийин эмасди. Шундай уринишлардан бири 72-дақиқада меҳмонларнинг голи билан якунланди. Ғиждувонликлар ҳужуми пайти тўп дастлаб дарвоза устунига тегди, кейин эса уни “фарм” жамоамиз посбони Миржалол Маматханов қайтарди, аммо қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб келган Дилшод Хушбақов ҳисобни очди – 0:1.
Табиийки, “Навбаҳор-фарм” ўз мухлислари қаршисида дастлабки ўйинда мағлуб бўлишни истамасди. Шу боис, футболчиларимиз ҳужумлар шиддатини янада оширишди ва улардан бирини самарали якунлашди. Аниқроғи, 88-дақиқада Абдулазиз Нишонбоевнинг бурчакдан ошириб берган тўпини Ҳожиакбар Юнусов боши билан дарвозага жойлаб қўйди.
Кейинги дақиқаларда жамоалар яна ҳужумлар уюштирган бўлишсада, 1:1 ҳисоби учрашув охиригача ўзгармади ва томонлар баҳсни дуранг билан якунлашди.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.