Coca Cola Суперлига 5-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Пахтакор” (1:2) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида “Навбаҳор” бош мураббийи Виктор Жалилов иштирок этиб, ОАВ ходимларининг саволларига жавоб берди.
Қуйида унинг фикрлари билан танишасиз.
- Албатта, ўйин биз учун ҳам, рақиб учун ҳам кескин курашлар остида кечди. “Пахтакор”нинг таркиби анча шаклланганини барчамиз биламиз. Менимча, бугунги ўйин дурангга мос эди. Аммо мағлубиятга учрадик. Лекин бугун шогирдларим жуда яхши ўйин намойиш этишди. Гол уришганидан кейин ҳам ҳимояга ётиб олишмади. Қолган воқеаларга эса ўзинглар гувоҳ бўлдинглар.
Фарҳод Мираҳматов чап қанот ҳимоячиси ҳисобланади. Давронбек Ҳошимов эса ўнг тарафда ўйнайди. Ўнг қанот ҳимоячимиз Хушнуд Авилов жароҳат олди. Ҳужумчилар муаммоси эса фақат бизда эмас, балки бутун Ўзбекистон футболига тааллуқли. Бугунги кунда ўйин тақдирини ҳал қиладиган саноқли ҳужумчиларга эгамиз. Машғулотларда кимнинг қандай ҳолатда эканлигини кузатамиз, шунга қараб, таркиб танлаймиз.
Ҳозир легионер ёки маҳаллий футболчини ажратмоқчи эмасман.
У ёшми, бироз ёши ўтиб қолганми, мен учун майдонга тушиб, “Навбаҳор” либосида яхши ўйин кўрсатиши муҳим. Машғулотларда ўзини кўрсатганлар ўйинга қўйилади. Исоқжонов кичик жароҳат олгани сабабли, уни алмаштиришга мажбур бўлдим. Хуллас, футболчиларни ажратмоқчи эмасман.
Мағлубиятга учрадикми, демак, бизга маҳорат, совуққонлик, қайсидир паллада эса омад етишмади. Ютқаздикми, демак, нимадир камлик қилди. Камчиликларни муҳокама қиламиз.
Футболчи алмаштириш ўйиннинг боришига қараб, амалга оширилади. Шунга кўра, Никола Тасични майдонга туширдик. Игорь Голбаннинг олдинда кўпроқ фойдаси тегишини инобатга олиб, уни олдинга ўтказиб, Путинчанинни орқароққа ўтказдик.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.