“Навбаҳор” юртимиздаги энг ашаддий ва фидойи мухлисларга эга жамоа саналади. Наманганлик футбол ишқибозларини нафақат мамлакатимиз, балки МДҲ ва Осиё давлатларида ҳам жуда яхши билишади.
Бир сўз билан айтганда, “Навбаҳор”нинг зафарларида мухлисларнинг ҳам муносиб ҳиссалари бор.
Клуб раҳбарияти ҳам жамоамиз ишқибозларига яхши шарт – шароитларни яратиб бермоқда.
Аммо бешта бармоқ баробар бўлмаганидек, мухлислар орасида ҳам ўз ҳиссиётини жиловлай олмайдиган, ҳакамлар ва футболчиларни ҳақорат қилиб, майдонга турли буюмлар улоқтирадиганлари ҳам бор.
Ишқибозларнинг шундай хурмача қилиқлари эса ЎФА Тартиб-интизом қўмитаси томонидан “Навбаҳор” ПФКга жарима солишга сабаб бўлмоқда.
Жумладан, клубимизга Coca Cola Суперлига 1-туридан ўрин олган “Сўғдиёна”га қарўши кечган ўйиндаги ишқибозларнинг шундай хатти-ҳаракатлари учун 5.000.000 (беш миллион) сўм, Coca Cola Суперлига 3-туридаги “Насаф” билан бўлган баҳсдаги мухлисларнинг шундай ҳаракатлари учун эса 10.000.000 (ўн миллион) сўм жарима солинишига сабаб бўлди.
Бу эса “Навбаҳор” ПФК бюджетига зарар келтиради.
Ҳеч қайси ўз жамоасига садоқатли ва фидоий мухлис бундай бўлишини истамаслиги табиий ҳол, албатта.
Шундай экан, азиз ва қадрли “Навбаҳор” ишқибозлари, мухлислик маданиятига амал қилган ҳолда, бу борада бошқа жамоа ишқибозларига ўрнак бўлайлик!
“Навбаҳор”нинг ғалабаларига мададкор бўлишда давом этинг, азиз мухлислар!
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.