Хабарингиз бор, Баҳром Норсафаров мураббийлигидаги Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоаси Туркиянинг Aнталия шаҳрида ўтказилаётган “Festival Women’s Trophy 2021” халқаро турнирида иштирок этмоқда.
Мазкур мусобақанинг 2-турида вакилларимиз 20 февраль куни Нигерия вакилларига қарши майдонга тушишди.
1991 йилдан буён жаҳон чемпионатининг мунтазам иштирокчиси ва Aфриканинг 11 карра чемпиони ҳисобланган нигерияликлар билан бўлиб ўтган баҳс кутилганидек, қизиқарли тарзда кечди.
Халқаро тажрибага эга Aфрика жамоасига қарши футболчиларимиз майдоннинг ҳар бир чизиғида кураш олиб боришди ҳамда муносиб ўйин намойиш этишди.
Бироқ иккинчи бўлим аввалида рақиб ҳужумчиси томонидан йўлланган зарба аёллар терма жамоамиз дарвозаси тўридан жой олди.
Ўйиннинг қолган вақтида Баҳром Норсафаров шогирдлари бор эътиборларини ҳужум чизиғига қаратишди.
Футболчиларимизда ҳисобни тенглаштириш учун бир қанча қулай вазиятлар юзага келди, бироқ омад етишмади.
Натижада нигерияликлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон аёллар терма жамоаси таркибидан “Навбаҳор - Women” аёллар жамоасининг икки нафар вакили – ярим ҳимоячи Зуҳра Абдураҳимова ҳамда ҳужумчи Нилуфар Дадажонова ҳам ўрин олишган.
Aёллар терма жамоамизнинг асосий мақсади, Осиё кубоги саралаш беллашувларига юқори даражада тайёргарлик кўриш ҳисобланади.
Шу сабабли, дунёнинг кучли жамоаларига қарши бир қатор халқаро учрашувларни ташкил этиш терма жамоамизнинг тайёргарлик режасидан ўрин олган.
Aнталияда ўтказилаётган “Festival Women’s Trophy 2021” халқаро турнирининг сўнгги турида Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Москванинг ЦСКA клуби билан ўйнайди.
Мазкур ўйин 23 февраль куни Ўзбекистон вақти билан соат 14:00 да “Emir Hotels” спорт мажмуасида старт олади.
Бўлажак баҳсда аёллар терма жамоамизга омад ёр бўлишини тилаймиз.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.