Хабарингиз бор, бугун Тошкентдаги “Миллий” стадионда Coca Cola Суперлига – 2021 мавсумига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур қуръа ташлаш маросимида “Навбаҳор” ПФК номидан клуб вице-президенти Отабек Арифович Саматов ва жамоа бош мураббийи Нўъмон Нурматович Ҳасанов иштирок этишди.
Қуръа натижасига кўра, “лочинлар” бу йилги мавсумнинг илк тур баҳсини ўз майдонида Жиззахнинг ”Сўғдиёна” жамоасига қарши ўтказадиган бўлди.
Таъкидлаш жоизки, “Навбаҳор” чемпионатнинг дастлабки тур учрашувини ўз майдонида сўнгги марта 2017 йили ўтказган ҳамда ўшанда Наманганда Тошкентнинг “Обод” жамоаси меҳмон бўлган ва ўша ўйинда “лочинлар” Мирзоҳид Ғофуров ҳамда Ғиёсжон Комиловларнинг голлари эвазига 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишганди.
Ундан кейинги мавсумларнинг илк турларини “Навбаҳор” ўз майдонида ўтказмаган. 2018 йилги 1-тур ўйини “Металлург” билан Бекободда, 2019 йилги “Қўқон-1912”га қарши кечган дастлабки тур баҳси “Марказий” ўйингоҳ майдони қайта реконструкция қилинаётганлиги боис, Тошкентдаги ТТЙМИ стадионида, ўтган мавсумнинг илк ўйини эса “Пахтакор”га қарши пойтахтимизда бўлиб ўтганди.
Демак, 3 йиллик танаффусдан сўнг, жамоамиз яна илк турни Наманганда ўтказадиган бўлди.
Coca Cola Суперлига – 2021 мавсумида жамоамизга омад ёр бўлиши ва мавсум якунида совриндорлар қаторидан жой олиб, Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритишига тилакдошмиз.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.