Ҳоким кубоги - 2021”, “В” гуруҳи, 3-тур
“Истиқлол” – “Навбаҳор-2” - 1:0 (0:0)
Ҳакамлар: Алишер Тўхтасинов, Шоҳруҳбек Аъзамов, Оятилло Ҳакимов, Шоҳруҳ Шокиров.
Назоратчи: Расулжон Йўлдошев.
Гол: А.Ҳожимирзаев (50).
Амалга оширилмаган пенальти: А.Қурбонов (дарвозабон).
“Истиқлол”: Фаррух Турдалаев (Жасур Абдуллаев, 90+1), Дилёрбек Эрматов (Миржалол Неъматов, 53), Абдухолиқ Қурбонов, Аҳрор Ўктамов (Иқбол Бобохонов, 83), Шоҳруҳ Бойқўзиев, Павел Смоляченко, Сардор Сотволдиев, Мансур Саидов (Раҳматилло Ўктамов, 81), Элёр Мамасолиев (Достон Ўринбоев, 75), Анваржон Ҳожимирзаев (Асилбек Алижонов, 83) Хушнуд Бозоров (Мўйдин Мамазулумов, 64).
“Навбаҳор-2”: Улуғбек Эгамбердиев, Муроджон Адашбоев, Миржалол Абдумуталов (Муҳаммадбобур Мўйдинов,85), Азиз Зокиров (Зайниддин Тўхтасинов, 55), Жаҳонгир Турсунов (Жамшид Ғаффаров, 74), Равшан Олимжонов (Камрон Неъматжонов, 61), Ибодулла Набиев (Жамшид Ғаффаров, 46), Азизбек Хурсанбоев (Иброҳим Қодиралиев, 75), Асадбек Лутфуллаев, Асадбек Зокиржанов (Абдурасул Қаюмбаев, 63), Асилбек Орифжонов (Акрам Муҳаммаджонов, 70).
Огоҳлантиришлар: А.Қурбонов (54) - У.Эгамбердиев (34), А.Хурсанбоев (37), И.Қодиралиев (80).
Учрашув борасида тўхталадиган бўлсак, 1-бўлимда бироз устунлик фарғоналиклар тарафида бўлди. “Истиқлол” футболчилари ёшлар жамоамиз дарвозаси олдида бир қатор хавфли вазиятларни юзага келтиришди. Аммо айрим вазиятларда “Навбаҳор – U-21” дарвозабони Улуғбек Эгамбердиев ўз маҳоратини намойиш этган бўлса, баъзи ҳолатларда футболчиларнинг зарбаларига аниқлик етишмади.
Анвар Бердиев шогирдларининг 33-дақиқада уюштирган ҳужумларида эса Хушнуд Бозоровга нисбатан жарима майдончаси ичида қўполлик ишлатилди. Натижада учрашув бош ҳаками Алишер Тўхтасинов ёшлар жамоамиз дарвозасига 11 метрли жарима зарбаси белгилади. Пенальтини Абдухолиқ Қурбонов амалга оширди. Унинг зарбасидан сўнг, “Навбаҳор – U-21” ёшлар дарвозабони Улуғбек Эгамбердиев тўпни қайтариб, майдон ташқарисига чиқариб юборди.
Натижада жамоалар танаффусга 0:0 ҳисобида йўл олишди.
Иккинчи бўлимни ҳужумкор руҳда бошлаган фарғоналиклар 50-дақиқада ҳисобни очишга муваффақ бўлишди. “Истиқлол” ҳужумчиси Анвар Ҳожимирзаев жамоасининг навбатдаги ҳужумини муваффақиятли тарзда якунлади – 1:0.
Шундан сўнг, Усмон Асқаралиев шогирдлари ҳисобни тенглаштириш мақсадида, ҳужумкорликни кучайтиришди. Бироқ ёшлар жамоамиз аъзоларига дарвозани ишғол этиш учун бироз тажриба етишмади.
Учрашувнинг ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтида эса фарғоналиклар ҳаттоки, ҳисобдаги фарқни ошириш имкониятига ҳам эга бўлишди. Анвар Бердиев шогирдларининг навбатдаги ҳужумларидан бирида дарвозага кириб кетаётган тўпни захирадан майдонга туширилган Муҳаммадбобур Мўйдинов қайтарди.
Натижада мазкур ўйинда “Истиқлол” 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, очколари сонини 9 тага етказди ва гуруҳ ғолиби сифатида чорак финал йўлланмасини қўлга киритди.
Ушбу гуруҳнинг 3-тур доирасидаги иккинчи баҳсида эса Суперлиганинг янги аъзоси – Яйпаннинг “Турон” жамоаси Андижоннинг “УзТонг Хонг Ко” жамоасини 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, очколарини сонини 6 тага етказиб, 2-ўринни эгаллаб, чорак финалга йўл олди.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.