17 апрель куни аёллар футболи бўйича Суперлига 3- тур доирасидаги баҳсда Наманганнинг “Навбаҳор” Women клуби ўз майдонида Ғузорнинг “Шўртан” Women жамоасини қабул қилади. Мазкур учрашув соат 16:00да Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуаси стадионида бўлиб ўтади.
Аёллар ўртасидаги XXIV миллий чемпионатимиз баҳслари жорий мавсумда илк марта Наманганда ўтказилаётганлиги боис, “Навбаҳор” ПФК раҳбарияти томонидан 17 апрель куни “Баркамол авлод” спорт мажмуасида очилиш маросими ўтказилади. Мазкур тадбирда элимиз суйган, вилоятимизнинг таниқли эстрада хонандалари иштирокида шоу концерт дастури ҳам бўлиб ўтади. Мухлислар ушбу учрашувга ташриф буюриб, аёллар жамоамизни қўллаб-қувватлашади, деган умиддамиз.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.