Coca Cola Суперлига 24-туридан ўрин олган “Бунёдкор” – “Навбаҳор” клублари ўртасидаги учрашувдан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида “Бунёдкор” бош мураббийи Вадим Абрамов журналистларнинг саволларига жавоб берди.
- Бугун курашларга бой ўйин гувоҳига айландик. Назаримда, бугунги баҳс мухлисларга ҳам маъқул бўлди. “Навбаҳор” - жиддий рақиб! Биз анчадан бери ғалаба қозонмаган эдик. Шу боис футболчиларда ютуққа бўлган иштиёқ кучли эди. Ўйинни жуда яхши бошладик. Дастлабки 15 дақиқада устунлик қилдик. Кейин индивидуал хатолар бўлди. Иккинчи бўлим учун йигитларга раҳмат! Майдонга тушишди, хотиржам ҳаракат қилишди ва гол уришди. Рақиб дарвозасини ишғол қилиш учун бошқа имкониятларимиз ҳам бўлди. Фикримча, бугун биз ғалабага яқинроқ эдик.
“Пахтакор”ни мағлубиятга учратишга ҳаракат қиламиз. Чунки ҳозир бизга ғалаба ҳар доимгидан-да, кўпроқ керак. “Пахтакор” барча совринларни қўлга киритиб бўлди. Ўйлашимча, қизиқарли ўйин бўлади. Йигитлар бўлажак баҳсга муносиб равишда тайёргарлик кўришади ва чемпионни мағлуб этиш учун бор имкониятларини ишга солишади.
Мухлисларни стадионга қайтариш учун нима қилиш керак? Фикримча, учрашувларнинг рекламасини кўпайтириш, кўчалардаги афишалар сонини оширишимиз лозим. Менимча, шу жиҳат ишқибозларни стадионга қайтишига камлик қиляпти. Боиси, жамоалар чиройли, мухлисларга ёқадиган ўйин намойиш қилмоқда. Лекин учрашувлар қачон ўтказилаётганини айрим ҳолатларда биз ҳам била олмай қоляпмиз.
Ҳар уч кунда майдонга тушаётганимизни табиий ва тўғри деб қабул қиламан. Жаҳон футболи буни тўғри эканлигини кўрсатиб бермоқда. Аксинча, биз чемпионатда кам майдонга тушяпмиз. Машғулотлар майли, футболчилар учрашувларда майдонга тушиш орқали ўсади.
Аслида баҳор фаслида ўйинлар кўпроқ ўтказилиши керак. Лекин негадир баҳорда кам баҳслар бўлиб ўтади.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.