Матбуот анжумани

Рейтинг:  0 / 5

Звезда не активнаЗвезда не активнаЗвезда не активнаЗвезда не активнаЗвезда не активна
 

Ўйиндан сўнг матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Матбуот анжуманининг биринчи қисмида "Локомотив" бош мураббийи Андрей Микляев ва жамоа ярим ҳимоячиси Садриддин Абдуллаев иштирок этишди.

Андрей Микляев  ("Локомотив" бош мураббийи): - Бугун шогирдларим аслида яхши ўйин намойиш этишди. Кўплаб хавфли вазиятлар яратишди. Аммо "Навбаҳор" дарвозабони анча ишончли ўйин намойиш этиб, кўплаб ҳолатларда жамоасини қутқарди. Жамоамизда кетма-кет мағлубиятлардан сўнг тушкунлик ҳолати ҳам бор. Бу ҳам ўйинга ўз таъсирини кўрсатди. Наманганликлар эса яратилган вазиятлардан самарали фойдаланишди.

Садриддин Абдуллаев ("Локомотив" ярим ҳимоячиси): - Бугунги учрашувда мезбонлар қарши ҳужумда ҳаракат қилиб, стандарт вазиятлардан фойдаланишга ҳаракат қилишди ва ўз ниятларига етишди. Жамоамизда руҳшунос йўқ. Мураббийларнинг ўзлари яхши психолог ҳисобланишади. Осиё Чемпионлар Лигасидаги мағлубиятлардан сўнг, жамоамизда тушкунлик ҳолати рўй бермоқда. Бундан ҳозирча чиқиб кета олмаяпмиз.

Матбуот анжуманининг иккинчи қисмида "Навбаҳор" бош мураббийи Илҳом Мўминжонов ва жамоа ярим ҳимоячиси Азизбек Турғунбоев иштирок этишди.

Илҳом Мўминжонов ("Навбаҳор" бош мураббийи): - Бугунги ғалаба учун шогирдларимга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Йигитлар бугун майдонда бор кучларини бериб ўйнашди. Бугунги ўйинга астойдил тайёргарлик кўргандик, бу эса якунда ўз самарасини берди. Азизбек Турғунбоев ўз устида астойдил ишлайди.

Машғулотларда ҳам жарима ва бурчак зарбалари тепишни кўп машқ қилади. Бу эса ўз самарасини бермоқда. Бугунги ғалабамизда мухлисларнинг ҳам муносиб ҳиссалари бор. Улар стадионни тўлдириб, жамоамизни қўллаб-қувватлашди. Бу эса йигитларга руҳий далда берди.

Азизбек Турғунбоев ("Навбаҳор" ярим ҳимоячиси): - Аввало, бугунги ютуғимизга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшган мухлисларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Улар 12-ўйинчи ролини ажойиб тарзда бажаришди. Бу эса бизга руҳий мадад бўлди. Стандарт вазиятларни бажариш устида кўп ишлашимда бош мураббийимиз Илҳом ака Мўминжоновнинг муносиб ҳиссалари бор. Улар ҳали ёшсан, ўз устингда кўп ишлашинг керак дейдилар.

"Навбаҳор ФК" матбуот хизмати.