U-21 Биринчилиги, 14-тур
“Навбаҳор” – “Қизилқум” – 6:2 (1:1)
Наманган. “Ёш куч” стадиони. 287 томошабин.
Ҳакамлар: Олим Тўйчибаев, Расулжон Фозилов, Максим Нехочин, Ғайрат Жўраев.
Назоратчи: Бахтиёр Тоғаев.
Комиссар: Рамил Илясов.
Голлар: Қ.Икрамов (3), И.Соловьёв (52,53), Б.Собиров (80), Ш.Аҳмадалиев (83,88) – Б.Ҳасанов (26,87).
“Навбаҳор”:Исломжон Абдуллахонов, Иван Соловьёв (Шоҳруҳмирзо Аҳмадалиев,56), Жавоҳир Ҳусанов (Ҳусайн Эргашбоев,46), Қодиржон Икрамов (Исмоил Абдураимов,72), Ҳожиакбар Юнусов, Аюбхон Жўраев, Шерзод Ғуломжонов (Бобиршоҳ Собиров, 53), Миржалол Абдумуталов (Асадбек Лутфуллаев, 64), Раҳимжон Шарипов (Омадбек Тоштемиров, 68), Шаҳзодбек Ҳамидов (Содиқжон Ортиқов,74), Улуғбек Акназаров.
“Қизилқум”: Нодир Ҳамидов, Бобомурод Имомов, Аҳлиддин Файзиев, Шоҳруҳ Атақулов (Жалолиддин Давлатёров, 77), Феруз Норов, Муҳаммад Одилов, Муҳсинжон Убайдуллаев, Нодирхон Камолов, Бурхон Ҳасанов, Шаҳзод Раимов, Суҳробжон Ярашов (Муҳриддин Раҳматов, 58).
Огоҳлантиришлар: Ҳ.Юнусов (28), И.Абдуллахонов (77) – Ш.Атақулов (21).
U-21 Биринчилигининг 2-давра баҳслари 25 июлдан старт олди. Мазкур Биринчиликнинг 14-тури доирасида “Навбаҳор” ёшлари “Қизилқум” ёшлар жамоасини қабул қилишди.
Ушбу ўйинда мезбонлар таркибида тажрибали россиялик футболчи Иван Соловьёв ҳам ҳаракат қилди. Унинг ҳисобидаги сариқ карточкалар сони тўрттага етганлиги боис, Соловьёв “лочинлар” таркибида майдонга туша олмасди. Ўйин амалиётини йўқотмаслик мақсадида россиялик легионер ёшлар жамоамиз таркибида майдонга тушди.
Бевосита учрашув борасида тўхталадиган бўлсак, майдон эгаларининг дастлабки ҳужумлари гол билан якунланди. Ўша вазиятда Қодиржон Икрамов Нодир Ҳамидов қўриқлаётган дарвозани аниқ нишонга олишга муваффақ бўлди ва ҳисобни очди – 1:0.
Шундан сўнг, Анвар Ҳафизов шогирдлари ҳисобдаги фарқни янада ошириш учун ҳаракат қилишган бўлса, навоийликлар мувозанатни тиклашга интилишди ҳамда ҳар икки жамоа дарвозаси олдида бир қатор хавфли вазиятлар юзага келди.
Меҳмонларнинг ҳужуми эса 26-дақиқада ўз самарасини берди. Нодирхон Камолов томонидан оширилган тўпни Бурхон Ҳасанов дарвозага аниқ йўллади – 1:1.
Натижада жамоалар танаффусга 1:1 ҳисобидаги дуранг билан чиқиб кетишди.
Учрашувнинг 2-бўлими кескин курашлар остида кечиб, голларга бой бўлди. Аввал тажрибали Иван Соловьёв бир дақиқа ичида 2та гол урган ҳолда, “дубл”га эришиб, жамоасини 3:1 ҳисобида олдинга олиб чиққан бўлса, кейин захирадан майдонга туширилган ёш “лочинлар” ўз маҳоратларини намойиш этиб, тўп киритишга муваффақ бўлишди. Жумладан, Бобиршоҳ Собиров ҳисобни 4:1 га етказган бўлса, Шоҳруҳмирзо Аҳмадалиев ҳам ўз “дубл”ини нишонлашга муваффақ бўлди.
87-дақиқада Бурхон Ҳасанов Исломжон Абдуллахонов қўриқлаётган дарвозани яна бир марта аниқ нишонга олиб, у ҳам “дубл”ни расмийлаштирди.
Шу тариқа якуний ҳисоб 6:2 кўринишини олди ҳамда Анвар Ҳафизов шогирдлари 2-даврани йирик ҳисобдаги ғалаба билан бошлашди.
Ёшлар жамоамизнинг зафарли одимини Деян Журжевич шогирдлари давом эттиришларига тилакдошмиз.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.