Coca Cola Суперлиганинг 2-давра баҳсларига пойтахтимиз Тошкентда тайёргарлик олиб бораётган “лочинлар” мазкур ўқув-машғулот йиғини доирасидаги иккинчи назорат-синов баҳсини U-21 биринчилигида давралар оралиғидаги танаффусга турнир жадвали пешқадами сифатида етиб келган “Локомотив” ёшлар жамоасига қарши ўтказишди. Таъкидлаганимиздек, мазкур ўйинда майдонда асосан “Навбаҳор” кўригида иштирок этаётган футболчилар ҳаракатланишди.
Жумладан, ушбу учрашувда жамоамиз устози Деян Журжевич майдонга қуйидаги ўйинчиларни туширди: Дилшод Ҳамроев, Абдулазиз Нишонбоев, Жавоҳир Олимжонов, Юнус Абдувоҳидов, Ҳожиакбар Юнусов, Нодир Мавлонов, Амирхон Ибрагимов, Илҳом Алибоев, Зафар Тўраев, Азиз Жуманов, Абдумалик Абдуллаев.
Захирадан майдонга тушганлар: Мирзоҳид Маматханов, Ғиёсжон Комилов, Илҳом Алижонов, Иброҳим Салоҳиддинов, Комил Тожиддинов, Даврон Умиров, Аббос Ғуломов, Сардор Азимов, Акром Баҳриддинов, Шерзод Ҳакимов.
Ўйинда ҳисобни “лочинлар” очишди. 20-дақиқада Зафар Тўраев ёш “темирйўлчилар” дарвозасини аниқ нишонга олиб, жамоамизни ҳисобда олдинга олиб чиқди – 1:0.
Аммо 1-бўлим якунланишига саноқли дақиқалар қолганида тошкентликлар мувозанатни тиклашди. Жавоҳир Абдуалимов дарвозабон Дилшод Ҳамроевни доғда қолдириб, “Локомотив-U-21”ни танаффусга 1:1 ҳисобидаги дуранг натижа билан чиқиб кетишини таъминлади.
Иккинчи бўлимда “Навбаҳор” деярли бутунлай янгиланган таркиб билан майдонга тушди. Биринчи бўлимдан таркибдан фақатгина ҳимоячи Ҳожиакбар Юнусов майдонда қолди, холос.
Таъкидлаш жоизки, U-21 биринчилиги пешқадами бўлган ёш “темирйўлчилар” жамоамизга муносиб қаршилик кўрсатишга интилишди. Аммо якунда барибир тажриба ўз сўзини айтди.
Учрашувнинг 78-дақиқасида тажрибали ҳимоячи Ғиёсжон Комилов жамоасининг навбатдаги ҳужумини самарали тарзда якунлаб, тошкентликлар дарвозасини аниқ нишонга олиб, якуний ҳисобнинг 2:1 кўриниш олишини таъминлади.
Шу тариқа иккинчи ўртоқлик баҳсида ҳам “лочинлар” зафар қучишди.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.