Coca Cola Суперлига, 13-тур
“Қизилқум” – “Навбаҳор” – 1:2 (1:0)
Навоий. “Ёшлар” спорт мажмуаси. 4358 томошабин.
Ҳакамлар: Жасур Мухторов, Алишер Усмонов, Санжар Шоюсупов, Шуҳрат Ражабов.
Назоратчи: Олег Дачев.
Комиссар: Эркин Бахтиёров.
Голлар: А.Смит Медина (27) – А.Касьян (71, 79).
“Қизилқум”: 1.Евгений Черемисин, 4. Эркин Бойдуллаев, 10. Алишер Саноев, 14.Файзулла Қамбаров, 17.Салим Мустафоев (25.Азизбек Усмонов, 70), 18. Элдор Бойматов (36.Хуршиджон Олимов, 97.Суҳробжон Ярашев, 74), 21.Муҳсинжон Убайдуллаев, 23. Шерали Жўраев, 30.Элгужа Григалашвили, 44. Мақсуд Каримов, 99. Ариагнер Смит Медина.
“Навбаҳор”: 1. Ўткир Юсупов, 5.Славко Лукич, 6.Остон Ўрунов (90.Зафар Тўраев, 85), 7.Азимжон Аҳмедов, 9.Иван Соловьёв, 11.Александр Касьян (14.Баҳодир Насимов, 90+3), 15.Обид Жўрабоев, 19.Мирзоҳид Ғофуров, 22.Игорь Голбан, 32.Жаҳонгир Меҳмонов, 70.Аббосжон Ғуломов (8.Шаҳзод Шайманов, 59).
Хабарингиз бор, шу ҳафта бошида жамоамизга сербиялик мутахассис Деян Журжевич бош мураббий этиб тайинланганди. 28 июнь куни у “Навбаҳор”даги дебют учрашувини ўтказди.
Таъкидлаш жоизки, сербиялик мутахассиснинг қўл остидаги илк ўйинда “лочинлар” иродали ютуққа эришишди.
Учрашув борасида тўхталадиган бўлсак, гарчи биринчи бўлим давомида устунлик кўпроқ жамоамизда бўлса-да, Славко Лукичнинг 2та, шунингдек, Александр Касьяннинг зарбаларидан сўнг, тўпни мезбонлар дарвозабони Евгений Черемисин қайтарган бўлса, бир вазиятда Остон Ўрунов имкониятдан фойдалана олмади.
Мезбонлар эса 27-дақиқада юзага келган стандарт вазиятдан самарали тарзда фойдаланиб, ҳисобни очишга муваффақ бўлишди.
Эркин Байдуллаевнинг бурчакдан оширган тўпини “Қизилқум”нинг никарагуалик ҳужумчиси Ариагнер Смит Медина бош билан дарвозага аниқ йўллаб, ҳисобни очди.
Натижада Ҳамиджон Актамов шогирдлари танаффусга 1:0 ҳисобидаги ғалаба билан чиқиб кетишди.
Иккинчи бўлим анча шиддатли кечди. Деян Журжевич шогирдлари вазиятни ўнглашга интилиб, ҳужумкорликни кучайтиришди. Ниҳоят, кетма-кет ҳужумлар 71-дақиқада ўз самарасини берди. Ўша вазиятда Остон Ўруновнинг ошириб берган тўпини Александр Касьян дарвозага аниқ йўллаб, ҳисобни тенглаширди – 1:1.
Орадан 8 дақиқа ўтар-ўтмас, россиялик ҳужумчи ўз “дубл”ини нишонлаб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди – 1:2. Касьяннинг иккинчи голига Славко Лукич ассистентлик қилди. Ушбу голдан сўнг, россиялик форварднинг голлари сони 9 тага етди.
89-дақиқада Азимжон Аҳмедовнинг зарбасидан кейин мезбонлар дарвозабони тўпни қийинчилик билан майдон ташқарисига чиқариб юборди.
Шу тариқа, сербиялик мутахассис Деян Журжевичнинг “Навбаҳор”даги дебют баҳси омадли кечиб, “лочинлар” иродали ғалабани қайд этишди ва давралар оралиғидаги танаффусга 21 очко билан чиқиб кетишди.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.