Coca Cola Суперлига 10-тури доирасидаги “Навбаҳор” – “Андижон” (1:1) жамоалари ўртасидаги учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида “Навбаҳор” бош мураббийи Андрей Канчельскис иштирок этиб, журналистларнинг саволларига жавоб берди.
- Афсуски, бугунги баҳсда яна икки очко йўқотдик. Дуранг натижа қайд этилишига рақиб футболчиларининг арзимас вазиятларда ҳам майдонга ётиб олишлари ҳам сабаб бўлди. Бошига тўп теккан ўйинчи ҳам 5 дақиқача майдонда ётди. Бу эса футболчи учун анча уятли ҳолат. Англияда шундай хатти-ҳаракатларни амалга оширган футболчиларни футболдан четлатишади. Ахир, майдонда раққосалар эмас, футболчилар ҳаракат қилишади!
Айтинглар-чи, бирорта футболчининг қўли ёки оёғи синдими ёки “Тез ёрдам” ходимлари бирорта ўйинчини касалхонага олиб кетишдими? Майдонга ётиб олиш футболчилар учун ярашмайдиган ва уятли ҳолатдир.
Дерби ўз номи билан дерби ҳамда бугунги учрашув ҳам бундан мустасно бўлмади. Ўйин шиддатли, яккакурашларга бой ҳамда кескин курашлар остида кечди. Аммо дуранг натижа ҳар икки жамоани ҳам қониқтирмаганлиги аниқ.
Футболчилик фаолиятимда кўплаб дербиларда майдонга тушганман ва бундай учрашувларнинг қандай аҳамиятга эга эканлигини жуда яхши биламан. Бундай ўйинларга футболчиларни руҳлантириш шарт эмас. Улар баҳснинг қандай муҳим аҳамиятга эга эканлигини жуда яхши билишади. Шу боис, майдонда барча имкониятларини ишга солишга ҳаракат қилишади. Бугунги ўйин ҳам курашлар, тўқнашувларга бой тарзда кечди.
Бугунги баҳсда ғалаба қозониш учун жамоага нима етишмади? Ўз дарвозамиздан биринчи бўлиб тўп ўтказиб юбормасак, зафар қучяпмиз. Бунинг акси бўлса, дуранг натижа қайд этяпмиз. Ўз дарвозамиздан кўп тўп ўтказиб юбораётганимиз ҳам факт. Ғалаба қозониш учун эса ўз дарвозамиздан кам тўп ўтказиб юборишимиз ҳамда гол уришимиз лозим.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.