Coca Cola Суперлига 8-тури доирасидаги “Пахтакор” – “Навбаҳор” (2:2) жамоалари ўртасидаги учрашувдан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида “Пахтакор” бош мураббийи Шота Арвеладзе иштирок этиб, журналистларнинг саволларига жавоб берди.
- Учрашув анча қизиқарли тарзда кечди. Ўйиндаги иштиёқ, кескинлик ва шиддат юқори бўлди. Бугун Суперлига етакчилари ўйнашди Шу боис, ўйин хавфли вазиятлар, сариқ карточкалар ва голларга бой тарзда ўтди. Ушбу ҳафта “Пахтакор” учун ҳам худди “Барселона” ва “Аякс” клублари сингари аламли бўлди. Албатта, бу ачинарли. Алам қилгани шуки, рақибда деярли юз фоизлик вазият юзага келмади. Ҳисоб 2:0га айлангач, жамоа бўшашди. Шунингдек, бугун “Навбаҳор”ни қўллаш учун келган наманганлик мухлисларни ҳам алоҳида эътироф этиш лозим. Улар ўйин охиригача ўз суюклиларини тинимсиз олқишлаб, қўллаб-қувватлаб туришди. Мавсум давом этади. Осон ўйинларнинг ўзи йўқ. Барча баҳслар қийин кечмоқда. “Пахтакор” ҳам ўз йўналишида ҳаракатланишни давом эттиради.
Жорий мавсумда илк бор ғалабани қўлдан чиқарганимизнинг асосий сабаби, рақибнинг бизга муносиб қаршилик кўрсатгани. Шунингдек, биз жуда эрта бўшашиб, ўйин тизгинини қўлдан чиқардик. Йигитлар ютуқни сақлаб қолиш учун ўйнашди. Меҳмонлар эса биринчи голни уриб олишгач, тезда ўйинга киришиб кетишди. Жамоамизга қийин кун тартиби ҳам ўз таъсирини ўтказаётган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Боиси, ҳар 4-5 кунда ўйин ўтказяпмиз. Бу ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Шундай бўлса-да, жамоамиз юқори даражали ўйин намойиш этмоқда. Бу эса осон эмас. Таъкидлаганимдек, чемпионат давом этади. Биз эса йўл қўйилган хатолардан тегишли хулосалар чиқаришимиз керак.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.