Coca Cola Суперлига 8-тури доирасидаги “Пахтакор” – “Навбаҳор” (2:2) жамоалари ўртасидаги учрашувдан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида “Навбаҳор” бош мураббийи Андрей Канчельскис иштирок этиб, ОАВ ходимларининг саволларига жавоб берди.
- Жамоамизнинг намойиш этган ўйини ва йигитларнинг учрашувга бўлган муносабатларидан кўнглим тўлди. “Пахтакор” сингари кучли клубга қарши кечган баҳсда иккита тўп фарқини йўққа чиқаришнинг қадри баланд, албатта. Шогирдларимга қойил, улар учрашувнинг иккинчи бўлимида кичик мўъжиза содир этишга муваффақ бўлишди. Биринчи бўлимда футболчилар ҳаяжонланишди, асабийлашишди. Боиси, “Пахтакор” айни пайтда турнир жадвали пешқадами ва барча жамоаларни мағлубиятга учратмоқда. Ушбу омил ҳам жамоага руҳий таъсир ўтказди. Шунингдек, айрим шогирдларим ўзгача иштиёқда майдонга тушишга интилишнди. Нима бўлган тақдирдаям, танаффусдан кейин йигитлар уюшқоқлик билан ҳаракат қилишди ва яхши ўйин кўрсатиб, характер намойиш этишди. Икки тўп фарқидаги мағлубиятни дурангга айлантирганимиздан хурсандман ва бунинг учун йигитларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Ўйин учун кўрсатмани танаффусда эмас, балки ўйиндан аввал бергандим. Футбол 45 дақиқа эмас, балки 90 дақиқа ўйналади. Шунинг учун 90 дақиқалик учрашув учун кўрсатма берилади. Тўғри, биринчи бўлимни кўнгилдагидек ўтказолмадик. Аммо иккинчи бўлимда вазиятни ўнглашга муваффақ бўлдик. Мен оддий кўрсатма бергандим: яхши ўйин намойиш этиб, ғалаба қозониш ёки очко жамғариш. Менимча, барча мураббийлар ўз шогирдларига шундай кўрсатма беришса керак. Айниқса, меҳмонда, “Пахтакор”дек жамоага қарши кечадиган ўйинда барча футболчилар ушбу кўрсатмага амал қилишади, деб ўйлайман.
Тўғри, жорий мавсумни кўнгилдагидек бошлай олмадик. Бунга эса “Навбаҳор”нинг уй учрашувларини ўтказадиган стадион майдони ҳали ўйинларни қабул қилишга тайёр бўлмаганлиги сабабли, ўз майдонимизда кечиши лозим бўлган баҳсларни гоҳ Тошкентда, гоҳ Фарғонада ўтказганимиз ҳам сабаб бўлди. Йигитларга ўз уйларида кам вақт бўлишгани ўз таъсирини ўтказди. Бизга ўз майдонимиз, стадионимиз етишмаётганди. Ўз майдонимизда ўйнашни бошлаганимиздан сўнг, жамоамиздаги муҳит ва ўйин барқарорлашди. Бу эса натижаларнинг яхшиланишига олиб келди. Энди ҳар куни машғулотлар олиб бориб, бўлажак учрашувларга жиддий тайёргарлик олиб боряпмиз. Ҳар бир ўйинда майдонга ғалаба иштиёқида тушяпмиз. Шогирдларим чиройли футбол намойиш этиб, мухлисларга қувонч улашишга ҳаракат қилишмоқда. Менимча, бугунги учрашув барча мухлисларда яхши таассурот қолдирди.
Славко Лукични нега алмаштирганимизга келсак, у ўйинга киришиб кета олмади. Футболда барча футболчиларда бу каби ҳолатлар рўй бериб туради. Шунингдек, Славко камига огоҳлантириш ҳам олди. Шунингдек, биринчи гол ҳам айнан Лукич ўйнаган қанотдан юзага келди. Шунинг учун уни алмаштиришга қарор қилдим. Нима бўлган тақдирдаям, Славко жамоамизнинг асосий таркиб футболчиси ва у кейинги учрашувларда иштирок этади.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.