Coca Cola Суперлига 7–тури доирасидаги “Навбаҳор” – “Сўғдиёна” жамоалари ўртасидаги баҳсдан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида “Сўғдиёна ” бош мураббийи Улуғбек Бақоев қатнашиб, ОАВ ходимларининг саволларига жавоб берди.
- “Навбаҳор”ни бугунги ғалаба билан табриклайман. Менимча, биринчи бўлимнинг ўзидаёқ ўйин тақдири ҳал бўлганди. Боиси, дастлабки дақиқалардаёқ тезкор тўп ўтказиб юбордик, кейин мезбонлар иккинчи голни уришди, сўнгра учинчисини. Қисқаси, рақиб тезроқ ва яхшироқ ўйнади.
Футболда шундай ҳолатлар учраб туради ва қайси жамоа гол урса, ўша ғалаба қозонади. Танаффусда футболчиларга 0:3 ҳали мағлубият эмаслигини, аввало, ўзларини ҳурмат қилиб ўйнашларини айтдим. Иккинчи бўлимда шогирдларим биринчи бўлимга қараганда яхшироқ ўйнашди, лекин вазиятдан чиқиб кетиш қийин эди.
Мағлубият учун ҳеч кимни айбламоқчи эмасман. Жамоа ютқаздими, демак, ҳамма хато қилган. Буни кўриб чиқиб, таҳлил қиламиз.
Албатта, биринчи тезкор гол жамоамизнинг ўйинига салбий таъсир ўтказди. Лукич дарвозани ажойиб тарзда ишғол этди. Кейинги икки гол эса бош билан урилди.
Намангандан, “Навбаҳор”дан ва мухлислардан менда яхши хотиралар қолган. Шунинг учун доимо жамоа ҳамда мухлисларга илиқ муносабатдаман. “Навбаҳор”га кейинги ўйинларда омад ёр бўлишини тилайман.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.