Наманганнинг “Навбаҳор” U-21 ёшлар жамоаси Андижон вилоятида 24 февралдан старт олган “Ҳоким кубоги - 2019” мусобақасида қатнашмоқда. Мазкур турнирнинг ярим финалига йўл олган Раҳим Ғофуров шогирдлари бугун мазкур босқич доирасидаги ўйинни Андижоннинг “УзДонгЯнг” жамоасига қарши ўтказишди. Таъкидлаш жоизки, ёшларимиз мазкур жамоа билан гуруҳ босқичи доирасидаги баҳсда ҳам учрашиб, унда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишганди. Ярим финал доирасидаги бу сафарги ўйин эса анча кескин ва муросасиз тарзда кечди. Натижада учрашувнинг асосий вақти 2:2 ҳисобидаги дуранг билан якунланди. Айтиш лозимки, танаффусга ёшлар жамоамиз 1:0 ҳисобидаги ютуқ билан чиқиб кетишганди. Аммо 2-бўлимда дарвозаларга яна 3 та тўп киритилиб, якуний ҳисоб – 2:2 кўринишини олди.
Шундан сўнг, пенальтилар сериясига мурожаат қилинди. Унда Раҳим Ғофуров шогирдлари аниқроқ ҳаракат қилиб, 4:1 ҳисобида зафар қучишди ва финалга йўлланма олишди.
“УзДонгЯнг” жамоасига қарши кечган ярим финал баҳсида ёшлар жамоамиз таркибида қуйидаги футболчилар ҳаракат қилишди: Миржалол Маматханов, Раҳим Шарипов, Шаҳзод Ҳамидов, Миржалол Абдумуталов, Асад Лутфуллаев, Қодир Икромов, Аюбхон Жўраев, Маҳмуд Нажмиддинов, Комил Тожиддинов, Шерзод Ғуломжонов, Абдурасул Қаюмбаев.
Захирадан майдонга тушганлар: Ҳусайн Эргашбоев, Бобуршоҳ Собиров.
Раҳим Ғофуров шогирдлари ҳал қилувчи финал баҳсида Андижоннинг “Раш-Милк” жамоасига қарши майдонга тушишади.
Бўлажак ўйинда ёшлар жамоамизга омад ёр бўлишини тилаймиз.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.