Наманганнинг “Навбаҳор” U-21 ёшлар жамоаси Андижон вилоятида 24 февралдан старт олган “Ҳоким кубоги - 2019” мусобақасида қатнашмоқда. Мазкур турнирнинг “А” гуруҳидан жой олган ёшларимиз гуруҳ доирасидаги сўнгги баҳсни бугун Андижоннинг “УзДонгЯнг” жамоасига қарши ўтказиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Раҳим Ғофуров шогирдларидан голларга Абдурасул Қаюмбаев ва Шерзод Ғуломжонов (пенальтидан) муаллифлик қилишди.
Ўз навбатида ёшларимиз учрашувнинг ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтида 11 метрли жарима зарбасини амалга ошириш ҳуқуқини қўлга киритишгани, пенальтини захирадан майдонга туширилган Шерзод Ғуломжонов аниқ амалга ошириб, жамоасига ғалаба келтирган голни урганлигини ҳам таъкидлаш жоиз.
“УзДонгЯнг”га қарши кечган баҳсда ёшлар жамоамиз таркибида қуйидаги футболчилар ҳаракат қилишди: Миржалол Маматхонов, Раҳим Шарипов, Шаҳзод Ҳамидов, Содиқ Ортиқов, Миржалол Абдумуталов, Аюбхон Жўраев, Қодир Икромов, Комил Тожиддинов, Улуғбек Акназаров, Абдурасул Қаюмбаев, Бобиршоҳ Собиров.
Захирадан майдонга тушганлар: Шерзод Ғуломжонов, Ҳусайн Эргашев, Абдулазиз Жалилов.
Ушбу ютуқдан сўнг ёшлар жамоамиз чорак финал йўлланмасини қўлга киритди. Мазкур босқичда Раҳим Ғофуров шогирдларига қайси жамоанинг рақиб бўлиши эртага маълум бўлади.
Бўлажак баҳсда ёшлар жамоамизга омад ёр бўлишини тилаймиз.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.